Ўзбекистон | 18:50 / 18.09.2022
18711
14 дақиқада ўқилади

«Квоталар оширилаётганида ётоқхона масаласи инобатга олиниши керак» – талабаларнинг долзарб муаммоси ҳақида

Талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи ҳалигача долзарб бўлиб турибди. Kun.uz журналист Зиёда Рамазонова ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Мингишев билан ҳар йили кузатиладиган муаммо ечимлари, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар, турар жойга муҳтож талабаларни ётоқхона билан таъминлаш ишлари бориши ҳақида суҳбатлашди.

Олий таълим муассасаларидаги жорий ўқув йили ҳам талабаларни турар жой билан таъминлаш муаммоси билан бошланди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Мингишев Kun.uz мухбири билан телефон орқали мулоқотда талабаларни турар жой билан таъминлаш муаммоси кенг кўламли эмаслиги, интернет ва оммавий ахборот воситаларида тарқалган ҳолатлар айрим олий таълим муассасаларидагина кузатилганини айтди.

Лазиз Мингишев

“Асосий кузатилгани Талабалар шаҳарчасида бўлди. Тошкент давлат иқтисодиёт университетига оид видеони эрталаб келиб кимдир тасвирга олиб тарқатиб юборган. Биз у ерга борганимизда университет масъуллари талабаларни ётоқхонага жойлаштириш билан шуғулланувчи комиссия фаолиятини чиройли ташкил этиб қўйган экан. Биринчи навбатда муҳтожларни жойлашди.

Асосан бир-иккита ОТМда бўлди муаммоли вазият. Бошқаларда бундай ҳолат кузатилгани йўқ. Бир ҳафтадан бери вилоятларни ўрганиб келдик. Вилоятларда умуман кузатилмади. Битта Талабалар шаҳарчасида содир бўлган вазиятга асосланиб, нимага вазирлик бу муаммонинг чорасини кўрмади деб хулоса чиқариш тўғри эмас, назаримда. Талабалар шаҳарчасидаям [шов-шувли ҳолат] бир кун давом этди холос. Ҳамма ёппасига келганда бундай воқеа кузатилиши табиий жараён. Уч кунлаб ўша ерда юрдик, кимдир борар жойи бўлмай кўчада қолиб кетмаганмикин деб. Лекин бундай вазиятдаги талабалар ва уларнинг яқинларини учратмадик”, дейди Лазиз Мингишев.

Мавзуни атрофлича ўрганган Gazeta.uz нашри мухбири Зиёда Рамазонова муаммо нафақат Талабалар шаҳарчасига, балки пойтахтдаги барча олий таълим муассасаларига тегишли эканини айтмоқда.

“Кўрган-кечирганларимни айтадиган бўлсам, умумий ҳолатга яхши баҳо бермасдим. Боришим керак бўлган манзиллар кўпроқ эди. Талабалар шаҳарчасига борганимизда соат эрталабки етти ҳам бўлмаганди. Йўлда одам жудаям кўп, юк кўтарганлар карвони жуда катта эди. Улар билан гаплашиб ўзимга ҳам бироз стрессли ҳолат бўлди.

Келганларнинг ҳаммаси турар жойга жойлашишга умид қилиб турибди. Лекин ётоқхона ҳаммага берилмаслигини билишмайди. 30-40 киши билан гаплашган бўлсак, улар орасида ҳали ётоқхона берилмаслиги ҳам мумкинми дейдиганлар кўпчиликни ташкил қиларди.

Вазият қайси томонга ўзгарганини билиш мақсадида у ерга тушдан кейин борганимда яна эрталаб кўриб, гаплашиб кетган чеҳраларни учратдим. Кечки соат еттидан ўтиб саккизларда Талабалар шаҳарчасидан кетган бўлсак, чим устида аёллар, катта ёшли эркаклар, қариялар ўтирганди.

Ўйлайманки, бу ҳолат фақатгина Талабалар шаҳарчасида, яъни ЎзМУ ҳамда ТДТУда эмас, бутун Тошкент бўйлаб кузатилган. Мақолани тез тайёрлаш керак бўлгани учун биз фақатгина битта жойга бориб, тушгача ва тушдан кейинги жараённи кузата олдик.

Ўзим ҳам вилоятдан келиб ўқийман. Ўша куни фарзанди, неварасининг ортидан келиб сарсон бўлган инсонларнинг ўрнига ўзимнинг ота-онам, бобо-бувимни қўйиб кўрдим. Ўзим ҳам биринчи курслигимда ўқув йилининг биринчи куни яхши хотира билан қолмаган. Тошкентга келганимизда турадиган жойимиз аниқ эмасди. Бошқа талабалар ҳам биринчи кунини ёмон хотира билан эслашларини хоҳламасдим”, дейди Зиёда Рамазонова.

Зиёда Рамазонова Фото: Kun.uz

2021 йилда Юнусободдаги ижарага олинган квартирадан беш нафар талабанинг жасади топилиши, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети талабасининг ўзи ҳам яшаб, ҳам ишлаб келган қурилиши тугалланмаган бино ҳудудида йиқилиб вафот этиши ортидан талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласига президент даражасида эътибор қаратилганди.

Жумладан, бу каби фожиалар келгусида такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида талабалар турар жойлари ва ижарадаги талабаларнинг яшаш шароити ўрганилиши, олий таълим муассасалари проректорларининг лавозим вазифалари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг талабалар турар жойи ва ижарада яшайдиган талабалар билан ишлаш тизими яратилиши, ўқишга қабул қилинган талабалар эҳтиёжидан келиб чиқиб, талабалар турар жойлари қурилиши айтилганди. Бундан ташқари, ижарада яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизими жорий этилиши ҳам маълум қилинганди.

Шундан сўнг президент фармонига мувофиқ 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлди.

Олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган селекторда президент Шавкат Мирзиёев талабаларнинг ётоқхона муаммосига тўхталиб, қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж борлиги ва бу масалани тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали тезда ҳал қилиш мумкинлигини айтганди.

Шундан сўнг ҳукумат қарорига асосан 4 йил ичида талабалар учун ҳар бири 400 ўринли бўлган 228та ётоқхона қурилиши, хусусий компанияларга ҳар бир ана шундай ётоқхона учун 10,8 миллиард сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди. Бироқ маълум бўлишича, тадбиркорларнинг бу таклифга қизиқиши кутилганидек бўлмаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов 9 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида йил охиригача 4400 ўринли 11 та ётоқхонани қуриб фойдаланишга топшириш имкони йўқлигини тан олган, ишлар кечикишини давлат хусусий шерикчилик асосида талабаларга турар жой қуриш таклифига тадбиркорлар қизиқмагани билан изоҳлаганди.

Фото: Gazeta.uz

“Президентимиз томонидан субсидиялар миқдори уч баробарга оширилиб, тадбиркорларга мулкка эгалик ҳуқуқининг 22 фоизи берилгач, май ойидан 8  тадбиркордан ташаббус билдирилди. Қонунчиликка кўра, тадбиркорлар ҳам танлаб олинади. Чунки у ерда манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги керак. Мана шу жараёнлар вақтни бироз чўзди. Шунинг учун бу йилда бироз кечикиш бўлади. Келгуси йили буни етказиб оламиз”, деган эди вазир ўринбосари.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабарига кўра, республика миқёсида 30890 ўринли 60та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда шундан 16050 ўринли 30та объектда қурилиш ишлари кетмоқда.

Режага кўра, 2022 йилда Ўзбекистон бўйича давлат-хусусий шерикчилиги асосида 47 та ётоқхона қурилиши керак эди. Аммо июлгача атиги 2 та университетда ётоқхона қурилган холос.

Журналист Зиёда Рамазонова жорий йилда қурилиши керак бўлган, аммо муддатида фойдаланишга топширилмаган талабалар турар жойлари йил охирига қадар ҳам қуриб битказилишига ишонмаслигини айтмоқда. У олий таълим муассасаларидаги квоталар сони оширилаётган вақтда аудиториялар, ўқитувчилар билан бирга талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласини ҳам ҳисобга олиши кераклигини таъкидлади.

Фото: Gazeta.uz

“Бу муаммо бугун ё кеча пайдо бўлиб қолмаган. Ўтган йили ҳам шундай ҳолат кузатилган. Квотани ошираётган ОТМ ўшанча талабани ўқитишга тайёрлигини билдиради. Яъни бу керакли миқдорда аудиториялар ва бошқа хоналар мавжуд, шунча миқдордаги талабани қабул қилишга тайёрмиз дея қабул квотасини оширади. Шу пайтда талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи ҳам инобатга олиниши керак деб ҳисоблайман.

Умумий вазиятни айтадиган бўлсам, ҳозирга келиб кўпчилик жуда юқори нархлардаги ижара асосида квартираларга жойлашиб бўлишган. Курсдошларим икки хонали квартирада 9 киши бўлиб туришибди. Улар у ерда узоқ қолишолмайди, уй эгаси чиқариб юборади. Йил охиригача ваъда қилинган ётоқхоналарга фойдаланишга топширилишига кўзим етмаяпти”, дейди журналист.

Президент Шавкат Мирзиёев селектор йиғилишларининг бирида Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда талабалар учун ётоқхона қуриш ишлари бошланмаганини танқид қилган, бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинишини айтганди. Шундан сўнг айни йўналишдаги ишларни лозим даражада бажара олмаган неча нафар ректор ишдан олингани билан қизиқдик.

“Ҳамма хулоса чиқариб, ишларни тўғри ташкил этишди шундан кейин. Бу масала бўйича ҳеч ким ишдан бўшатилгани йўқ”, дейди Лазиз Мингишев.

Тошкент шаҳар ҳокими янги ётоқхоналар қурилиши якунлангунга қадар муаммонинг ечими сифатида Янгиҳаёт туманидаги “Tashkent Index” савдо мажмуасини яшаш учун мослаштириш таклифи билан чиқди. Бу ерда 10 минг нафар талаба жойлаштирилиши режалаштирилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозими Лазиз Мингишев бизга берган интервьюсида бу борадаги ишлар қандай кетаётгани, мажмуага талабалар қачондан жойлаштирила бошланиши ҳақида маълумот берди.

“Турар жойга талабгор талабаларга бирма-бир ёзиб таклиф қилдик. Ҳамма жойда ушбу ётоқхоналарга келиб жойлашишни тарғиб қиляпмиз. Аммо келиб жойлашаман деганлар сони тўрт мингтага энди етяпти. Шароитлар бор. Метрогача автобус йўлга қўйилади. Ювиниш учун шароитлар ҳам қилинган, фақат ташқарида. Ичкарида ҳам санузеллар бор, миқдори жуда кўп эмас, шунинг учун ташқарида ҳам санузеллар ташкил этилган.

Ювинадиган, овқатланадиган жойлар ташқарида. Ичкарида маънавият хоналари, компьютер хоналари, дарсхоналар бор. Талабалар учун зарур шкаф, стол-стул ва бошқа мебеллар келтирилган. Айни пайтда 4 мингга яқин талабгорнинг рўйхати бор. Шундан 897 та талаба-қизнинг хонасини тахт қилиб қўйдик. Душанбадан барчани Тошкент-индексдаги ётоқхоналарга жойлаштиришни бошлаймиз”, дейди Лазиз Мингишев.

 

Журналист Зиёда Рамазонова талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласини сентябргача тақамаслик, бунинг учун эса имтиҳонларни августдан июль ойига кўчиришни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, ётоқхонага муҳтож талабаларни онлайн рўйхатга олиш, навбатларни онлайн юритиш ҳам муаммонинг ечими бўла олади.

“Имтиҳонларни июл ойига кўчириш керак деган фикрга қўшиламан. Талабанинг ўқишга киргани аниқ бўлади-ку, яъни мандат чиққан кундан бошлаб ётоқхоналарда қанча ўрин борлиги, кимларга биринчи навбатда жой берилиши, қандай талабалар имтиёзга эга эканини эълон қилиш керак. Ўқишларга онлайн ҳужжат қабул қилиш тизими жорий қилинди-ку, демак, ётоқхоналарга ҳам навбатга ёзилишни ҳам онлайн қилиш мумкин деб ҳисоблайман.

Талаба ўқишга келаётганда у ётоқхона билан таъминланадими ёки йўқ, буни албатта билиши керак. Акс ҳолда 5 сентябрь куни бўлганидек у университетга ўзининг кўрпа-тўшаклари, сумкалари билан келаверади. Ўзи овора бўлгани етмаганидай ортидан келган ота-онаси, бобо-бувиси ҳам сарсон бўлади. Келгуси йиллари ҳам бу муаммо такрорланмаслиги учун университетлар масъул ходимларни жалб қилган ҳолда ҳар бир талаба билан боғланиб бўлса ҳам унинг оилавий шароитини ўрганиб, ўқиш бошлангунга қадар ётоқхонага талабгорлар рўйхатини аниқлаштириб олиши керак деб ўйлайман”, дейди Зиёда Рамазонова.

Фото: Gazeta.uz

“Электрон тизимга ҳам тайёр эдик. TTJ.UZ деган платформани бешта жой билан келишиб, интеграция қилиб ишлашга тайёр ҳолатга келтириб қўйгандик. Кейин ўйладикки, платформа орқали ётоқхоналарга талабгорларни рўйхатга оладиган бўлсак, ҳақиқий муҳтожлар қолиб, муҳтож бўлмаганлар у ерга жойлашиб олиши мумкин экан. Шунинг учун анъанавий усулда комиссия орқали ишларни бошлаш керак деган қарорга келдик.

Чунки қишлоқдаги бола платформадан хабардор бўлолмай қолиши мумкин. Бунинг натижасида турар жойга чиндан муҳтож бўлганлар четда қолиб кетиши эҳтимоли ҳисобга олинди. Кўпчилик ОТМ ётоқхона билан таъминлаш бўйича аризаларни ўзларининг платформалари орқали йиғиб олишган. Университетларга топшириқ берганмиз, бу борада тайёргарлик ўқув йилининг илк кунидан бир ой аввал бошланган. Бу жараёнда ётоқхоналар жорий таъмирдан чиқарилган ва бошқа ишлар қилинган. 4 сентябрдан бошлаб талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш бошланган.

Талабалар шаҳарчасида 40 мингта талаба бор. Шундан 15 мингтаси ТДТУ, 25 мингтаси ЎзМУники. Ваҳима фақат бир кун кузатилди. 40 мингта талаба бир кунда келса бундай вазият бўлиши тайин. Қолаверса, муҳтожлар билан бирга муҳтож бўлмаганлар ҳам ётоқхонага жойлашишга уринди, чунки бу ерда туриш ижарада яшашга нисбатан арзон бўлади. Бу ҳам навбатлар кўпайишига олиб келди. Талабалар шаҳарчасида махсус юкхоналар ташкил қилдик. Одамлар юкларини у ёқдан бу ёққа ташиб юрмасин дегандик. Бироқ ота-оналар юкларини у ерга қўйишга рози бўлишмади”, дейди Лазиз Мингишев.

Зиёда Рамазонова кимларга ётоқхона бериш-бермаслик шахсларга боғлиқ бўлиши керакмаслиги, бу масала тизимли ҳал қилиниши зарур деб билади.

“Бу масала шахсларнинг аралашувисиз бўлиши керак, яъни кимдир чиқиб бу талабага ётоқхона берилсин, бунисига берилмасин дейиши керак эмас. Кузатяпмизки, олий таълим вазирининг ўзлари юриб талабаларни турар жой билан таъминлашга ҳаракат қиляпти. Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент индексдан жой ажратиб беряпти. Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев маҳаллама-маҳалла юриб талабаларни ижара уйлар билан таъминлаб беряпти.

Биргина Саъдуллаевнинг ўзи ҳамма маҳаллага бориб чиқолмайди-ку. Ёки олий таълим вазирининг ўзи ҳам. Агар тизим ишлаганда эди, улар ҳам ўзининг асосий иши билан банд бўларди, талабалар ҳам ҳозиргача сарсон бўлиб юрмасди, қуёш ҳамманинг елкасига бирдек тегарди. Бу мавзуни ўрганишни давом эттиряпмиз, янги мақола тайёрлаяпмиз. Талабалар билан боғланяпмиз. Кеча (суҳбат 16 сентябрь куни ёзиб олинган) уй бозорига бориб кўрдик, ҳали ҳам талабалар турар жой қидириб юрибди”, дейди Зиёда Рамазонова.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид