Президент бошланғич синфлар учун дарслик Финландия стандарти бўйича тайёрланишини айтди
Ўзбекистондаги бошланғич синф ўқувчилари учун мактаб дарсликлари Финландия таълим стандарти асосида ишлаб чиқиладиган бўлди. Бу ҳақда Сирдарёга ташрифи давомида журналистлар билан мулоқот қилган президент Шавкат Мирзиёев айтган. Лавҳа «Менимча» телелойиҳасида кўрсатилди.
Президентнинг таъкидлашича, таълим соҳасида қилиниши керак бўлган ишлар кўп: «Дарсликлар масаласида ҳам анча муаммо борлиги унинг ичига киргач билинди. Уларнинг савияси ҳақида катта муҳокамалар бўлди. Финландия стандарти билан 1-4 синфлар учун дарсликлар қиладиган бўлдик. Финландия халқ таълими Европа миқёсида, умуман, дунёда рақобатбардош ҳисобланади», деди Шавкат Мирзиёев.
Охирги вақтларда мактаб дарсликлари масаласи кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, Халқ таълими вазирлиги келиб тушган 6229та ариза асосида бошланғич синфлар учун янги авлод дарсликлари апробациясини бошлаганини эълон қилганди.