Мағлубиятдан ғалабагача. Британиянинг бўлажак бош вазири ҳақида нималар маълум?
Консерватив партия раҳбарлиги учун олдинги рақобатда мағлуб бўлганидан етти ҳафта ўтиб Риши Сунак иккинчи уринишда ғалабага эришди. Курашда қолган ягона рақиби ҳам пойгадан чиқишини эълон қилгач, у сайловда камида 100 нафар партиядоши томонидан қўллаб-қувватланган ягона номзод бўлиб қолди - бу эса уни ўз-ўзидан ғолибга айлантирди.
Шу тариқа, Сунак торилар партияси етакчисига, расмиятчиликлардан кейин эса Буюк Британиянинг навбатдаги бош вазирига айланади.
Август ойида собиқ молия вазири Риши Сунак Борис Жонсон истеъфосидан кейин бошланган бош вазирлик учун пойгадаги фаворитлардан бири эди.
Аммо ўшанда у Консерватив партияси аъзоларини ишонтира олмаганди: улар Лиз Трассни танлашган ва маълум бўлишича, улар адашишган.
Мамлакатдаги энг юқори лавозимни эгаллаш учун иккинчи уриниш муваффақиятли чиқди, айниқса Жонсон ўз номзодини қайтариб олганидан сўнг Сунак қаршисида у қадар машҳур ва кучли сиёсатчи бўлмаган Пенни Мордонт қолганди.
Риши Сунак ким ва у қандай раҳбар бўлиши мумкин?
Ёзги кампания даврида Сунак асосий эътиборни Буюк Британия иқтисодиётига қаратган ва инқироздан чиқиш режаларини таклиф этганди.
Сунак ўшанда BBC билан интервьюда «ёлғон ваъдалар билан ғолиб бўлиш»дан кўра, пойгада мағлубиятга учрашни афзал кўришини айтганди - у бу орқали солиқларни камайтиришни ваъда қилаётган рақиби Лиз Трассга ишора қилганди.
Якунда Трасс бош вазирга айланди, аммо унинг бошқа маблағ манбайини кўрсатмаган ҳолда солиқларни қисқартириш бўйича берган радикал таклифлари бозорда шу қадар катта ваҳима уйғотдики, бир ой ўтмасдан бу режадан воз кечишга мажбур бўлди.
Натижада янги Тэтчер бўлишга уринган Лиз Трасс бош вазирлик лавозимидан маҳрум бўлди.
Риши Сунак сўнгги вақтларда бозорларда кузатилган нотинчликлар юзасидан муносабат билдирмади, у бош вазирликка номзодини мамлакатни «чуқур иқтисодий инқироз»дан олиб чиқиш, шунингдек торилар партиясини бирлаштириш учун қўйганини айтди.
Якшанба куни унинг номзодини Жереми Ҳант қўллаб-қувватлади, аввалги сайловларда бош вазирликка номзод бўлган Ҳантни Лиз Трасс бозордаги вазиятни ўнглаш учун молия вазири этиб тайинлаганди. Ҳантнинг сўзларига кўра, Сунак мамлакатнинг «узоқ муддатли фаровонлиги учун зарур бўлган танловлар»ни амалга оширади.
Сунак 2020 йил февралида бош вазир бўлган ва бир неча ҳафта ўтиб бошланган пандемия ва давомли локдаунлар шароитида Буюк Британия иқтисодиётини бошқариш зарурати қаршисида қолганди.
Ичкилик ичмайдиган ва анча ёш бўлган бу йигит - биринчи локдаун вақтида у 40 ёшда эди - бошқарувда ишончли ва мустаҳкам қўл бўлиб туюлади.
2020 йил баҳорида у мамлакатга пандемияни енгиб ўтиш учун талаб қиладиган барча ишни қилишга ваъда беради ва фуқаролар ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш учун жами 350 млрд фунтлик ёрдам ажратилишини эълон қилади. Унинг шахсий рейтинги сўровларда кескин юқори кўтарилади.
Аммо Буюк Британия иқтисодиёти ҳамон бўронли эди. Сунакнинг ўзини эса 2020 йил июнида полиция Даунинг-стритда локдаун қоидаларини бузгани учун жаримага тортади.
Апрел ойида айрим консерватор танқидчилар миллионер Сунак британияликлар дуч келаётган яшаш нархлари ўсиши кўламини аниқ тушуна олишига шубҳа билдиришади.
Ўшанда Сунак ва унинг оиласининг маблағлари жамоатчилик диққат марказига чиқади - худди унинг отасининг Ҳиндистондаги Infosys компаниясидаги улуши туфайли олдинги йили 10 млн фунтдан ортиқ маблағни дивиденд сифатида олган рафиқаси Акшата Муртининг солиқ иши каби.
Уни нерезидент мақомида Британияда солиқ тўлашдан қочишда айблашади, Мурти хоним эса турмуш ўртоғига сиёсий босим пасайиши учун ўзининг хориждаги даромадларидан Британияда солиқ тўлай бошлаганини эълон қилади.
Лейбористлар эса Сунак қачондир «солиқ жаннатлари»дан фойдалангани эҳтимолига қизиқиб қолишади.
Independent газетаси 2020 йилда Британия Виржинияси ва Кайман оролларидаги трастларнинг бенефициарлари рўйхатига киритилгани ҳақидаги ҳисоботга таяниб, у бундай имкониятдан фойдаланганини ёзиб чиқади. Сунакнинг вакиллари эса у бу айбловларни тан олмаслигини маълум қилишади.
Риши Сунак
- Ёши: 42 ёш
- Туғилган жойи: Саутҳемптон
- Яшаш жойи: Лондон ва Йоркшир
- Таҳсил олган: Винчестер коллежи, Оксфорд университети, Стэнфорд университети
- Оиласи: Тадбиркор Акшата Муртига уйланган, икки қизи бор
- Парламентга сайлов округи: Ричмонд (Йоркшир графлиги)
Сунакнинг ота-онаси келиб чиқишига кўра ҳиндистонликлар бўлиб, Буюк Британияга Шарқий Африкадан келишган.
У 1980 йилда Саутҳемптонда туғилган, бу ерда унинг отаси терапевт бўлиб ишлаган, онаси дорихонага эгалик қилган ва бошқарган.
У бадавлат оилаларнинг фарзандлари ўқийдиган Винчестер коллежи хусусий мактабида таълим олади, ёзда эса Саутҳемптондаги ресторанда официант бўлиб ишлайди. Кейин Сунак фалсафа, сиёсат ва иқтисодиётни ўрганиш учун Оксфордга ҳужжат топширади.
Стэнфорд университетида МВА дастури бўйича ўқиётганида у бўлажак рафиқаси - ҳиндистонлик миллиардер, IT-хизматлар соҳасидаги улкан Infosys компанияси асосчиси Нараяна Мертининг қизи Акшата Мурти билан танишиб қолади.
Жуфтликнинг икки қизи бор, аввалги сайловолди кампанияси чоғида Сунак иқлим ўзгаришлари масаласида гапирар экан, қизларини тез-тез эслаб ўтади. BBC теледебатида глобал исиш ҳақидаги саволга бир сафар уйида бу борада мутахассис бўлган ёш қизларининг маслаҳатига қулоқ тутганини айтади.
2001 йилдан 2004 йилга қадар Сунак Goldman Sachs’да таҳлилчи бўлиб ишлаган, кейин эса иккита ҳедж-фондда ҳамкор бўлган.
У парламентдаги энг бадавлат депутатлардан саналади, аммо ўз бойлиги ҳақида ошкора фикр билдирмайди.
Сунакнинг бойлиги ва нуфузли хусусий мактабда ўқигани ҳам тез-тез муҳокамалар марказида бўлиб туради.
Sky News телекомпанияси бошловчиси Кей Берли ундан бош вазир бўлиш учун у ҳаддан ташқари бадавлат одам ҳисобланиши ҳақидаги даъволарга муносабатини сўрайди. Бунга жавобан Сунак инфляция барча фуқароларга зарба бергани, у эса олдинги сайловлардаги дастурида Лиз Трассдан фарқли ўлароқ биринчи навбатда кам таъминланганларга ёрдам кўрсатишга эътибор қаратганини эслатади.
2015 йилда Сунак Йоркширдаги Ричмонд шаҳридан парламент аъзолигига сайланади ва Тереза Мэй ҳукуматида кичикроқ лавозимни (вазир ёрдамчиси) эгаллайди. Кейинги бош вазир Борис Жонсон эса уни ғазначилик бош котиби этиб тайинлайди.
2020 йил февралида у молия вазири этиб тайинланади ва дастлаб Жонсонни фаол қўллаб-қувватлайди, аммо кейин истеъфога чиқиб, унинг иқтисодиётга бўлган ёндашуви бош вазирникидан тубдан фарқ қилади деб ҳисоблашини айтади.
Сайловолди кампанияси даврида Сунак Жонсонга содиқ бўлгани, аммо унинг ҳукумати жиддий ахлоқий масалаларда «бошқа томонда тургани» учун истеъфога чиққанини айтади.
Сунак - Brexit тарафдори бўлган ва Буюк Британия Евроиттифоқдан чиқиши учун овоз берган. Yorkshire Post газетасига берган интервьюсида у бу қадам Буюк Британияни янада эркин, адолатли ва фаровон қилишига ишонишини билдирган.
Уни Brexit учун овоз беришга ундаган яна бир сабаб миграция бўлган.
«Мен саводлилар қатлами иммиграцияси мамлакатимизга фойда келтириши мумкинлигига ишонаман. Аммо биз ўз чегараларимизни назорат қилишимиз керак», деган у.
Сунак Тереза Мэй Евроиттифоқдан ажралиб чиқиш ҳақидаги таклифни парламент муҳокамасига қўйганида уч сафар ҳам «ҳа» деб овоз берган.
Идентификация аҳамиятга эга
Сунак Буюк Британияда туғилган, аммо илдизлари бошқа мамлакатларга тақаладиган иммигрантлар авлодига мансуб.
Унинг сўзларига кўра, ўзлик унинг учун аҳамиятга эга.
2019 йилда BBC учун берган интервьюсида Сунак шундай деган: «Маданий тарбия нуқтайи назаридан дам олиш кунлари ибодатхонага бораман - мен ҳиндуистман - аммо шанба кунлари футболга ҳам бораман».
Интервьюда у омади келгани, болалигида ирқчилик ҳолатларига дуч келмаганини айтади, аммо у бутун умрга эслаб қолган бир ҳодиса бўлган.
«Мен кичик укам ва кичик синглим билан шунчаки айланиб юрардим, мен ёшликдан баҳра олардим, тахминан ўн беш ёшларда эдим, биз фастфуд-ресторанга киргандик ва мен шунчаки уларни олиб юргандим. Ёнимизда одамлар ўтирарди, бунақа ҳолатга биринчи бор тўқнашишим эди, улар жуда ёқимсиз гапларни айтишарди. «П» ҳарфидаги сўз (Ҳиндистондан келган одамларни англатувчи жаргон сўз). Бу жуда оғриқли эди. Мен шу вақтгача буни эслаб юраман. Бу менинг хотирамга ўрнашиб қолган. Одамни турлича ҳақорат қилишлари мумкин».
Аммо у бугунги кунда Буюк Британияда бу каби ҳолат бўлишини тасаввур қила олмаслигини қўшимча қилган.
«Мен Киевга учаман»
«Агар мен бош вазир бўлсам, саъй-ҳаракатларимизни икки баробар ошираман ва Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсатимизни кучайтираман», дея ваъда берганди Сунак ёзги кампания вақтида.
"If I become Prime Minister, I will redouble our efforts and reinforce our policy of total support for Ukraine that Boris has so ably led."https://t.co/mvofksmPYq
— Rishi Sunak (@RishiSunak) July 18, 2022
Sign up 👉 https://t.co/3cXn1rFhca pic.twitter.com/6jwE2MbF0h
«Президент Зеленский, Украинанинг жасур фуқароси, шубҳа қилманг: яқин ҳафталарда бу ерда нималар бўлишидан қатъи назар, Бирлашган Қироллик сизнинг энг кучли иттифоқчингиз бўлиб қолади», деганди у.
Сунак унинг бош вазир сифатидаги илк хорижий сафари Киевга бўлишини ҳам айтган.
24 август куни Украина мустақиллиги кунида Сунак инглиз тилида нашр қилинадиган Kyiv Post газетасида Украина халқига мактубини эълон қилганди, унда нима рўй бермасин, Британия Украинанинг энг барқарор ва энг кучли иттифоқчиси бўлиб қолиши ваъда қилинганди.
Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён, ўша вақтда молия вазири бўлган Сунак очиқчасига Киевни қўллаб-қувватлаган, шу билан бирга бундай қўллаб-қувватлов Британия бюджетига арзонга тушмаётганини тан олган.
Аммо айрим таҳлилчилар қайд этишича, қиш яқинлашаётгани, энергия нархи ошиши ва Британия иқтисодиётининг умумий аҳволи ёмонлашгани сабабли бу қўллаб-қувватлов яна қанча давом этиши ва қандай ҳажмда бўлишини олдиндан айтиш қийин.
Мавзуга оид
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46 / 10.11.2024
Британияда одамларнинг ДНК маълумотларини сақлаб келган компания изсиз йўқолди
18:17 / 08.11.2024
АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди
22:11 / 07.11.2024