Жаҳон | 11:59 / 02.11.2022
13892
10 дақиқада ўқилади

«Тропикдаги Трамп» ютқазди, унинг тарафдорлари йўлларни тўсмоқда

Бразилиядаги сайловларда амалдаги президент, ашаддий консерватор Жаир Болсонаруни собиқ президент, аввалига коррупция учун қамалиб, кейин озодликка чиққан социалист Лула да Силва мағлуб этди. Бу бутун дунёдаги либераллар учун ғалаба ҳисобланади.

Фото: Reuters

Бразилияда 30 октябр куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди, унда мамлакатни 2003-2010 йилларда ҳам бошқарган ва айни вақтда 77 ёшда бўлган Луис Инасиу Лула да Силва ғалаба қозонди. У ўз рақиби — мамлакатнинг амалдаги президенти Жаир Болсонаруни атиги 1,8 фоизлик фарқ билан ортда қолдирган. Лула да Силвани ғалаба билан кўплаб мамлакатлар раҳбарлари, жумладан АҚШ президенти Жо Байден, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ҳамда Канада бош вазири Жастин Трюдо табриклади. Аргентина президенти Альберто Фернандес эса Лула да Силванинг ғалабасини «Лотин Америкасида янги давр бошланиши» деб атади.

Лула да Силва Бразилиядаги президентлик сайловларидаги ғалабадан кейин. Сан-Паулу, 2022 йил 30 октябр
Mauro Horita / Getty Images

Лула да Силва ўз сиёсий фаолиятини 1970-йилларда ишчи-металлурглар касаба-уюшмаси етакчиси сифатида бошлаган, 1980 йилда Меҳнаткашлар партияси асосчиларидан бирига айланган. Да Силва 1994 ва 1998 йиллардаги президентлик сайловларида шу партиядан номзодини илгари сурган. У фақат 2002 йилга келиб президентлик пойгасида ғолиб чиқишга муваффақ бўлади, 2006 йилда эса иккинчи муддатга қайта сайланади.

Унинг президентлиги хомашёга глобал талаб ўсиши натижасида юзага келган иқтисодий ўсиш даврига тўғри келди ва The Washington Post нашрига кўра, унинг бошқарув даври миллионлаб одамларни қашшоқликдан қутқарган кенг кўламли ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари билан ёдда қолади. Лула да Силванинг президентлик муддати якунида рейтинги 85 фоиздан ошарди.

2014 йилда Бразилияда «Автомойка» амалиёти бошланади, у мамлакат тарихидаги энг йирик коррупцион можарога айланади. Тергов фигурантлари ҳокимиятнинг юқори эшелонлари вакиллари эди. Тергов давомида қарийб 300 киши ҳибсга олинади ва 278 та айблов ҳукмлари чиқарилади. 2017 йилда Лула да Силва коррупцияда айбдор деб топилиб, тўққиз ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Кейинроқ Олий суд унинг муддатини 12 йилу бир ойга оширади. 2019 йил февралида эса суд Лула да Силвани 12 йилу 11 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилади.

Собиқ президент 580 кунни қамоқда ўтказади. У 2019 йил ноябрида озодликка чиқади, 2021 йилда эса Олий суд процессуал қонунбузарликлар туфайли Лула да Силвага қарши барча суд жараёнларини бекор қилади.

Бу коррупцион можаро 2011-2016 йилларда Бразилияга президентлик қилган Дилма Руссефнинг истеъфоси сабабларидан бири бўлганди. Унинг ўрнини Мишел Темер эгаллайди. 2017 йилда эса прокуратура Темерни ҳам коррупцияда айблайди, аммо Бразилия парламенти президентга қарши айбловни Олий судга оширишдан бош тортади. The New York Times нашрига кўра, бу вақтга келиб Темернинг рейтинги 7 фоизни ташкил этарди ва у 2018 йилги президентлик пойгасида иштирок этмасликка қарор қилади.

Айнан доимий коррупцион можаролар фонида 2019 йилда Бразилияда ҳокимият тепасига ўта ўнг сиёсатчи, «Тропикдаги Трамп» лақабини олган Жаир Болсонаруни олиб келинади. Сайланишидан анча олдин Америка матбуотида унга «аёллардан нафратланувчи дунёдаги энг йирик сиёсатчи» деб ном берилган, Австралия нашрлари — «дунёнинг энг нафратга сазовор сиёсатчиси», Британия нашрлари эса — «диний миллатчи», «ўнг демагог» ва «диктатура маддоҳи» деб аташган.

Болсонарунинг сиёсий фаолияти 1988 йилда бошланган, ўшанда уни Рио-де-Жанейро шаҳар кенгашига сайлашган, икки йил ўтиб эса Бразилия конгрессининг қуйи палатасига сайланган ва бу ерда кейинги 27 йил мобайнида ишлаган.

Болсонарунинг президентлиги коронавирус пандемиясига тўғри келди. У охирига қадар бўлаётган ҳодисаларнинг жиддийлигини рад этди ва самараси тасдиқланмаган препаратлардан фойдаланган ҳолда фаол ташвиқот олиб борди, далиллар келтирмаган ҳолда вакциналарни танқид қилди, шунингдек ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақиш қоидаларини инкор этди. 2021 йилда Бразилия Федерал сенатининг ҳукуматнинг пандемияга қарши курашдаги фаолиятини текшириш бўйича комиссияси мамлакат президентини касаллик тарқалишига олиб келган ва 700 мингга яқин киши ўлимига сабаб бўлган қатор жиноятлар содир этишда айблади.

Президентлик лавозимида эканида Болсонару тропик ўрмонларни кесиш суръатларини оширган, шунингдек ўқотар қурол сотиб олишни соддалаштирганди. Бразилия эса бунгача ҳам қасддан содир этилган қотилликлар кўрсаткичи бўйича дунёда етакчи давлатлардан саналарди. BBC ҳисобларига кўра, 2018 йилдан буён қурол учун рухсатномалар берилиши қарийб 500 фоизга ошган.

CNN хабарига кўра, сўнгги тўрт йилда Бразилияда ижтимоий тенгсизлик даражаси ҳам ўсган — бу даврда тўққиз миллиондан ортиқ киши қашшоқлик чегарасида яшаган, саводлилик ва мактабга бориш даражаси сезиларли даражада пасайган. 2020 йилда OCCRP Жаир Болсонаруни жиноятчилик ва коррупцияни рағбатлантиришга қўшган ҳиссаси бўйича «йил одами» деб топди.

Сўнгги йил давомида Болсонару бир неча бор Бразилиядаги сайлов тизимини танқид қилди. Ўз чиқишлари, интервьюлари ва ижтимоий тармоқларда қолдирган постларида у мамлакатда сайловлар натижалари сохталаштирилиши ҳақида доимий равишда айтиб келди. 2022 йилги сайловлар арафасида у бир неча бор сайловдаги мағлубиятни тан олмаслигига ишора қилди.

Тан олмади, лекин ҳокимиятни топширади

Жаир Болсонару сайловдаги мағлубиятидан икки кун ўтибгина омма олдида кўриниш берди, у мағлубиятини тўғридан тўғри тан олмади, лекин сайлов натижалари бўйича баҳслашмайдиган бўлди, унинг аппарати раҳбари эса Болсонару ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлашга топшириқ берганини маълум қилди.

Сайловлардан олдин Жаир Болсонарунинг мухолифлари у мағлубиятга учрагудек бўлса, Трампдан ўрнак олган ҳолда натижалар сохталаштирилганини айтиши ва мамлакатда фуқаролар икки лагерга ажралиб, можаро бошланишидан хавотирланаётганди.

Болсонарунинг сайловлардан олдинги риторикаси шундай хавотирлар уйғотарди, унинг сайловлардан кейин узоқ вақт сукут сақлаши эса асабийликни янада оширганди.

Аммо сешанба куни кечқурун мағлубиятга учраган президент камералар қаршисида қисқагина баёнот билан чиқди, у ўзи учун овоз берган ўнг либерал қарашларга эга ватандошларига миннатдорчилик билдирди ҳамда қонунга риоя қилишга ваъда берди.

«30 октябр куни менга овоз берган 58 миллион бразилияликка раҳмат айтмоқчиман», - деди сиёсатчи. Ўз тарафдорларининг сайловдан кейинги норозиликларини изоҳлар экан, Болсонару бу намойишлар «ғазаб ва сайлов жараёнининг ташкил этилишига нисбатан адолатсизлик туйғуси натижаси» деб таъкидлади.

«Мен республика президенти бўлсам ҳам, унинг фуқароси эканимда ҳам конституциянинг барча талабларига риоя этаман. Мен каби иқтисодий эркинликлар, диний эътиқод ва сўз эркинлиги, адолат ва байроғимиз рангларини ҳимоя қилаётган миллионлаб бразилияликлар етакчиси бўлиш мен учун шараф», деган Болсонару.

Унинг чиқишидан сўнг президент аппарати раҳбари Чиру Ногейра ҳокимиятни топшириш жараёни бошланишини айтди ва якшанба кунги сайловларда устун келган Луис Инасиу Лула да Силвани янги сайланган президент деб атади.

«Жаир Месиаш Болсонару менга қонун асосида ҳокимиятни ўтказиш жараёнини бошлашни топширди. Меҳнат партияси президент Лула номидан келаётган пайшанба куни янги вице-президент Жеральду Алкминанинг инаугурациясини расмийлаштиради. Биз қонунга риоя этиш учун бу расмийлаштирувни кутамиз», деган Ногейра.

Юк машина ҳайдовчилари акцияси

Болсонаруни қўллаб-қувватлаган юк машина ҳайдовчилари сайловлардан кейин дарҳол бутун мамлакат бўйлаб йўлларни ёпа бошлади ва бу энг зарур маҳсулотлар етказиб берилишида жиддий муаммоларга олиб келди. Ҳайдовчиларнинг лавозимини тарк этаётган президентга симпатияси шу билан изоҳланадики, унинг маъмурияти дизел ёнилғисини пасайтирилган нархларда сотишга буйруқ берганди.

Собиқ президент тарафдорлари орасида юк машиналари ҳайдовчилари кўп. Фото: Reuters

Душанба куни кечқурун ҳолатига кўра йўл полицияси йўлларда 342 та шундай тирбандлик ҳолатларини қайд этишган, бу ҳолатлар асосан мамлакат жанубида қайд этилган. Олий суд судьяси Алешандру де Мораэш намойишчиларни тарқатиб юборишни буюргани ва буйруққа риоя қилмаган ҳайдовчилар блокаданинг ҳар бир соати учун 100 000 риал (20 минг доллар атрофида) миқдорида жаримага тортилиши хавфи юзага келганидан кейин полиция бир қанча тирбандликларни бартараф этган.

Болсонару ўзининг қисқа нутқида намойишга чиққан тарафдорларини қораламади ва уларни тарқалишга чақирмади, фақат уларни бегоналарнинг мулкига зарар етказмаслик ва фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига халал бермасликка чақирди.

Бразилиядан BBC мухбири Кэти Уотсоннинг хабар беришича, у ердагиларнинг ҳеч бири у жангсиз таслим бўлишини кутишмаган, чунки у доимо ўз лавозимидан фақат яратган кетказа олишини таъкидлаб келарди.

Сайловларгача ҳам у кўп бор мамлакатдаги сайлов тизимига шубҳа билан қарашини такрорлаб келган.

Бразилия йўл полицияси душанба куни кечқурун мамлакат ҳудудидаги автомагистралларда 342 та жойда қасддан тирбандлик ҳосил қилинганини қайд этган. Фото: Reuters

Аммо ҳозирча унинг энг қатъий тарафдорлари ўз сўзини айтишмоқда. Натижада икки штатдан бошқа барча ҳудудларда йўллар тўсилганича қолмоқда ва ҳатто Сан-Паулу халқаро аэропорти ҳам айрим рейсларни бекор қилишга мажбур бўлган.

Сайлов ғолиби эса сайлов натижалари эълон қилиниши биланоқ омма олдида чиқиш қилган ва сайлов кампанияси даврида икки лагерга ажралган жамият томонларини ярашишга чақирган.

«Мамлакатимиз тинчлик ва бирликка муҳтож. Одамлар курашишдан чарчади», деган Лула.

Янги президент фақат ўзига овоз берганлар эмас, барча бразилияликлар манфаатларини ифода этмоқчи эканини билдирган. У Болсанарунинг реакциясини кутмасдан ўтиш даври жамоасини шакллантиришга киришганди.

Мавзуга оид