Жаҳон | 13:33 / 14.10.2022
8034
3 дақиқада ўқилади

Ассанжнинг яқинлари Германия ҳукуматидан ёрдам сўради

WikiLeaks портали асосчисининг отаси ва рафиқаси Германия расмийларини унинг озод этилишига ёрдам беришга чақирди. Берлин кинофестивалида Ассанжнинг қамоққа олиниши ҳақидаги фильм намойиш этилди.

Фото: Reuters

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг яқинлари Германия ҳукуматидан унинг озод этилишига кўмаклашишни сўради. «Биз Германия ҳукумати, биринчи навбатда АҚШ ва Буюк Британия билан алоқада бўлган ташқи ишлар вазири, шунингдек, канцлер билан ҳамкорлик қилишини ва Жулианнинг ишини якунлашини кутамиз ва сўраймиз», деди Ассанжнинг отаси Жон Шиптон 13 октябр, пайшанба куни Берлинда. Унинг таъкидлашича, аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бу масалада қўллаб-қувватлаган. 

WikiLeaks асосчисининг отаси ва рафиқаси Стелла Ассанж Берлиндаги Human Rights Film Festival кинофестивалига ташриф буюришди. Очилиш маросимида уларнинг биргаликдаги кураши ҳақидаги «Ithaka» ҳужжатли фильми намойиш этилди. 

Стелла Ассанж Германия ҳукуматини «Жулианнинг озод этилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга» чақирди. Бундай усуллардан бири WikiLeaks яратувчисига Андрей Сахаров мукофотини беришдир. «Кейинги ҳафтада бу жуда муҳим бўларди», деди у dpa агентлигига берган интервьюсида (Ассанж Европарламент томонидан бериладиган Сахаров мукофотига номзодлар орасида уч финалчидан бирига айланди. Ғолиб 19 октябр куни эълон қилиниши керак). Стелла Ассанж, шунингдек, эрининг ишини АҚШ маъмурияти билан муҳокама қилишга чақирди. 

Қўшма Штатларда WikiLeaks яратувчиси 18 та бандда, жумладан, махфий маълумотларни ўғирлаш, жосуслик ва компьютер тармоқларига бузиб киришга қаратилган фитнада айбланмоқда. Агар айби исботланса, у 175 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Етти йил давомида - 2012 йилдан 2019 йилгача - Ассанж зўрлашда айбланган Швецияга экстрадиция қилинмаслик учун унга бошпана берган Буюк Британиядаги Эквадор элчихонасида яширинган. WikiLeaks асосчиси айбига иқрор бўлмай, Швеция расмийлари томонидан таъқиб қилинишидан асл мақсад - уни АҚШга экстрадиция қилиш эканини айтди. Dpa агентлиги маълумотларига кўра, журналист Эквадор элчихонасида бўлганида ўзига яқин бўлган адвокат Стелла Моррис билан шу йилнинг март ойида Лондоннинг Белмарш қаттиқ тартибли қамоқхонасида турмуш қурган. Эр-хотиннинг икки фарзанди бор.  

2019 йил апрель ойида Британия суди Wikileaks асосчисини 2012 йилги суд мажлисига келмаганликда айблади. Эквадор ҳукумати Британия полициясига элчихонага кириб, Ассанжни ҳибсга олишга рухсат берди. Кейинчалик Лондон Олий суди АҚШнинг унинг экстрадициясини тақиқлаш бўйича шикоятини қаноатлантирди. Июнь ойида Британия расмийлари Жулиан Ассанжни АҚШга топширишга буйруқ берган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид