Спорт | 16:40 / 11.10.2022
29271
27 дақиқада ўқилади

Футбол америкаликлар қўлига ўтмоқда

Улар Европада аллақачон 35 клубга эгалик қилишмоқда ва бу фақат бошланиши.

Фото: Reuters

Жаҳон футбол бозорида жорий йилнинг энг йирик иккита битими – Роман Абрамович «Челси»ни 4,25 миллиард фунтга сотиши ва RedBird Capital Partners «Милан»ни 1,2 миллиард еврога сотиб олишидир. Бир қарашда бу воқеалар бир-бирига умуман ўхшамайди.

Абрамович Буюк Британия жорий қилган санкциялар туфайли клубни сотишга мажбур бўлди. Битим фавқулодда режимда амалга оширилди – тендер ва шартларни мувофиқлаштириш уч ойдан кўпроқ вақт олди. Агар томонлар белгиланган муддатга риоя қилмаса, «Челси» профессионал мақомини йўқотиши мумкин эди. Шу сабабли улар шошилишди. Шу билан бирга, Абрамовичнинг ўзи сотувдан бир тийин ҳам олмади – барча пуллар Буюк Британия ҳукумати назорати остидаги хайрия ҳисобига ўтказилди.

«Милан» билан келишув эса аксинча, олдиндан яхшилаб тайёрланди. Савдо ҳақидаги миш-мишлар узоқ вақтдан бери бор эди, бироқ фақат 2021 йил октябр ойида клубнинг собиқ эгаси Elliot Management Corporation фонди вакили томонидан расман тасдиқланди. Сотишнинг сабаби – фонднинг фойда олиш истаги, яъни сотиб олинганидан қимматроқ нархда сотиш.

Аммо иккала келишувда умумий ҳолатлар борлиги шубҳасиз: «Челси» ҳам, «Милан» ҳам Американинг инвестиция компаниялари томонидан сотиб олинди ва бу тасодиф эмас.

Америкаликлар бир неча йилдан буён Европа футболидаги етакчи давлатлар клубларини сотиб олмоқда. Европанинг энг бой лигаси бўлган АПЛда 20 клубдан 11 таси маълум даражада АҚШ фуқароларига тегишли. Италия А Сериясида – 5 та.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Навбатдаги америкалик инвесторлар «Борнмут», «Эвертон» ва «Интер» клубларини сотиб олиш бўйича музокара олиб бормоқда. Бу битимлар амалга ошиши кафолатланмаган, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам америкаликлар томонидан футбол активларини сотиб олиш жараёни давом этади.

Футбол 2000-йилларгача америкаликларни умуман қизиқтирмаган. Нега?

Жавоб оддий: Европада жуда машҳур бўлишига қарамай, бу спорт тури бизнес сифатида америкаликлар нуқтайи назаридан унчалик катта аҳамиятга эга эмасди.

Европа мамлакатларидаги футбол тамойиллари Америкадаги профессионал спорт лигалари тузилишидан тубдан фарқ қиларди. 1960-йиллардан бошлаб NBA, NFL, NHL ва MLB фойдали бизнес лойиҳалари сифатида ривожланди.

Профессионал спорт Қўшма Штатларда шоу-бизнеснинг алоҳида соҳасига айланди, бунда тижорий муваффақият спорт натижаларига нисбатан катта аҳамиятга эга эди. Лигалар ва клубларни бошқаришга йирик саноат ва молиявий компанияларнинг топ-менежерлари жалб қилинди, улар корпоратив бизнес тамойилларини бошқарувга олиб киришди ва спорт лойиҳаларини худди йирик брендлар ёки инвестиция банклари каби бошқаришди.

Ғалаба ва унвонларга эътибор қаратган Европа футболи бошқа йўлдан борди. Спорт натижаларига эришиш учун амбицияли клубларнинг хўжайинлари ва раҳбарлари энг кучли футболчиларни таклиф қилишга маблағ сарфлади. Бироқ, совринларни монетизация қилишнинг аниқ схемаси йўқ эди.

Клублар даромадининг асосини matchday ташкил этарди – ўйин куни чипталар ва футболга турдош товарларни сотиш. Албатта, муваффақиятли натижалар еврокубоклардаги иштирок ҳисобига уй ўйинлари сонини кўпайтирди ва чипталар нархини оширди (демак, даромадни ҳам). Аммо бу америкаликларни қизиқтирадиган бизнес модели эмасди. Қўшма Штатларда профессионал клублар ҳомийлар билан тузилган тижорат шартномаларидан, реклама ва ТВ ҳуқуқларини сотишдан даромад олишарди.

Бунга инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳам қўшиш мумкин – кўплаб Европа стадионлари XIX аср охири ёки XX аср бошида қурилган ва америкаликларнинг қулайлик, хавфсизлик ва жозибали телевизион тасвир ҳақидаги ғояларига мос келмас эди. Бундан ташқари, трибуналарда безорилар ҳукмронлик қилиши, айниқса Англия ва Италияда, тўловга қодир жамоатчиликни чўчитар эди.

Тақдир тақозосига кўра, айнан безорилар, тўғрироғи, уларга қарши кураш Европа футболини Америкача ёндашувга юз тутишга ундади. Стадионлардаги тартибсизликлар муаммоси айниқса долзарб бўлган Англияда навбатдаги фожиадан сўнг (1989 йилда, Шеффилддаги «Ҳиллсборо» стадионидаги тиқилинчда 97 киши ҳалок бўлгач), ўйинлар хавфсизлигига жиддий эътибор қаратилди.

Лорд Питер Тейлорнинг (Буюк Британия Адлия вазирлиги раҳбари) парламентдаги ҳисоботидан сўнг, клубларга трибуналардан тик туриладиган жойларни олиб ташлаш буюрилди (бундан қуйи дивизион жамоалари истисно қилинди). Натижада, ареналар сиғими 10 фоиз ёки ундан ҳам кўпроққа қисқарди. Оқибатда клубларнинг асосий даромад манбайи бўлган чипталар сотувидан тушадиган даромади камайди.

Йўқотишлар ўрнини қоплаш учун Англиянинг энг йирик клублари эгалари ислоҳотлар ҳақида ўйлашди, унинг моҳияти – чемпионатнинг тижорий қисмини ривожлантириш эди. Натижада 1992 йилда Англия Премьер-Лигаси ташкил этилди.

Ислоҳотларнинг кўплаб асосий элементлари АҚШ спорт лигаларидан олинди: ўз брендига алоқадор товарларни сотишдан тортиб, медиаҳуқуқларни сотишдан тушадиган даромад улушини оширишгача.

Премьер-Лиганинг шаклланиши, шунингдек, Европанинг бошқа лигаларидаги, еврокубоклардаги ислоҳотлар Европа футболини халқаро инвесторлар учун бир зумда жозибадор қилиб қўймади.

Европадаги клублар анъанавий фан-клублар (Германия, Испания) ёки маҳаллий бизнес вакилларига тегишли эди. Англияда Европанинг бошқа кўплаб жойлари қатори футбол клублари завод ишчилари томонидан ташкил этилган. Бу кўп жиҳатдан мамлакатнинг йирик саноат марказлари – Ливерпул, Манчестер, Лидс, Бёрнли, Престон, Нюькасл шаҳри клубларининг дастлабки йиллардаги устунлигини тушунтиради.

Баъзи ҳолларда корхона эгалари ҳам уларга молиявий ёрдам бериб турган. XIX аср охирида клублар ишчилар уюшмасидан хусусий бизнес қўлига ўта бошлади. Бу биринчи навбатда футболга бўлган қизиқиш ортиши, ўйинларга кўпроқ мухлислар кира бошлагани, каттароқ стадионларга эҳтиёж пайдо бўлгани сабабли эди. Бироқ, чипта сотишдан тушган маблағ қиммат қурилиш лойиҳаларини бошлаш учун етарли бўлмагани боис клублар пул йиғиш мақсадида акциялар чиқаришни бошлади.

1888 йилда «Смол Ҳит» клуби (ҳозирги «Бирмингҳем Сити») биринчи бўлиб акциядорлик жамиятига айланди. «Эвертон» эса айнан шундай йўл билан 1892 йилда «Гудисон Парк» стадионини қурди ва ҳозиргача шу жойда ўйнамоқда.

1921 йилга келиб, 86 та инглиз футбол клубининг 84 таси қонуний равишда хусусий эди. Акциялар ҳаммага сотилган бўлса-да, маҳаллий йирик тадбиркорлар уларнинг анча қисмини ўз қўлида тўплай бошлади.

Лекин кўп ҳолларда футбол клубига эгалик қилиш даромад келтирмасди. Масалан, 1908/09 йиллар мавсуми охирида 62 клубдан фақат 6 таси дивиденд тўлай олган. Қолганлари ҳеч қандай даромадсиз фаолият юритган.

Шу сабабли, жамоаларни сақлаб қолиш учун мотивация кўпинча номоддий эди – масалан, маҳаллий жамоатчилик олдидаги бурч ҳисси. Англияда футбол ишчилар синфининг эрмагидан ижтимоий ҳодисага айланди, клублар стадион атрофидаги маҳаллалар аҳолисини бирлаштирар эди. Футбол даромад келтирмаса-да, бундай ҳамжамиятга ёрдам бериш обрўли ва шарафли эди. Клублар авлоддан авлодга мерос қолдириларди: масалан, 1905 йилда «Челси»га асос солган тадбиркор Гас Мирс авлодлари 1982 йилгача клубга эгалик қилишган.

Клублар ҳар доим ҳам даромад учун сотиб олинмайди. Нега?

KPMG йирик халқаро компанияси томонидан 2020 йилда чоп этилган тадқиқот шу кўрсатадики: ишбилармонлар томонидан футбол клубларини сотиб олишга учта сабаб бор: сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий. Баъзи ҳолларда, клуб эгалари у ёки бу даражада мотивациянинг барча уч турига эга бўлган. Аммо биттаси етарли бўлган мисоллар ҳам бор.

Англиядаги клубларнинг юқорида тавсифланган эски мактаб модели мотивациянинг учинчи турига – ижтимоий-маданийга тегишли. Бундай ёндашувда клублар тижорат корхоналари сифатида эмас, балки тадбиркор учун маҳаллий аҳолини бирлаштирган платформани бошқариш ва шу орқали ўзи ўсиб-улғайган кичик жамият олдидаги бурчини адо қилиш имконияти сифатида кўрилган.

Бироқ, сўнгги йилларда футбол активларини сотиб олаётган йирик халқаро бизнес вакиллари учун бутунлай бошқа мақсадлар муҳим.

Роман Абрамовичнинг 2003 йилда «Челси»ни сотиб олиши сиёсий мотивацияга мисол бўла олади. Россиялик тадбиркор ўша пайтда футбол орқали пул ишлаб топишни мақсад қилмаган. «Сибнефть» компаниясини «Газпром»га 13,1 миллиард долларга сотгач, унинг пулга муҳтожлиги йўқ эди. «Челси»ни сотиб олиш Абрамовичга ўша пайтдаги муҳим PR вазифасини ҳал қилишга ёрдам берди – бундай шов-шувли тадбир орқали дунёга ўзини танитди. Россияда ҳар доим ўзини оммадан олиб қочишга ҳаракат қилган тадбиркор бутун дунёдаги ўн миллионлаб одамларга дарҳол танилди. Муҳими – уни Россияда кенг кўламли хусусийлаштириш давридаги шубҳали битимлар иштирокчиси сифатида эмас, балки йирик футбол клубига янги ҳаёт ва амбицияларни бахш этган шахс сифатида таниб қолишди.

KPMG фикрига кўра, сиёсий мотивациянинг яна бир жиҳати – футбол оламидан ташқарида бўлган керакли одамлар билан алоқа боғлаш имконияти. Футболга бўлган эҳтирос жуда кўп нуфузли ва юқори мартабали одамларни бирлаштиради ва футбол клуби эгаси VIP-ложанинг норасмий муҳитида керакли алоқаларни ўрнатиб олиш имкониятига эга бўлади.

Фото: Reuters

KPMG томонидан таърифланган сиёсий мотивациясининг яна бир компоненти Абрамович учун мос эмас, лекин араб давлатларидан келган инвесторларнинг мотивларини акс эттиради. Тадқиқотда улар «геосиёсий» деб аталган – клуб сотиб олиш маълум бир шахснинг эмас, балки бутун мамлакатнинг имижини яхшилайди. «Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Ньюкасл»ни сотиб олган БАА, Қатар ва Саудия Арабистони инвесторлари хусусий фирмалар эмас, балки бу мамлакатлардаги ҳукмрон сулолалар билан боғлиқ катта жамғармалардир.

Араб шайхларининг янги авлоди вакиллари ўз мамлакатларининг халқаро қиёфасини ўзгартирмоқчи эканини яширмаяпти. Уларнинг фикрича, дунёдаги энг машҳур ўйинга алоқадор бўлиш, кўплаб мақсадларга эришиш йўлида «юмшоқ куч» воситасига айланади.

Сўнгги пайтларда соф иқтисодий мотивация ҳам пайдо бўлди, чунки энди футболда яхши пул ишлаб олиш имконияти туғилди. Айниқса, футболни тижоратлаштириш бўйича Европанинг энг илғор давлати – Англия ҳақида гап кетганда. Нисбатан қисқа вақт ичида катта фойда олиш имконияти бор жойда эса америкалик инвесторлар муқаррар равишда пайдо бўлади.

«Америкаликлар ҳеч қачон бразилияликлар каби футбол ўйнашни ўрганиб олмаса керак. Аммо футбол бизнеси ҳақида гап кетганда, Қўшма Штатлар футболдаги Бразилияга ўхшайди», – деб ёзди Inc журнали муҳаррири Билл Сапорито. – Битимларни тузиш, капитални жалб қилиш, молиявий ижодкорликни намойиш этиш борасида америкаликларга тенг келадиган одам йўқ. Чунки бизнес шундай ўйинки, унда АҚШ ҳақиқий ва шубҳасиз жаҳон чемпионидир».

Глейзерлар Премьер-Лигада кашшофлар эди. Нега мухлислар уларни ёмон кўришади?

Ҳар қандай инвесторнинг мақсади – мунтазам даромад келтирадиган активга пул сарфлаш, келажакда нархи ошганидан кейин эса фойдали сотишдир. Инвестициянинг турли стратегиялари бор. Масалан, даромадни кафолатлайдиган қимматли қоғозларга сармоя киритиш мумкин. Бундай инвестиция билан боғлиқ хатарлар минимал, аммо даромад жуда катта бўлмайди.

Аксинча, истиқболли стартапларга сармоя киритиш мумкин. Муваффақиятли чиқса, фойда жуда катта бўлади, аммо инвестиция қилинган пулнинг ёниб кетиш хавфи катта. Инвестор учун идеал вариант – баъзи сабабларга кўра етарлича қадрланмаган, кўпдан бери ишлаётган, етук бизнесни топишдир. 2010-йилларда инглиз футбол клублари америкалик молиячилар учун айнан шундай бизнесга айланди.

Аммо биринчи марта Америка капитали инглиз футболида бироз олдинроқ пайдо бўлганди. Флоридалик молиячи Малколм Глейзер 2003 йилда, Роман Абрамович «Челси»ни сотиб олганидан бир неча ой ўтгач, ўша пайтдаги энг муваффақиятли инглиз клуби «Манчестер Юнайтед»ни қўлга киритишга уриниб кўрди.

Абрамович ва Глейзер битимлари ўртасида катта фарқ бор. Россиялик олигарх «Челси»ни британиялик тадбиркор Кен Бейтсдан 140 миллион фунт шахсий маблағига сотиб олди. Ҳамма хурсанд бўлди – клуб кредиторлари 80 миллион фунт миқдоридаги қарзни қайтариб олишди, бу қарзни Бейтснинг ўзи тўлай олмас эди. Собиқ хўжайин муаммоли активдан, қарзлардан халос бўлди ва инглиз матбуоти ёзганидек, Абрамовичдан 18 миллион фунт олди. Лондонга кўчиб ўтган Абрамович клуб ёрдамида машҳурлик ва нуфузга, «Челси» мухлислари эса умид ва унвонларга эга бўлди.

Фото: Getty Images

Глейзерлар – бу бошқача воқеа. Харид пайтида «Манчестер Юнайтед»да на молиявий, на спорт натижалари билан боғлиқ муаммолар бўлган. Харид асосан, биржада «Манчестер Юнайтед» акциялари сотилиши туфайли юз беради.

Айнан ўша ерда Глейзерлар клубни қўлга киритиш жараёнини бошлайди. 2003 йил сентябрига келиб, улар «Манчестер Юнайтед» акцияларининг 3 фоизидан кўпроғига эга бўлишди, бу эса уларга соядан чиқишга имкон берди.

Глейзерларнинг акция сотиб олиши «МЮ» мухлислари норозилигига олиб келди. Тез орада америкалик инвесторларга қаршилик кўрсатиш Британия футболида одатий ҳолга айланди. Асосий сабабни ғоявий деб аташ мумкин – америкаликлар клубга асосан даромад манбайи сифатида қарашади, британияликларга эса бундай ёндашув ёт. Агар барча даромад жамоани кучайтиришга сарфланса, мухлисларга кўпроқ ёқади. Абрамович ва «Сити» шайхлари каби хўжайинлар янги футболчилар учун ёнидан пул сарфласа, янада яхшироқ.

Глейзерлар 2005 йилда машҳур LBO (leveraged buyout) молиявий схемаси орқали «Манчестер Юнайтед»ни бутунлай сотиб олишди. Бунда актив гаровга қўйилиб, қарзга олинган маблағ ҳисобига сотиб олинади, қарз эса келажакда олинадиган фойдадан тўланади. Яъни Глейзерлар юқори фоиз ставкасида қарз олиб, «Манчестер Юнайтед» акцияларини сотиб олишди. Қарзни эса клуб гарданига юклашди ва «МЮ» бу қарзни ҳозиргача тўлаб келмоқда.

Глейзерлар ўз чўнтагидан сарфлаган маблағни дивиденд сифатида қайтариб олишди. Албатта, бундай схемалар билан мухлислар муҳаббатини қозониш қийин.

«Манчестер Юнайтед» ортидан америкаликлар яна бир катта инглиз клубини сотиб олишди. 2007 йилда Жорж Жиллетт ва Том Ҳикс «Ливерпул» акцияларини қўлга киритишди. Аввалига бу келишув кўпроқ «Челси» ва Абрамович ҳикоясига ўхшарди. «Ливерпул»га ярим аср мобайнида эгалик қилган Мур оиласи клубни юқори савияга олиб чиқиш учун маблағи етарли эмас деб ҳисоблади ва унга бой харидор топди. Америкаликлар эса унга янги стадион қуришга ҳам ваъда беришди.

Фото: Getty Images

Амалда келишув «Ливерпул» учун даҳшатли тушга айланди – америкаликлар ваъдаларига зид равишда Глейзер схемасидан фойдаланишди ва клуб гарданига катта қарз юклаб қўйишди. Янги стадион қуриш режаси 2008 йилги молиявий инқироз туфайли бекор қилинди. Бундан ташқари, Ҳикс ва Жиллетт ўзаро жанжаллашиб, молиявий аҳволи ёмонлашиб бораётган клубни бошқаришдан кўра, можарони бартараф этишга эътибор қаратишди. Натижада, клуб асосий кредитор Royal Bank of Scotland қўлига ўтди ва ҳозирги эгаси Жон Генри бошчилигидаги Fenway Sports Group компаниясига сотилди.

Янги раҳбарият нафақат молиявий аҳволни тўғрилади, балки Дэвид Мур орзу қилганидек, клубни инглиз футболи етакчисига айлантирди. Янги стадион қуришга ҳожат қолмади – эски, қадрдон «Энфилд» қайта таъмирланди, бу мухлисларни беҳад қувонтирди.

Аммо Жиллетт ва Ҳикс воқеаси – ибратли. Инглиз клубини сотиб олиш автоматик равишда даромадни кафолатламайди, муваффақиятсизликлар ҳам бўлиб туради. Бироқ, улар жуда кам учрайди.

Ҳозир америкаликлар ўртамиёна клубларни ҳам сотиб олмоқда. Бу нимага керак?

2000-йилларнинг биринчи тўлқинидаги америкалик инвесторлар (Глейзерлар ва «Ливерпул» эгаларига «Арсенал»ни 2007 йилда сотиб олишни бошлаган Стэн Кронкени ҳам қўшса бўлади) Англиядан ташқарида ҳам катта аудиторияга эга бўлган йирик брендларга эътибор қаратишди. «Манчестер Юнайтед», «Ливерпул» ва «Арсенал» клублари тижорат бўлимларининг асосий иши халқаро шон-шуҳратни ташқи бозорларда монетизация қилишга қаратилди, айниқса, жуда йирик бўлган Осиё бозорларида.

Инглиз клубларини қўлга киритиш ҳаракатларининг иккинчи тўлқини 2010-йиллар ўрталарида бошланди ва ўзгача характерга эга эди. Қизиғи шундаки, фақат катта номдаги клублар талабгир бўлиб чиқмади. Инвесторлар умуман ҳар қандай клубга қизиқиш билдиришди, ҳатто Чемпионшип ёки Биринчи лига иштирокчисига ҳам. «Фулҳэм», «Ипсвич» ёки «Плимут»ни сотиб олган сармоядорлар ҳар ҳолда Корея ва Таиланд бозорларидан келадиган даромадга умид боғламаганди. Гап бошқа нарсада бўлиб чиқди.

2013 йилдан бошлаб, Премьер-Лига ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқи нархи кескин ошди. Кетма-кет иккита давр мобайнида (2013-2016 ва 2016-2019) АПЛда телерадиокомпаниялардан тушган даромад 70 фоизга ўсиб, ҳайратланарли тарзда 5,1 миллиард фунтга етди. Параллел равишда тижорат даромадлари ҳам ўсди. Буларнинг бари табиий равишда фойда ошишига олиб келди.

Масалан, Глейзерларнинг биринчи мавсумида (2004/05) «Манчестер Юнайтед»нинг даромади 246 миллион еврони ташкил қилган бўлса, унинг ярмидан сал камроғи (42 фоиз) matchday даромадига тўғри келарди. Пандемиядан олдинги даврда (2018/19) умумий даромад миқдори 711 миллион еврога етди. Шу билан бирга, чипталар ва абонемент савдосидан тушган даромад деярли ўзгаришсиз қолди – 2005 йилда 103 миллион евро, 2019 йилда 120 миллион евро. Бошқа томондан, медиаҳуқуқлар ва тижоратдан олинган даромад тўрт баравардан кўпроқ ўсди – уларнинг клуб даромадлари таркибидаги умумий улуши 83 фоизни ташкил этди. Бу рақамлар Америка бозорини эслата бошлади, шу сабабли, чет эллик инвесторларнинг қизиқиши ортди.

Европа клубларининг кўплаб америкалик харидорлари ўз юртида спорт активларини бошқариш тажрибасига эга эди. Масалан, Глейзерлар «Тампа-Бэй Бакканирс» америкача футбол клубига, «Ливерпул» билан муваффақиятсизликка учраган Жиллетт ва Ҳикс «Монреал Канадиенс» ва «Даллас Старс» ҳоккей клубларига, уларнинг ўрнини эгаллаган Жон Генри «Бостон Ред Сокс» бейсбол клубига, Стэн Кронке «Колорадо Эвеланш» ҳоккей клуби, «Денвер Наггетс» баскетбол клуби ва «Колорадо Рэпидс» футбол клубларига эгалик қилади.

Соҳа сармоядорларининг Европа активларига бўлган қизиқиши уларнинг Америкадаги шунга ўхшаш лойиҳаларга нисбатан арзонлиги билан ҳам боғлиқ. Америкада ушбу бизнесга кириш чиптаси жуда қиммат туради. Масалан, 2022 йилда MLS чемпионатига қўшилиш учун «Шарлотт» футбол клуби хўжайинлари 325 миллион доллар аъзолик бадалини тўлаган. Бундан ташқари, улар янги футболчилар ва стадион қуриш учун ҳам пул сарфлаши керак эди. Таққослаш учун, 1998 йилда MLS чемпионатига қўшилган «Чикаго Файр» эгаларининг бадал пули 20 миллион долларни ташкил қилган.

Спортга бевосита алоқадор бўлмаган компаниялар ҳам Европа клубларини сотиб олишга киришди. Масалан, хусусий инвестиция фондлари. Улар бошқа одамлар ёки пенсия жамғармалари пулларини бошқарувчи профессионал менежерлардир. Уларнинг вазифаси – мижозларнинг пулини кўпайтириш ва ўзининг фоизини олишдир.

«Одатда, бундай фирмалар учун сармоя муддати 3-5 йилни ташкил этади, шундан сўнг улар активни фойда билан сотишади. Лекин футболда нарх ошиши учун кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин», дейди Американинг Empower Capital компанияси молиявий таҳлилчиси Андреа Занон.

Унинг сўзларига кўра, инвестиция фондларининг футболга қизиқиши чўққиси 2020-21-йилларга тўғри келди, ўшанда кўплаб Европа клублари пандемия туфайли жиддий йўқотишларга учраган – matchday даромади деярли нолга тушиб қолган, тижорат даромадлари пасайган, аммо клубларнинг асосий харажатлари, масалан, футболчиларнинг маоши ўзгаришсиз қолаётганди.

Кўпгина клублар америкалик инвестиция банкирлари учун осон ўлжага айланди ва пандемиядан олдинги нархларга нисбатан сезиларли чегирма билан сотилди. Бу кўпроқ қуйи лига клубларига тааллуқли эди.

Инвесторлар учун ҳисоб-китоб оддий – улар арзон сотиб оладилар, бошқарув тузилмасини такомиллаштирадилар, балки жамоага бироз сармоя киритадилар. Агар клубнинг савияси кўтарилса, юқори лигаларга чиқса, совринларни қўлга киритса, активнинг нархи кескин ошади. Натижада уни сотиб, фойда олиш мумкин бўлади.

Америкаликлар А Серия клубларини сотиб олмоқда. Улар инглизларникидан арзонроқ, лекин хатарлар бор

АҚШ футбол сармоядорлари учун яна бир муҳим йўналиш бу Италия. Ва бунда мантиқ бор. Англия клубларига бўлган талаб юқорилиги нархларни оширмоқда ва энди ҳатто АПЛ аутсайдери учун ҳам камида 200 миллион фунт тўлашга тўғри келади. Италияда эса осонроқ.

А Серия нафақат АПЛ, балки Европанинг бошқа лигаларидан ҳам афзалроқ. Испанияда ва айниқса Германияда кўпчилик клубларни ҳали ҳам мухлислар ҳамжамияти бошқаради. Улар машҳур тадбиркорлар ичидан (масалан, «Реал» президенти Флорентино Перес – йирик қурилиш компанияси эгаси) ёки йирик компанияларнинг собиқ ва амалдаги топ-менежерлари орасидан клуб раҳбарларини сайлашади (масалан, «Бавария» президенти Ҳерберт Ҳайнер Adidas компанияси собиқ бош директори).

Айнан шундай схема туфайли Испания клубига эгалик қилиш қийин – харидни мухлислар ҳамжамияти маъқуллаши керак ва бу кўпинча банкротлик таҳдиди юзага келган тақдирдагина юз беради. Германияда клубга эгалик қилишнинг бундай схемаси хусусий бизнес эгаларига акцияларнинг назорат пакетини сотиб олишни тақиқловчи қонун билан тўлиқ ҳимояланган. «РБ Лейпциг» мисолида кўрилганидек, бу меъёрларни жуда катта хоҳиш ва истак бўлсагина четлаб ўтиш мумкин. Аммо бу қоидадан истисно ва америкаликлар учун жуда мураккаб схема.

Демак, Италия А Серияси ва Франция Лига 1 мусобақаси қолади. Бунда ҳам италияликларда устунлик бор – юқори рақобат, номдор клублар кўпроқ, мухлисларнинг катта базаси ва рақобатдош спорт турлари йўқлиги (масалан, Францияда футбол билан регби рақобатлашади).

Бироқ, баъзи муаммолар ҳам бор, Forbes 2021 йилда уларни санаб ўтган эди. Кўзга ташланадиган асосийси – ТВ шартномалари нархи бўйича А Серия нафақат АПЛдан, балки Бундеслига ва Ла Лигадан ҳам сезиларли даражада орқада. 2021 йилда имзоланган янги битимга кўра, А Серия ҳар мавсумда 910 миллион евро ишлаб олади (840 млн евро DAZN платформасидан, яна 70 млн евро Sky телекомпаниясидан). Таққослаш учун – Германияда бу қиймат 1,1 млрд евро, Испанияда – 1 млрд евро.

Яна бир қийинчилик – инфратузилманинг ёмонлашиши. Кўпгина клублар жуда эски стадионларда ўйнамоқда, улар асосан шаҳар маъмуриятига тегишли. Америкаликлар учун янги арена қурилишига сармоя киритиш муаммо эмас – улар қурилишни бошлашга тайёр. Бунда стадион атрофида қўшимча биноларни қуриш ва ижарага бериш, қурилиш кредитини ўз чўнтагидан эмас, балки клуб даромадидан тўлаш орқали харажатлар қопланиши мумкин (масалан, Кронке «Эмирейтс» стадиони билан шу схемани амалга оширган). Бироқ, Италияда бундай ташаббуслар бюрократик тўсиқларга дуч келади.

«Фиорентина» хўжайини Рокко Комиссо 90 йил аввал очилган ва охирги марта 1990-йилги жаҳон чемпионати олдидан янгиланган «Артемио Франки» стадиони ўрнига янги арена қуриш бўйича шаҳар маъмурияти билан 2019 йилдан бери музокара олиб бормоқда. Бу фақат Флоренция муаммоси эмас. Италия футбол федерациясининг 2021 йилда эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2010 йилдан буён Италияда атиги учта янги стадион қурилган, Европада бу кўрсаткич 153 тага тенг.

«Италия футболида кескин ўзгаришлар бўлиши учун Италия сиёсий тизими даражасида қарорлар қабул қилиш керак», – дея Комиссонинг сўзларини келтиради Forbes. – Акс ҳолда, Италия клуб футболи рақобатчилари – Англия, Германия ва Испания чемпионатларидан ортда қолишда давом этади. Ва бу бўшлиқни бартараф этишнинг иложи бўлмайди».

«Европа футболига жаҳон инвесторлари келиши табиий жараён ва жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг акс этишидир», – дейди Чикаго университети ва Олий иқтисодиёт мактаби профессори Константин Сонин. «Клублар глобал активга айланганда, ҳар томондан инвесторлар келади. Ва ҳар қандай бошқа бозорда бўлгани каби, Европа футболида ҳам америкалик инвесторлар энг фаол. АПЛ ривожланиш бўйича рақобатчилардан 10-15 йил олдинга ўтиб кетди. Бошқа барча турнирлар уларга етиб олиш жараёнини бошлаган. Англиянинг асосий устунлиги шундаки, бугунги кунда Премьер-Лига клублари тижорат фирмалари сифатида фаолият юритмоқда, шунинг учун бизнеснинг у ерга кириб бориши осон».

«Спорт жамоалари нархи деярли ҳар доим ошиб бормоқда, шу сабабли футбол клубларини сотиб олиш қимматлашаверади. Бу шуни англатадики, келажакда ҳатто кичик жамоалар учун ҳам фақат миллиардерлар синфи кураша олади. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда Америкадаги каби кўп сонли миллиардер йўқ», – деб таъкидлайди Inc журнали муҳаррири Билл Сапорито.

Унинг фикрига кўра, америкаликлар билан фақат араб шайхлари рақобатлаша олади, аммо уларни молиявий фэйр-плей тийиб турибди. Дарвоқе, у Америка бизнеси фалсафасига мос келади (даромадни ошириш билан бирга харажатларни камайтириш). Шу билан бирга, кўпчилик америкалик хўжайинлар учун унвонлар муҳим эмас.

«Футбол – бу инглизлар ихтиро қилган гўзал ўйин. Аммо энди биз бу америкаликларга тегишли эканини тан олишимиз керак», – деб хулоса қилади Сапорито.

Мавзуга оид