Ўзбекистон | 11:33 / 14.10.2022
4436
2 дақиқада ўқилади

«Туркий давлатлар ҳамкорлиги халқаро муносабатларнинг муҳим элементига айланмоқда» – Элдор Арипов

14 октябрь куни Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларининг ташқи сиёсий тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Ўзбекистон номидан Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ушбу ҳужжатга имзо қўйди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, меморандумлар Тошкентда бошланган Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилиши давомида имзоланган.

СМТИ директори Элдор Арипов Ўзбекистонда илк бор Туркий давлатлар таҳлил марказлари йиғилишига тўхталиб, бугун туркий тилли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги замонавий халқаро муносабатлар тизимининг муҳим элементига айланаётганига эътибор қаратди.

«Ва бу шунчаки сўзлар эмас. Мамлакатларимиз салмоқли инсон капиталига эга – бир юз эллик миллионга яқин киши. ТДТ мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 1,2 триллион долларни ташкил этади. Бу Осиё ялпи ички маҳсулотининг 5,5 фоизидир.

ТДТ мамлакатларида саноатнинг йиллик ўсиш суръати ўртача 8-12 фоизни ташкил қилади. ТДТ ичида катта савдо айланмаси ҳам мавжуд – йигирма бир млрд доллар. ТДТнинг яна бир муҳим афзаллиги шундаки, ушбу Ташкилот бир-бирига яқин бўлган ҳамда ўхшаш қадриятлар ва тамойилларни тарғиб қилувчи мамлакатларни бирлаштирган», - деди Элдор Арипов.

СМТИ директори шунингдек, Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида Ўзбекистоннинг Туркий кенгаш доирасидаги алоқалари изчил кенгаяётгани ҳақида гапирди.

«Бу ҳақида фактлар далолат беради. 2016 йилдан буён Ўзбекистоннинг туркий дунё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми уч баробар ортиб, тўққиз миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон ташқи савдосининг йигирма икки фоизи ТДТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Инвестициявий ҳамкорлик ҳам улкан суръатлар билан ривожланмоқда. Охирги беш йил ичида Ташкилотга аъзо мамлакатлардан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар деярли бир юз ўн беш баробар ўсди.

Барча ижобий натижаларга қарамай, эришилган ютуқларда тўхтаб қолмаслик муҳимлигини ҳам тушунамиз», - дея Элдор Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид