Номсиз ёхуд эгизак кўчалар: бугунги Тошкентнинг ечилмаётган азалий муаммоси ҳақида
Тошкент шаҳрида мингга яқин номсиз кўчалар борлигини билармидингиз? Номи бор, ўзи эса йўқ кўчалар ҳақида-чи? Ҳатто бир ном ва рақамдаги икки манзиллар ҳам мавжудлигини билмасангиз керак? Пойтахтда бундай ҳолатларнинг ҳаммасидан бор ва бу 21-асрдаги Тошкентга алоқадор ва ҳанузгача ечим топмай келаётган муаммолардир. Kun.uz бу гал шу мавзуга эътибор қаратади.
Аввалроқ сайтимизда эълон қилинган “Тахминларга қурил(аёт)ган Тошкент: кўча номлари ва бино рақамларини қачон осон топамиз?” сарлавҳали мақолада пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Алишер Навоий кўчасидаги биноларнинг рақамланиш ҳолатларини ўрганиб, шоҳкўчанинг 4 километрлик қисмидаги 40 дан ортиқ бино ва иншоотларнинг 50 фоизи ҳам рақамланмагани гувоҳи бўлган эдик.
Яқин ўтмишга назар ташласак, 2020 йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Теlegram-каналида “Сиз яшайдиган кўчада (мавзеда) кўчанинг ёки мавзенинг номи келтирилган кўрсаткич борми?” саволи билан сўровнома ўтказилган. Унда қатнашган минглаб пойтахтликларнинг ярми кўча ёрлиқлари йўқлигини маълум қилган. Демак, 2 йилда ҳам ўзгариш деярли йўқ.
Тошкент шаҳар ҳокимияти Рақамли ривожланиш департаментининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтган 2 йиллик давр мобайнида ташкилот ходимлари маҳаллалар, кўчаларда юриб, бундай манзилсизлик ва мантиқсизликлар сабабларини ўрганишган.
Ўрганишлар жараёнида 1860 йилдан бугунги кунгача бўлган архив ҳужжатлари, турли йиллардаги хариталар, Тошкент шаҳрининг 1978, 1992 ва 2005 йилларда нашр этилган топопланлари ва бошқа маълумотлар ўрганиб чиқилиб, таҳлилдан ўтказилган.
Кўча ёрлиқлари шунчаки рақамланиб, деворга осиб қўйиш, дегани эмас. Йилларки оқсоқланаётган бу йўналишда муаммолар талайгина. Айтайлик:
– географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича филология, география, тарих ва тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган экспертлар ва мутахассисларнинг жалб этилмаётгани;
– янги объектларга номлар ўз вақтида берилмаслиги;
– таҳлилларнинг йўқлиги;
– тизимли ёндашувларнинг мавжуд эмаслиги;
– молиялаштиришдаги муаммолар;
– масъулларнинг амалдаги қонун талабларига риоя этмаслиги;
– нормал маълумотлар базасининг йўқлиги;
– номсиз ҳамда айнан бир хил номга эга бўлган объектлар мавжудлиги;
– маълумотларда географик объектлар турларининг асоссиз ўзгартирилиши ва уларни бир тилдан бошқа тилга нотўғри таржима қилиниши шулар жумласидандир.
Манзилларга жавобгар ташкилотлардаги маълумотлар ҳам ҳар хил. Мисол учун, департамент тақдим этган маълумотларда келтирилишича, пойтахтдаги тор кўчалар сони давлат реестрида 2030 та деб белгиланган бўлса, бу рақамлар Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳисоботларида 2643 та, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси рўйхатларида 1867 та. Бундай номутаносиблик бошқа статистик маълумотларда ҳам учрайди.
Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида номсиз кўчалар, кўчасиз номлар, эгизак номли кўчалар, ҳатто шунчаки “Қурилиш ҳудуди” номи билан кадастр қилиб юборилган манзиллар бор экан, бошқа ҳудудлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг.
Ёки пойтахтда ўрнатиш учун талаб этилаётган 12 мингдан ортиқ кўча ёрлиқлари учун 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ керак бўлса, бу ишлар учун ажратилган маблағлар қийматини ўзингиз кўринг.
“Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4642-сонли президент қарорида шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимини шакллантиришга масъул қилиб Қурилиш вазирлиги ҳамда Давлат кадастр агентлиги белгиланган.
Муаммо бор, масъуллар ва мутасадди ташкилотлар ҳам номигагина мавжуд. Гап масъулиятда. Ушбу чиқишимиз муаммоларни ҳал этиш учун жавобгар бўлган масъулиятсиз масъулларни сергак торттиради деб умид қиламиз.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024