Қўл учида қилинган иш. Риштонда бошланган таъмирлаш чала ташлаб кетилди
Фарғона вилояти Риштон тумани Зоҳидон қишлоғига 2021 йил январ ойидан бошлаб 15 кмлик масофада “канализация” тортиш ишлари бошланган. Қурилиш ташкилотининг масъулиятсизлиги сабаб асфальт сатҳидан оқова сув тармоғининг “колодец”и юқорида жойлаштириб кетилиши ортидан кўнгилсиз воқеалар содир бўлмоқда. Автомобил баллонларининг ёрилиши оддий ҳолга айланган.
Зоҳидон қишлоғида яшовчи Рашид Мамаюсуповнинг таъкидлашича, колодецга урилиши оқибатида автомобилининг икки баллони ёрилиб кетган.
“Қишлоғимиздан канализация қувури олиб ўтишди. Ишлар бажарилмасидан аввал йўлимиз равон, асфальт ҳам сифатли эди. Энг ачинарлиси, қувур тортиш ишларидан кейин колодецлар асфальтдан анча кўтарилиб қолди. Бугунги кунда кўпчиликда техника бор.
Бошқалар қатори мен ҳам бу ҳолатдан жабр кўрдим. Донаси 600 минг сўм турадиган икки баллоним бетон қиррасига тегиб ёрилиб кетди. Қарама-қарши томондан машина келиб қолганида беихтиёр колодец устига машина ҳайдашга мажбур бўляпмиз. 5-6 нафар ҳайдовчи мендек ҳолатдан жабр кўришди,” – дейди у.
“Канализация ўтганига бир йил бўлди. Колодецни икки ташкилот қўйиб ўрнатиб кетди. Колодецлар асфальтдан бир қарич баландда жойлашган. Ҳолатдан айниқса ҳайдовчилар азият чекишяпти. Йўл-транспорт ҳодисалари жуда кўп бўляпти. Ишлар қўл учида қилинган. Амалга оширган ишлари талабга жавоб бермайди. Айрим жойларда йўллар ярим метргача чўкиб ётибди. Қаерга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдик”, – дейди Нурафшон кўчасида яшовчи Абдусалом Йўлдошев.
Музаффар Тожихолов ҳайдовчиларни қийнаётган мавжуд муаммо қатори ичимлик суви қувури ёрилиб кетгани, мутасаддилар эса масалага панжа ортидан қараётганини таъкидлади.
“Колодецнинг аҳволини кўриб турибсиз. Йўлдан анча баландда. Йўлнинг иккинчи томонидан эса ичимлик суви қувури олиб ўтилган. Сув қувури ёрилиб кетганига яқинда бир ой бўлади. Аҳоли пул йиғиб эҳтиёт қисмини олиб бердик. Сув таъминотдан келиб улаб кетишди. Орадан 3-4 кун ўтиб яна қувур ёрилди. Сув учун аҳоли тўловларни амалга оширган. Ҳеч бир ташкилот мавжуд муаммони гарданига олгиси келмаяпти. Аҳоли ичимлик сувисиз яшамоқда”, – дейди у.
Маълум бўлишича, туманнинг Авазбой, Зоҳидон, Амиробод қишлоқларига канализация тортиш ишлари “Фарғона меъмор қурилиш” МЧЖ томонидан олиб борилаётган экан. Қурилиш ташкилоти бош муҳандиси Мўминжон Мирзакаримов ваъда қилишича, тез фурсат ичида ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётган муаммо бартараф қилинади. Автомобил баллони ёрилган ҳайдовчиларга эса зарар тўлиқ қоплаб берилади.
“Риштон туманининг марказий кўчаларига оқова сув тармоғи тортиш ҳамда тозалов иншоотини қуриш учун тендерда қатнашиб ғолиб бўлганмиз. 2021 йилда 15 км тармоқ тортиш учун қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Ҳозирги кунда туманнинг Амиробод қишлоғида тозалов иншооти қурилиши Туркия компанияси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Йил якунига қадар объект тўлиқ фойдаланишга топширилади. Тармоқ тортиш ишларида айрим кўчаларда аниқланган камчиликлар, нуқсонлар бугунги кундан бартараф қилиниши бошланди.
Мавжуд бўлган барча камчиликларни 10 кун ичида бартараф қилишга ваъда берамиз. Ҳайдовчиларнинг ёрилган баллони учун келтирилган зарарни тўлиқ қоплаб берамиз”, – дейди “Фарғона меъмор қурилиш” МЧЖ бош муҳандиси Мўминжон Мирзакаримов.
Ҳолатни тасвирга олиш жараёнида қатнов йўлидан анча баландда ўрнатиб кетилган колодецларни пастга тушириш, йўлнинг чўкиб қолган қисмини қайта асфальтлаш ишлари бошлаб юборилди.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024