Ўзбекистон | 11:21 / 03.10.2022
7074
2 дақиқада ўқилади

Қатарда ўзбек мутахассислари хаттотлик бўйича маҳорат дарслари ўтайди

Ўзбекистон мутахассислари Доҳада хаттотлик, ганч ўймакорлиги ва халқ ҳунармандчилиги йўналишларида маҳорат дарслари ўтайди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази (ИЦМ) директори Шоазим Миноваров бошчилигидаги мамлакат делегацияси Доҳага ташрифи доирасида Қатар Ислом санъати музейи директори ўринбосари Шайх Носир ан-Носир ва Ҳамад бин Халифа университети Ислом тадқиқотлар факультети декани Ражаб Шентурк билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Қатар Ислом санъати музейи раҳбарияти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида англашув меморандумини имзолаш, қўлёзмаларни таъмирлаш ва рақамлаштириш, томонларда мавжуд бўлган нодир қўлёзма ва асарлар нусхаларини алмашиш, қўшма илмий анжуманлар ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбек мутахассислари иштирокида ҳамкорликда Доҳадаги музей қошидаги таълим марказида хаттотлик, ганч ўймакорлиги ва халқ ҳунармандчилигининг бошқа йўналишларида маҳорат дарслари ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, тадқиқотлар, ўқув курслари ташкил этиш, ўзаро малака алмашиш ва профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашувини йўлга қўйиш, мутахассислар ташрифларини амалга оширишга келишиб олди.

Бундан ташқари, Ислом тадқиқотлар факультети Қатар хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда ИЦМ ва Ўзбекистондаги тегишли ўқув юртлари ҳамда марказларга улар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 30 мингдан ортиқ турли адабиётлар, ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва бошқа турдаги китобларни етказиб бериш имконияти борлигини билдирди.

Ражаб Шентурк «Ислом молияси» йўналишида Доҳада ўтказиладиган халқаро анжуман тўғрисида маълумот бериб, мазкур тадбир ишига Ўзбекистон вакилларини таклиф қилди.

Мавзуга оид