Жаҳон | 13:51 / 28.09.2022
8238
3 дақиқада ўқилади

Латвия Россия билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилди

Фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги қарор Россиянинг Украинага қарши урушида сафарбарлик эълон қилиш қарори фонида қабул қилинган. Латвия сафарбарликдан қочганлар оқимининг кескин кўпайишидан хавотирда.

Фото: AFP 2022 / Carsten Rehder

Россияда Украинага қарши урушда эълон қилинган «қисман сафарбарлик» фонида Латвия ҳукумати Россия билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилмоқда. Рига ҳукумати сайтида 27 сентябр куни жойлаштирилган пресс-релизга кўра, фавқулодда чоралар 28 сентябр, чоршанба куни уч ой муддатга кучга киради.

Ҳужжатга кўра, фавқулодда ҳолат Алуксне, Балви ва Лудза ҳудудида, шунингдек, портлар, аэропортлар, чегара ўтказиш пунктлари ва темирйўлларда жорий этилган. Хабарда қайд этилишича, айни дамда Латвия-Россия чегарасида вазият барқарор, осойишта ва қаттиқ назорат остида, бироқ россияликларнинг кескин оқиб келиши хавфи мавжуд.

«Чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишларнинг олдини олиш учун кучайтирилган назорат ўрнатилган. Бироқ, қисқа вақт ичида муҳожирлар сони кўпайиши кузатилганида, чегарачилар зудлик билан қўшимча ресурсларни жалб қилиши керак - давлат полицияси, давлат хавфсизлик хизмати ва миллий қуролли кучлар. Бунда, чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилиш лозим. Вазиятнинг кескинлашишини кутмасдан, олдиндан эҳтиёт чораларини кўришимиз шарт», — деди Латвия ички ишлар вазири Кристапс Эклонс.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, фақат 19 сентябрдан кучга кирган янги мезонларга жавоб берадиган россияликлар Латвияга киритилади. «19 сентябрдан ҳозирги кунга қадар 57 нафар Россия фуқаросига кириш тақиқланган. Бирорта ҳам Россия фуқароси Латвия чегарасини сайёҳ сифатида кесиб ўта олмайди. Давлат чегара хизмати назоратни кучайтирди, жумладан, барча шахсларни синчиклаб текширяпти», дейилади маълумотда.

1 сентябр куни Прагада бўлиб ўтган норасмий учрашувда Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россия ва ЕИ ўртасида визалар беришнинг соддалаштирилган тартиби ҳақидаги келишувни тўхтатиб туришга келишиб олди. Бу - виза олишни узоқроқ, қийинроқ ва қимматроқ қилди. Шунингдек, Россия билан чегарадош давлатлар Россия фуқароларининг киришини миллий даражада чеклаши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг, Полша, Литва, Латвия ва Эстония Европа иттифоқига ташриф буюришидан мақсад туризм, бизнес, спорт ёки маданият бўлган Россия фуқароларининг киришига мувофиқлаштирилган тарзда чекловлар жорий этишга келишиб олди. Истиснолар фақат юк машиналари ҳайдовчилари, дипломатлар ва гуманитар сабабларга кўра чегарани кесиб ўтганлар, жумладан диссидентлар учун амал қилади. Россиядаги сафарбарлик фонида Латвия сафарбарликдан қочган россияликларга гуманитар ва бошқа визалар бермаслигини эълон қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид