Фан-техника | 20:05 / 29.10.2022
70618
5 дақиқада ўқилади

Jeep’нинг илк электромобили, «жилмайиб» турган Қуёш ва рақамли паспорт — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

«Жилмайиб» турган Қуёш

Фото: NASA

NASA Қуёш динамикаси космик обсерваторияси Қуёшнинг қизиқарли суратини эълон қилди.

Суратга олиш чоғида қуёш шамоллари табассумга ўхшаш нақш ҳосил қилган.

Мутахассислар фикрига кўра, Қуёшдаги қоронғи ҳудудлар — паст ҳароратли ва зич плазмали бўлиб, «тож тешиклари» деб аталади. Бу жойлардан қуёш шамоллари коинотга отилиб чиқади. Уларнинг фотосуратдаги ғайритабиий жойлашуви шунчаки тасодиф ҳисобланади.

Jeep ҳам электромобил ишлаб чиқаришни бошлайди

Фото: Jeep

Jeep компанияси Париж халқаро автосалонида ўзининг энг ихчам модели – Avenger кроссоверини намойиш этди. Бу бренд тарихидаги илк электромобил бўлади ва биринчи навбатда Европа бозори учун сотувга чиқарилади.

Автомобил 6та режимда ҳаракатланади: «Оддий» (кундалик ҳайдаш учун), «Спорт», «Эко» (қувватни тежаш учун), «Қор», «Лой» ва «Қум».

Jeep Avenger тўлиқ қувват билан 400 кмгача масофа босиб ўтиши мумкин. Кроссовернинг устун жиҳати тез қувват олишида: аккумулятори 20 фоиздан 80 фоизгача тўлиши учун 24 дақиқа вақт етарли бўлади. Шунингдек, ҳар уч дақиқалик қувват қўшимча 30 км юриш имкониятини беради.

Avenger Польшадаги Fiat заводида сотувга чиқарилади ва бу жараён 2023 йилнинг март ойида бошланиши режалаштирилган.

Рақамли паспорт

Жанубий кореяликлар 2024 йилдан бошлаб паспорт ўрнига блокчейн асосида ишлайдиган рақамли идентификациядан (ID) фойдаланишга ўтиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Корея ҳукумати режасига кўра, келажакда рақамли идентификаторлар мобил қурилмаларга илова кўринишида ўрнатилади. Икки йил ичида 45 миллион фуқаро рақамли паспортга ўтказилиши мумкин. Ушбу лойиҳа 10 йил ичида 60 триллион вон (42 милииард доллар) иқтисодий фойда келтириши прогноз қилинган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, рақамли идентификаторлардан кенг фойдаланиш маъмурий ишларда вақтни тежаш, иш ҳақи тўлашда фирибгарликни камайтириш, истеъмол кредитларини кенгайтириш, шунингдек, савдо ва янги бозорлар яратишни осонлаштириши мумкин.

300 минг долларлик учар автомобиль

Калифорниянинг Alef Aeronautics стартапи ўзининг янги прототипи — электр двигателларга эга ҳамда оддий йўлларда ҳам юра оладиган Model A учар автомобилини тақдим этди.

Model A тўрсимон корпусга эга ва у юк кўтарувчи конструкция вазифасини ҳам бажаради. Унинг ичида 8 та парракка эга 4 та двигатель ўрнатилган, шунингдек, оддий ғилдираги ҳам бор. Ҳайдовчи ва йўловчи капсуласимон кабинада ўтиришади. Машина корпуси горизонтал парвоз чоғида қанот вазифасини ҳам бажаради.

Бундай автомобиль махсус майдонлардан эмас, исталган жойдан парвоз қила олиши мумкин. Айни пайтда тажрибавий ишлаб чиқариш бошланган, илк серияли моделлар 2025 йилнинг IV чорагида бозорга чиқарилади. Олдиндан буюртма билан автонинг нархи 300 минг доллар қилиб белгиланган.  

Telegram’да пулли обуначилар учун янги функция пайдо бўлади

Android операцион тизими учун Telegram’нинг бета-версиясида «юмалоқ видео» деб аталувчи кирувчи видеохабарларни матнга айлантира оладиган функция пайдо бўлган.

Шифрлашни ўқиш тугмаси босилганда видеохабар «хабар пуфаги» кўринишини олади ва тайёр матн пайдо бўлади. Овозли хабарларни матнга айлантириш функцияси каби янгилик фақат Telegram Premium пулли обуначилари учун имконли бўлади.

YouTube’нинг янги дизайн ва функциялари

Фото: ixbt.com

Google компанияси YouTube плейерининг барча қурилмалар учун дизайни ўзгартирилаётганини эълон қилди.

Эндиликда видеороликларни айлантиришда хронометраж тасмасида аниқ превью кадри кўриниб туради. Бу эса фойдаланувчиларга видеодаги кадрлар бўйича керакли лаҳзаларни осонгина топиб олиш имконини беради.

Фойдаланувчилар шунингдек, худди фотогалереялардаги суратларни катталаштириб кўргандек, тасвирни бармоқлари билан кенгайтириш имконига ҳам эга бўлишади. Ушбу функция pinch-to-zoom деб номланди. Аввалроқ Google ушбу опцияни YouTube Premium обуначилари орасида синаб кўрган.

Шунингдек, YouTube’да «рангни динамик танлаш» деб аталувчи функция ҳам пайдо бўлмоқда. Бу функция шарофати билан интерфейснинг ранг гаммаси видеодаги устунлик қилаётган рангга қараб тусини ўзгартиради. Иловалар ва веб версиядаги қора мавзулар янада қоронғилашади: агар кулранг туслардан фойдаланилган бўлса, энди уларнинг барчаси бирдек қора тусда бўлади. 

Мавзуга оид