Ўзбекистон | 20:32 / 24.10.2022
17659
9 дақиқада ўқилади

“Газ билан таъминлаймиз дейишганди” — газдан узилган иссиқхоналар эгалари

Ҳаво совиши билан Ўзбекистон бўйлаб иссиқхоналар газдан узилмоқда. Натижада минглаб тонна ҳосил хавф остида қолган. Kun.uz бу соҳа тадбиркорлари билан суҳбатлашиб, муаммоли ҳолат сабаблари ва расмийлар айтаётган кўмирга ўтиш масаласи ҳақида сўради.

Руслан Мажидов, Бухоро шаҳридаги Аслонобод МЧЖ раҳбари:

— 3,5 гектарда Корея иссиқхонасини ўрнатганман, газга мўлжалланган. 15 августда иссиқхонага помидор экилган, ҳозирги кунда қизарган. Газни ўчиришдан олдин огоҳлантириш керак. 3-4 кун олдин эмас – огоҳлантириш бундай бўлмайди.

Иссиқхонадан тахминан 300 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпман, бу тахминан 3 млрд сўм дегани. Шу тобда агар ҳаво совиб кетса, 5-6 соатда ҳамма ҳосилимдан айрилишим мумкин. Агар бирор инсон давлатнинг 100 минг сўмини “еса”, дарров қамалади, бу ерда эса... Газ бермаслик билан 3 млрд мулк ҳавога учяпти.

Сўрасам: “Ёнингдаги бошқа иссиқхоналарнинг қарзи бор” дейишяпти. Мен “светга” 50 млн сўм олдиндан тўлов қилиб қўйганман, нега бошқаларга жавоб беришим керак? Ҳурматли президентимиз Бухоро вилояти учун, рақамда адашмаётган бўлсам, тахминан 3 минг гектар майдонни иссиқхона учун ажратди, ким эпласа қурсин деганди. Яхшиям бугунги кунга келиб 1000-1200 гектар қурилди. Бўлмаса, 3 минг гектар иссиқхона газсиз қоларди...

Тегишли ташкилотлар “биз фақат 500 гектарни доимий холда газ билан таъминлашимиз мумкин” дейиши керак эмасмиди бошида?

Тадбиркорларга муқобил ёқилғига ўтинглар деб топшириқ беришяпти. 2021 йил мартда иссиқхона қурилишини битираётганимда, туманимизда газ йўқ эди. “Сен қуравер, августгача газ берамиз” дейилди. Кейин сентябрга берамиз дейишди. Ҳудудимиздаги 10-11 иссиқхоначилар бирлашиб, туман ҳокими билан гаплашганимизда: “Сизлар қўрқмай кўчатларингизга буюртма бераверинглар албатта газ бўлади” деб ваъда берган эди. Лекин газ келмади. Кўчатларни экиб, 26 кун мобайнида, кунига 2700-2800 литр солярка ёқдим... Ўйлаб кўринг, ҳар куни 3000 литргача соляркани, бир литрини 5500 сўмдан олиб ёқдим...

75-80 цент турадиган қиммат кўчатлар олганман, 400 млн сўмдан кўпроқ сарфлаганман. 65 минг кўчат экилган. Тахминан 75 тонна солярка сарфладим.

Солярка газга муқобил бўлмайди, чунки 10-15 баробар қиммат.

Иссиқхонамиз жойлашган ҳудудда кичкина ғишт заводи бор, кўмирда ишлайди. Бу заводнинг устидан аҳоли ҳар куни шикоят ёзади: “Қишлоғимиз кўмир тутунига тўлиб кетди”, деб. Атрофдаги 48 гектар иссиқхона кўмир ёқа бошласа нима бўлади?..

Ўзимда 40 дан ортиқ ишчи доимий ишлайди, терим вақтида 100-120 тагача етади. Шунча инсоннинг қозони қайнаяпти.

Газ улашдан аввал “камида 3 ойлик муқобил ёқилғимиз бор” деб тасдиқлатиб олишган... Мажбур бўлганмиз имзо чекишга, ултиматум қуйишган. Лекин ҳисоблаб кўрайлик, газ ўчиб қолса, менинг ўзимга кунига 2500 литр солярка керак. Буни 30 га кўпайтирсак, кейин яна ойларга кўпайтирсак, 300 минг тонна бўлади! Мен 300 минг тонна соляркани қаерга қўяман? Бунча ёқилғини қайси “заправка” олиб қўя олади? Бунча идиш, жой кимда бор? 300 тонна солярка ҳозир 300 минг доллар, яъни 3 млрд сўм бўлади... Йиллик айланмам 3 млрд бўлса, мен дўппимни осмонга отаман...

Шерзод Шукуров, “Нуробод кристал” МЧЖ таъсисчиси:

— Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 10 гектар иссиқхона ташкил қилганмиз. “Ҳудудгаз” билан шартномани ҳар йили янгилаш жорий қилинган... Ҳар йили бир пакет ҳужжатларни тайёрлаб, экспертизадан ўтказсак, кейин ёқишга рухсат беради. Бу албатта тадбиркор учун ошиқча бош оғриғи. Бугунги кунга келиб барча ҳужжатларимиз тайёр бўлишига қарамай, ҳали ҳам газга улана олганимиз йук. Муқобил ёқилгига ўтказ деяпти, аммо бундай катта иссиқхонани кўмир билан иситиш техник жиҳатдан имконсиз.

10 гектар иссиқхонамиз тўлиқ экилган, 5-6 шодага келган, лекин ҳали газ таъминотига уланмаганмиз. 15 градусдан паст ҳаво кўчатларимизни стресс ҳолатига туширади, ривожланишини секинлаштиради, бу эса ўз навбатида ошиқча харажатлар дегани. Ҳаво янада совиб кетса, ўсимлик нобуд бўлади. Бу катта миқдордаги инвестицияларни ҳавога учиради.

Билишимча, охирги 3 йилда бирорта иссиқхона фойда билан чиқмади. Аввал пандемия, нархлар пастлади, кейинги йил қиш эрта келди, газ улашнинг иложи бўлмади, баҳорда ёғингарчилик ҳаддан ошиқ бўлиб, намлик юқори бўлди, касалликлар кўпайди, ҳосил пишиши секинлашди. Кейинги йил 3 кунлик блэк-аут кўчатларни стрессга туширди, март ойидаги намлик юқори бўлди, ўсимликлар танаси чириди.

Бу йил об-ҳаво яхши келди, нархлар яхши, демак, лойиҳаларнинг рентабеллигини таъминлаш мумкин. Аммо энди газ муаммоси пайдо бўлди... Ташқи факторлар жуда қулай келганда, газни узиб қўйишмоқчи.

Барчамизда кредит бор, умумий харажатлардан ташқари, уни ҳам тўлашимиз керак. Бизнес-режа тузаётган вақтимизда иссиқхоналар газда иситилиши назарда тутилган, шундан келиб чиқиб даромад кўришимиз белгиланган. Газ билан таъминлаш имконсиз бўлса, нега ўша пайтда айтишмади, нега режаларимизни тасдиқлашди?

Ўша пайтдаги раҳбарларнинг ваъдаларига ишониб, иш бошлаб, энди кимга додимизни айтишни билмай қолдик, чала қолган ислоҳотлар натижаси бу. Катта миқдорда мулклар гаровга қўйилган, бор-будимизи бу ишга тикдик. Энди бу охирги нуқта, агар бу йил ҳам шу ҳолат такрорланса, деярли барча иссиқхоначилар қўлини кўтаради. Бу масалани ҳукумат даражасига кўтариш керак. Агар ҳозир бу соҳа қуласа, кейин ҳеч ким бу иш билан шуғулланмай қўяди. Ҳукумат соҳани бошқа кўтара олмаслиги мумкин.

Яқинда иссиқхоналар агентлигига қарор лойиҳаси муҳокамасига чақирилдик. Анча муҳокама қилинишига қарамай, бу қарор ҳам чўкиб кетди шекилли. Бу соҳани ривожлантиришга комплекс ёндашилмаса бўлмайди. Аҳвол оғир.

Американи кашф қилиш керак эмас, ривожланган мамлакатлардан андоза олиб ривожлантириш мумкин. Соҳа зўр ривожланган Ҳолландияда ҳам иссиқхоналарга давлат ёрдам беради. Козоғистонда қурилган иссиқхонага ҳудудига қараб 50 фоизгача субсидиялар мавжуд. Фойдаланилган газга ҳам субсидия бор. Бизда-чи? Газ нархи қиммат. Ишлаб чиқариш корхоналарига учун газ нархи – 650 сўм, иссиқхоналарга – 1000 сўм...

Бунақа нархларда биз қандай қилиб ташқи бозорда рақобатлаша оламиз? Озарбойжон, Туркия, Туркманистон маҳсулотлари билан қандай рақобатлаша оламиз?

Ўғит масаласи ҳам. Бизда ўғит жуда қиммат ва сифатсиз. Турк агрономимиз сўраган бир дорини 180 доллардан олиб ишлатдим, таъсир бўлмади, ўзим бориб Туркиядан 54 доллардан олиб келдим, таъсири 2 баробар яхши бўлди... Бизда айнан ўша дори ҳам қиммат, ҳам сифатсиз. Бошқа тадбиркорлардан сўрасангиз ҳам айтади: бизда маҳсулот таннархига энг аввало газ, кредит ва ўғит таъсир қилади.

Акбар Абдураззоқов, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Дурмон ниҳол агро” МЧЖ раҳбари:

— З гектарда иссиқхонамиз бор. Қисман кредит, қисман инвесторлар маблағига қурилган. Асосий бозоримиз – Россия. Охирги бир неча йилдан бери Россия бозоридаги ўз ўрнимизи йўқотиб келяпмиз. Логистика қийинлиги, ўғит ва дориларнинг қимматлиги таннархни кўтариб юборган. Ваҳоланки, 10 йил аввал “ўзбек помидори” деган алоҳида номимиз бор эди.

Жуда кўп деҳқонларимиз Қозоғистонга чиқиб, уларнинг бозорини ривожлантириб берди... Ўзимизда уларга шароит яратиб бера олмадик.

Давлат раҳбари доим “экспорт салоҳиятимизни кўтарайлик” деб келяпти, қуйи раҳбарлар тескари иш қилиб, муаммо яратиш билан овора.

Газ олиш учун “Ҳудудгаз” билан тузиладиган шартномада мажбурий банд бор, унга кўра “Ҳудудгаз” хоҳлаган пайтда бир томонлама шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга, бошқача шартда шартнома тузолмайсиз.

Бунақа шароитларда ишлаш, кредитларни тўлаш жуда қийин. Кредит олиш учун катта миқдорда мол-мулк гаровга олинган, кредит бергандан кейин ўз ҳолига ташлаб қўйиляпти.

Газга аввалдан тўлов қиламиз, қолганлар тўламаса, биздан олишади, сизлар тўлов қилинглар деб. Лимит беришади. Об-ҳаво совуқ келса, керак бўлса 24 соат газ ёқишга тўғри келади, лимитдан ўтиб кетса 1,4 баравар тўлаш керак. Бундан ташқари, пеня тўлаш керак.

Ўтган йили электрда шунақа муаммо бўлди – айб “электросет”да эканини ўзлари ҳам тан олишди, аммо 85 млн сўм жарима тўладим, бўлмаса электр энергиясини ишлата олмасдим.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид