Ўзбекистон | 19:41 / 29.10.2022
9300
7 дақиқада ўқилади

Халқаро юк ташувда электрон рухсатнома тизими жорий этилмоқда

Туркий давлатлар ўртасида халқаро юклар мултимодал шаклда, яъни аралаш транспорт воситалари орқали ташилиши йўлга қўйилади. Транспорт вазирлари Тошкентда ўтган йиғилишда расмийлаштирув жараёнларини соддалаштиришга келишиб олди.

Халқаро форумлар саройида ўтган йиғилишдан сурат / Фото: Kun.uz

28 октябр куни Тошкентда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар транспорт вазирларининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йиғилиш 11 ноябр куни Самарқандда бўладиган Туркий давлатлар раҳбарларининг илк саммити олдидан ўтказилди.

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бу йиғилиш халқаро юк ташувлари учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон иқтисодиёти шиддат билан ўсаётган вақтда экспорт ва импорт маҳсулотларини етказишда бир қанча қийинчиликларга дуч келяпмиз. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги йиғилишда қатнашаётган мамлакатлар мазкур халқаро йўналиш ва транспорт корридорларида иштирок этувчи давлатлар ҳисобланади. Ўзбекистоннинг юклари шимолга ёки Европа мамлакатларига қараб ташилаётганда шу мамлакатларга дуч келишимиз аниқ.

Йиғилишимизнинг энг асосий мақсади – мана шу транспорт йўлакларини ривожлантиришдир. Яъни халқаро юк ташувларида мазкур давлатлар бир-бирининг юкларига нисбатан қулайликлар, баъзи тарифлар доирасида имкониятлар яратиш, рақамлаштириш ҳисобига чегаралардаги вақтларини тежашни кўзда тутганмиз. Шунинг учун йиғилиш доирасида 2 та ҳужжатни тайёрлаб олдик. Бу ҳужжатлар 11 ноябрда ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти мамлакат раҳбарлари даражасида имзоланади. Бугун биз керакли келишувларга эришдик, ушбу ҳужжатлар шунчаки ҳужжатлигича қолмайди. Шунга асосан халқаро юк ташувчиларимизга барча шароитларни яратиб бериш имкониятига эга бўламиз”, – деди Илҳом Маҳкамов.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар байроғи, тадбир иштирокчилари / Фото: Kun.uz
Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон транспорт вазири / Фото: Kun.uz

Тадбирда ташкилотга аъзо давлатларнинг транспорт вазирлари, темирйўллар ҳамда порт логистика раҳбарлари иштирок этиб, соҳага оид иккита муҳим ҳужжатни имзолашди.

Тадбирдан сурат / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги
Тадбирдан сурат / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги

Шу икки ҳужжатнинг бири “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида”ги битим бўлиб, унга асосан, мазкур давлатлардан ўтадиган халқаро юкларни мултимодал шаклда, яъни аралаш транспорт воситалари орқали ташиш осонлашади.

Турли транспорт воситалари орқали юкни манзилга етказиш қимматга тушмайдими? Логистика харажатлари ошиши етказиб берилаётган маҳсулотнинг ҳам таннархи кўтарилишига олиб келмайдими? Бу саволларга жавобан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматовнинг айтишича, юк ташувчилар учун тарифлар ва чегирмалар бўлади.

“Халқаро юк ташувлар битими доирасида яна алоҳида давлатлар, темирйўл администрациялари раҳбарлари билан ўзаро келишиладиган тарифлар бор. Бу тарифлар орқали ҳам мазкур жараён тартибга солинади.

Шунингдек, бизнинг 6 томонлама келишувимиз ҳам бор. Яъни Ўзбекистондан 2019 йилда 5 та мамлакат темирйўл администрация раҳбарлари билан келишган эди, олтинчи бўлиб Туркия қўшилди. Бу мамлакатларнинг тарифларида 70 фоиз миқдорида чегирмалар берилган. Бу тарифлар ҳар йили кўриб чиқилади ва кейинги йил учун тасдиқланади. Шунинг учун темирйўл раҳбарларининг илк йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ердаги кун тартиби масалалари ичидан ушбу тарифларни кўриб чиқиш ҳам ўрин эгаллаган”,– деди марказ директори.

Юқорида айтилган масалалар фақатгина темирйўлга тааллуқли, мултимодал шаклда юк ташишда эса авто ёки ҳаво йўллари транспортидан фойдаланиш ҳам мумкин.

Тадбирда имзоланган иккинчи ҳужжат, яъни транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик дастури асосида биргаликда ишлаш келишиб олинди.

Дастурга мувофиқ, мамлакатлар ўртасида электрон ҳужжатлар тизими жорий этилмоқда. Қайд этилишича, дунёда ҳали ҳеч бир давлат айнан халқаро юк ташувларда электрон рухсатнома алмашишни йўлга қўймаган. Яқиндан бошлаб Ўзбекистон ва Туркия ўртасида илк маротаба шу иш амалга оширилмоқда. Эндиликда халқаро юклар Туркияга электрон рухсатнома орқали етказиб берилади.

Туркия вакиллари билан лента кесишдан сурат / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги
Туркия вакиллари билан лента кесишдан сурат / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги

“E-Permit тизими йўлга қўйилди. Илгари юк ташувчи ҳайдовчилар қўлига чегарадан ўтиш ҳақидаги рухсатнома қоғоз шаклида берилар эди. Навбатда туриб, тирбандликда шу қоғоз шаклидаги рўйхатномаларни кўрсатишга тўғри келарди. Эндиликда буларнинг барчаси онлайн форматга ўтказилди. Чегараларимизда ниҳоятда кўп йўналишларда ҳужжат алмашинув ишлари мавжуд. Биз шуларнинг барчасини рақамлаштирган ҳолда E-Permit, E-Tir каби лойиҳаларни интеграция қилиб келяпмиз. Хусусан, бундан кейин Туркия билан ишлашимиз давомида битта ҳам қоғоз ишлатмасдан олдиндан хабар бериш услубида ишлашни бошлаймиз. Яъни айтмоқчи бўлганим, бугунги кундаги тирбандликларда иштирок этмасдан, ундан ўтиб кетиш имкониятини яратишга қадам қўйдик”, – дея таъкидлайди вазир Илҳом Маҳкамов.

“Халқаро юк ташувларда рухсатнома тизими мавжуд. Туркия билан Ўзбекистон ҳар йили рухсатнома қоғозларини алмашади ва шу рухсатномада белгиланган квота асосида юк ташилади. Яъни мана шу параметрларда мингта квота белгиланса, мингта транспорт воситаси ўша давлатга кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳар бир мамлакат ўзининг маҳаллий ташувчиларини ҳимоя қилиш ва ички бозорини ривожлантириш мақсадида олиб борадиган транспорт сиёсати ҳисобланади. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатлараро келишувлар қилингач, амалга оширилади. Ўзбекистоннинг автомобил ташувлари бўйича 30дан ортиқ мана шундай халқаро келишувлари бор. Бунда айрим давлатлар билан рухсатнома тизими мавжуд, баъзилари билан эса йўқ. Масалан, Қозоғистон билан тўғридан тўғри рухсатнома тизимисиз ҳам ишлаймиз, аммо бу давлат транзит ролини эгалласа, бизга рухсатнома тизими керак бўлади”, – деди Бекзод Холматов.

Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси 8,3 млрд долларни ташкил этган, шундан экспорт ҳажми 3,1 млрд доллар, импорт ҳажми 5,3 млрд доллар бўлган.

Худди шу йили мазкур мамлакатлар билан 27,6 млрд тоннага тенг юклар темирйўл ва автомобил орқали ташиб ўтилган.

Мавзуга оид