Шармандали қароқчилик давом этяпти. Ҳокимлар ва ИИБ кластерларга сотилганми?
Kun.uz ҳудудларда фермерларнинг пахтаси зўравонлик билан тортиб олинаётгани билан боғлиқ учта ҳолат ҳақида хабар берган эди. Бу каби қонунбузарликларнинг навбатдагилари Андижон ва Самарқанд вилоятларида кузатилди. Метод ўша-ўша – қароқчилик.
Андижон вилояти
Избосканлик фермернинг пахта ортилган юк машинаси ички ишлар ходимлари томонидан ноқонуний тўхтатилган ва пахтани тортиб олишга уриниш бўлган. Бу ҳақда фермер Kun.uz'га маълум қилди.
Избоскан туманида фаолият юритувчи “Самара савдо” кўп тармоқли фермер хўжалиги уч йил давомида “Соҳиби омад баракаси” кластери билан шартнома асосида фаолият юритиб келган. Кластер шартнома шартларини вақтида бажармагани туфайли у 2022 йил ҳосили бўйича бошқа тумандаги кластер билан шартнома тузган.
“Бирор марта пулимизни шартнома бўйича тўғридан тўғри олмаганмиз. Ёки судлашиб оламиз ёки вақти ўтиб кетгандан сўнг беришади пулларимизни. Ҳозирда ҳам кластернинг 125 миллион атрофида қарзи мавжуд. Суд қарорида ҳам бу белгиланган. Бироқ ҳалигача пулларимизни олганимиз йўқ”, – дейди фермер хўжалиги бошқарувчиси Умаржон Абдураҳмонов.
Избоскандаги кластер шартнома шартларини вақтида бажармагач, фермер Балиқчи туманидаги “Skorton Tekstil” МЧЖ билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартнома тузади. Избоскан туманидан Балиқчи туманига пахтани олиб бориш учун қарийб 50 км масофани босиб ўтиш керак эди. Шунинг учун пахталарни катта юк машинасида олиб боришни режа қилади.
Юк машинаси Балиқчи туманига бориш учун Олтинкўл тумани ҳудудидан ўтиши керак. Айнан мана шу ҳудудда пахта ортилган юк машинаси ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилади.
“Хусусий автомобил бўлган иккита Spark машинасида юк машинамизнинг йўлини қўпол равишда тўсиб тўхтатишди – сал бўлмаса, йўл-транспорт ҳодисаси юз берарди. Формасиз йигитлардан бири машинадан тушиб, юк машинаси ҳайдовчиси олдига чиқиб олди. Ўзини таништирмаган, кимлигини кейин билдик.
Олтинкўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид исмли ходим бизга қўпол муомалада бўлиб, турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Биз шартнома бўйича пахтани олиб кетаётганимизни, бизни тўхтатиб туришга ҳаққи йўқ эканини тушунтиришга ҳаракат қилишимиз самара бермади. Қўлларимизни қайириб, машинага солиб, туман ИИБга олиб боришди, тушунтириш хатлари ёздириб олишди. Сўнг пахта топшириш пунктига олиб боришди ва юк машинамиздаги пахтани қароқчилар сингари тортиб олишга уринишди.
Шу вақтда укам келиб, телефонида тасвирга олиб Жамшид исмли ИИБ бошлиғи ўринбосаридан ҳеч бўлмаса ўзини таништиришни сўради. ИИБ бошлиғи ўринбосари укамни ҳам куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, телефонини тортиб олди ва ходимларига кишан солиб қамоққа тиқишни буюрди. 7-8 нафар ходимлар укамни қўлларини қайириб, кишанлашни бошлади. Укамнинг касали борлиги учун Жамшид исмли ходимга тушунтиришга уриндим. Шу вақтда бошқа бир ходим келиб, укамга ишора қилди. Укам жонҳолатда ерда ётарди. Тили ичига кетиб қолган экан. Тракторчилардан бири келиб, қошиқ тиқиб тилини тортиб олди. Биз тез ёрдам чақириб уни вилоят шифохонасига олиб бордик. Бир кунда зўрға ўзига келди. Агар ўша вақтда тракторчининг ҳаётий тажрибаси қўл келмаганида, ҳозир бошқа масалалар ҳақида гаплашиб турган бўлишимиз мумкин эди.
Биз кетгач, ички ишлар ходимлари Балиқчидаги текстилга қўнғироқ қилиб, пахтани олиб кетишини айтган. Агар қонуний тарзда пахтани тортиб олган бўлса, нега пахтани бериб юборган? Нега бизнинг қонуний ҳуқуқларимизни қароқчилик билан бузишга харакат қилишади? Уларнинг ортида қандай катта куч борки, пахтамизни куппа-кундуз тортиб олишга уринишади?” – дея таъкидлади Kun.uz билан суҳбатда фермер.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати Олтинкўл туманида Жамшид исмли ўринбосар ҳақиқатда бор эканини ва ҳозирда мазкур воқеа прокуратура томонидан ўрганилаётганлигини қайд этди.
Самарқанд вилояти
Пайариқ тумани “Янгиобод” МФЙдаги Кампирўлди қилшоғида яшовчи Достон Эсиргапов ҳам айнан пахта сабабли калтакланди.
У 28 сентябр куни ўзи ишлаётган “Оққуш замин даласи” етиштирган пахтани “Пайариқ кластер” МЧЖга қарашли “Ўзбекистон” пахта қабул қилиш пунктига олиб борган. Пунктдагилар унинг биринчи терим пахтасини 2-сорт деб баҳолашган. Бунга рози бўлмаган Достон Эсиргапов “пахтани тозалаб келаман” деб олиб кетган ва пахта ортилган “тележка”ларни акасининг ҳовлисига қўйган. Ярим тунда ИИБ ходимлари келиб, пахтани олиб бориб топширишни талаб қилишган. Бир соат ўтиб эса пахта эгасидан бесўроқ олиб кетилган...
Эртаси куни деҳқонлар излаб-излаб, тиркама ва пахталарини “Челак” пахта қабул қилиш пунктида топишади. Аммо, деҳқоннинг таъкидлашича, уни ва акасини ИИБ биносига олиб кириб, калтаклашади. “Ҳушимни йўқотдим. Кўзимни очсам, жарроҳлик бўлимида ётибман. Ҳануз бошимда кучли оғриқ бор, кўнглим беҳузур бўляпти”, – дейди деҳқон. Унинг айтишича, уни урганлар унинг ўзини айбдор қилиш мақсадида шикоят аризаси ёзишган. “Гўёки олтовини бир ўзим урибман, уят эмасми уларга?” дейди Достон.
Қонунлардан иқтибослар
Қуйида Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган бир нечта қонунлардан иқтибосларни санаб ўтамиз. Зора бунақа нормалар борлигидан бехабар қонун ҳимоячиларига қўл келиб қолса.
Тадбиркорлик фаолияти субъектидан мулкни олиб қўйишга унинг бошқа ашёвий ҳуқуқларини бекор қилишга, шунингдек уларни чеклашга йўл қўйилмайди. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари хомашё, товарлар ва хизматлар бозорларига эркин кириши, шунингдек, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда тенг имкониятларга эга.
Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг хомашё, товарлар ва хизматлар бозорларига кириши давлат органлари, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари томонидан бирон бир тарзда чекланишига йўл қўйилмайди. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўзга қонуний фаолиятига аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари фермер хўжаликларининг агротехника усулларини, етиштирадиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмас.
Давлат органларининг битимлар тузиш, фойдани тақсимлаш, ижроия органи раҳбарини ва унинг аъзоларини сайлаш, тайинлаш масалалари бўйича ҳамда тадбиркорларнинг бошқарув органлари ваколатларига бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш, ҳужжатларга муҳр босишни талаб қилиш ёки ҳужжатларини муҳр билан тасдиқлаш тўғрисида талаб қўйиш ҳамда таваккалчилиги шароитларида қабул қилинган зарар кўрилишига олиб келган қарорлар учун уларнинг бошқарув органлари аъзоларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тақиқланади.
Шокир Шарипов,
Абдували Қурбонов,
Kun.uz
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024