Ўзбекистон | 14:07 / 18.10.2022
12563
5 дақиқада ўқилади

Президент матбуот хизмати тақдимотлардан суратларда слайдларни хиралаштириб қўймоқда

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати турли соҳалар бўйича давлат раҳбарига намойиш этилган тақдимотлар ҳақидаги хабарларига илова қилинган суратларда мониторлардаги слайдларни хиралаштириб қўйгани маълум бўлди. Президент матбуот котиби бу ҳолатга барҳам берилишини билдирди.

17 октябр кунги тақдимот / Фото: Президент матбуот хизмати

Охирги ойларда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати йиғилишлар ва учрашувлар ҳақидаги хабарларига тақдимот слайдларининг айрим қисмлари хиралаштирилган фотосуратларни илова қилмоқда. Бу ҳолатга Gazeta.uz эътибор қаратди.

Хусусан, 17 октябр куни президент Шавкат Мирзиёевга бир қатор объектлар, жумладан, Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси тақдимот қилинган. Расмий хабарга кўра, тақдимотда бу йирик лойиҳанинг “ташкилий-молиявий жиҳатлари кўриб чиқилган”.

Президент матбуот хизматининг релизида Олимпия шаҳарчаси қурилишининг режалаштирилаётган ташкилий ва молиявий жиҳатлари очиқланмаган: қурилишга қанча пул кетади, бу пул қайси манбадан ажратилади, қурувчи компания(лар) қандай танланади?

Айни пайтда, хабарга илова қилинган фотосуратларда лойиҳа ҳақидаги маълумотлар акс этган слайдлар блурланган (хиралаштириб қўйилган).

Фото: Президент матбуот хизмати

Худди шундай ҳолат 17 октябр куни бўлиб ўтган бошқа бир йиғилиш – маҳаллалар инфратузилмаси учун ажратилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилишга оид мажлис ҳақидаги хабарда ҳам кузатилган. Унда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳисобот бераётгани кўрсатилган суратда жамоатчиликни қизиқтириши мумкин бўлган маълумотлар акс этган слайд тасвири хиралаштириб қўйилган.

Gazeta.uz'нинг аниқлашича, фотосуратларни хиралаштириш амалиёти июл ойидан – Президент администрацияси раҳбарияти алмашгани ва у ерда кадрлар ўзгарганидан кўп ўтмай бошланган. Шу вақтдан бошлаб, президент матбуот хизмати суратларида блурлаш пайдо бўлган; қолаверса, монитордаги слайдни кўриш қийин бўлган ракурслардан олинган суратлар кўпайган.

“Лойиҳалар ҳақида расмий маълумотлар жуда кам бўлган муҳитда тақдимот слайдлари фотосуратлари журналистлар учун қўшимча маълумот манбайи бўлиб хизмат қилади. Уларнинг ёрдамида жамоатчилик янги лойиҳалар, уларнинг харажатлари ва киритилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсилроқ маълумот олиши мумкин”, – дея ёзади нашр.

Хиралаштирилган фотосуратларга мисоллар:

«Ўзавтосаноат» АЖ раиси Шавкат Умурзоқовнинг электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар бўйича тақдимоти. 10 октябр
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг Сирдарё вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишдаги тақдимот. 6 октябр, Сайхунобод
Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот. 27 сентябр
 
Спорт, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги қурилиш лойиҳалари тақдимоти. 23 сентябр
Спорт, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги қурилиш лойиҳалари тақдимоти. 23 сентябр
Суриштирув ва тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича тақдимот. 3 август
Аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилиш. 26 июл

Монитордаги маълумотлар яширилмаган суратларга мисоллар (2022 йил июл ойидан олинган суратлар):

Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти. 27 июн
Транспорт ва коммунал соҳалардаги лойиҳалар тақдимоти. 11 апрел
Йўл инфратузилмасини яхшилаш ва табиий газ таъминотига оид лойиҳалар тақдимоти. 10 январ
Йўл инфратузилмасини яхшилаш ва табиий газ таъминотига оид лойиҳалар тақдимоти. 10 январ

Шерзод Асадов бу ҳолатга барҳам берилишини айтди

Gazeta.uz мазкур материални эълон қилгач, президент матбуот котиби Шерзод Асадов алоқага чиққанини маълум қилди. Асадовнинг изоҳига кўра, давлат раҳбари иштирокидаги тақдимотлар ва йиғилишларда шу йиғилиш иштирокчилари учун мўлжалланган рақамлар ва маълумотлар айтилиши ва муҳокама қилиниши мумкин.

Шунга қарамай, унинг айтишича, президент матбуот хизмати вазиятни “ўнглаш” чораларини кўради. Шерзод Асадов суратларда слайдлар хиралаштирилмаслигига ваъда берган.

“Биз янги форматда ишлашга ўтиш ва эски қолиплардан воз кечиш учун фаолиятимизни қайта кўриб чиқамиз. Бундан биринчи навбатда ўзимиз манфаатдормиз”, – деган у.

“Ўринли танқидни ривожланишга хизмат қилувчи омил деб биламиз”, – дея қўшимча қилган Шерзод Асадов.

Ҳуқуқий асосни яратиш пайсалга солинмоқда

2021 йил июлда имзоланган очиқликка оид президент фармонига биноан, чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш кўзда тутилган. Бироқ фармоннинг бу банди, бошқа қатор бандлари билан бирга, ҳали ҳам амалга ошгани йўқ.

Ҳужжатга биноан, 2021 йил 16 сентябргача “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда киритилиши керак эди. Лойиҳа тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Бу лойиҳа чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхати, ундан фойдаланиш ва маълумотларни бундай ахборотлар жумласига киритиш ҳамда чиқариш асослари, муддатлари ва тартибини белгилаши лозим эди.

Мавзуга оид