Жаҳон | 15:31 / 02.11.2022
7827
2 дақиқада ўқилади

«Билайн»нинг нидерландиялик эгаси Россиядаги активларини сотяпти

Veon холдинг компанияси Россиядаги бизнеси сотилишини эълон қилди. Россияда у «Билайн» бренди остида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи «Вымпелком» компаниясига эгалик қилади. 

Фото: AP

Россияда «Билайн» бренди остида фаолият юритувчи Россиянинг «Вымпелком» ЁАЖга эгалик қилувчи Нидерландияда жойлашган Veon телекоммуникация холдинги Россиядаги активларини сотиш бўйича рақобат жараёни бошланганини эълон қилди. Компания барча манфаатдор томонлар, жумладан, Veon, унинг Россия бўлинмалари, акциядорлари, кредиторлари, мижозлари, Россиядаги ва ундан ташқаридаги ходимлари учун оптимал натижани тақдим этиш ниятида, деб маълум қилди Veon 2 ноябрь, чоршанба куни. 

Баёнотда аниқлик киритилишича, мақбул таклифни олиш ва сотиб олиш бўйича келишувга эришиш кафолати бўлиши мумкин эмас. 

Айни пайтда «Коммерсант» ўз манбаларига таяниб, Veon Россия активларини маҳаллий топ-менежментга ўтказиш ниятида эканлигини ёзди. «Вымпелком» матбуот хизмати нашрга «компания акциядори дўстона юрисдикциядан чет эл холдинги бўлганлиги сабабли компанияга кўплаб тартибга солувчи чекловлар жорий этилганини» айтди. «Вымпелком» вакилининг сўзларига кўра, натижада компания ўз рақобатчиларига нисбатан унчалик қулай позицияда эмас. 

Veon холдинг компанияси Россия, Украина ва МДҲнинг бир қатор бошқа мамлакатлари, шунингдек, Осиё ва Африканинг айрим давлатларида телекоммуникация активларини назорат қилади. У «Билайн» бренди остида уяли ва стационар алоқа, симли ва симсиз интернетга уланишни таъминлайдиган Россиянинг «Вымпел-Коммуникации» («Вымпелком») компаниясининг 100 фоиз акцияларига эгалик қилади. «Вымпелком» 1992 йилда Дмитрий Зимин ва бошқа тадбиркорлар томонидан ташкил этилган, 2009 йилдан бери у Veon тузилмаси таркибига киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид