Жаҳон | 08:06 / 18.10.2022
8143
3 дақиқада ўқилади

Россия ФВВ Ейскда Су-34 қулаши оқибатида жабрланганлар сонини маълум қилди

Ейскдаги тўққиз қаватли турар жой биносига Су-34 қулаши оқибатида жабрланганлар сони 22 кишини ташкил этди, улардан 3 нафари ҳалок бўлди, деб хабар берди Россия ФВВ ва ССВ.

Видеодан кадр

Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳридаги тўққиз қаватли турар жой биносига Су-34 қирувчиси қулаши ва юз берган ёнғиндан кейин жабрланганлар сони 22 кишини ташкил этди. Бу ҳақда 18 октябр, сешанба куни эрталаб Россия ФВВ раҳбари Александр Куренков маълум қилди. Россия ССВ ҳам шунга ўхшаш рақамларни эълон қилди. «Жами 22 киши тан жароҳати олди, улардан 3 нафари ҳалок бўлди», — дейилади идора хабарида.

Куренковнинг сўзларига кўра, Су-34 қулаганидан кейин ҳеч қандай портлаш содир бўлмаган. ФВВ раҳбарининг сўзларига кўра, ёнғинга ёнилғининг тўкилиши сабаб бўлган.

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев Telegram'да ҳарбий самолёт қулаган жойда фавқулодда ҳолат режими жорий этилгани ҳақида ёзди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ёнғин ўчирилган.

Шу билан бирга, Краснодар ўлкаси Фуқаролик мудофааси ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги 17 октябр куни кечқурун Telegram'да 25 киши жароҳатлангани, улардан тўрт нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. 6 киши алоқага чиқмаган ва бедарак йўқолган.

250 киши эвакуация қилинди, улардан 40 нафари болалар. Ҳамма фуқаролар олтита меҳмонхона ва пансионатга жойлаштирилди.

Ейскдаги ёнғинда жабрланганларнинг тўрт нафари Краснодарга етказилди, дея маълум қилди Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашко. Унинг қўшимча қилишича, жами 15 киши шифохоналарда қолмоқда.

Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, бахтсиз ҳодиса Жанубий ҳарбий округ ҳарбий аэродромидан ўқув парвози учун кўтарилаётганда содир бўлган.

Катапульта воситасида ирғиб чиқиб парашют билан ўзини пастга ташлаган учувчиларнинг хабарига кўра, ҳодисага учиш вақтида двигателлардан бирининг ёниши сабаб бўлган.

Айни пайтда, гувоҳлар самолётдаги ўқ-дорилар портлаганини тахмин қилишган. «Комсомолская правда» ҳарбий мухбири Александр Коцнинг сўзларига кўра, 277-бомбардимончи авиация полкининг самолёти снарядлар олиб кетаётган бўлган, қулаш пайтида уларнинг портлаши эшитилган.

Ёнғин майдони тахминан 2000 квадрат метрни ташкил этди. Навбатчи диспетчерлик хизматида «Интерфакс»га маълум қилинишича, ёнғин уй йўлакларидан бирини тўлиқ қамраб олган. «Тўққизинчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган шифтлар қулаб тушди. Бутун кириш йўлаги ёниб кетган, 45 га яқин хонадонга у ёки бу даражада зарар етган», — дейилади хизмат хабарида.

Воқеа кечки пайт содир бўлди, бу пайт кўплаб фуқаролар ишдан қайтган эди, уй шаҳардаги энг баланд уйлардан бири ҳисобланган.

Қурбонлар сони ортиши кутилмоқда. Воқеа учун жавобгар шахслар аниқланмоқда.

Мавзуга оид