Жамият | 17:28 / 14.10.2022
15413
1 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги намойишларда қатнашганликда гумон қилинган яна 22 киши уйига қўйиб юборилди

Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликларда гумон қилинган 22 нафар фуқаро 14 октябр куни Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия аъзолари таклифи, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгес раисининг сўрови ва депутатлар кафолатлари билан инсонийлик тамойили асосида уйларига қайтарилди.

Фото: Жўқорғи Кенгес ахборот хизмати

Маълум қилинишича, намойишларда иштирок этганликда гумон қилиниб, олиб кетилган шахслар содир этган жиноятидан пушаймонлиги, оила аъзолари қилган мурожаатлар ўрганилган.

Шунингдек, улар оилада ёлғиз боқувчи экани ва вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳам ҳисобга олиниб, яқинлари бағрига қайтарилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида депутатлар сўрови билан Қорақалпоғистондаги намойишларда қатнашганликда гумонланаётган 34 нафар шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилганди.

Мавзуга оид