Жамият | 16:53 / 04.11.2022
18857
2 дақиқада ўқилади

«Ҳеч кимга оғирлигим тушмасин деб ҳунар ўргандим» – ногирон косиб ҳикояси

Тўланбек Исмоилов ёшлигида нотўғри укол қилиниши оқибатида ногирон бўлиб қолган. У мустақил юролмайди, скутер ёрдамида туман марказига бориб, қош қорайгунча косиблик қилади. Қуйида ҳаётдан умиди катта бўлган косиб йигитнинг ҳикояси билан танишасиз.

Астойдил ишласам, кунига 50 минг сўм топаман

1995 йилда туғилганман. 3 ёшимда нотўғри укол қилинишим сабаб ногирон бўлиб қолганман. Ҳозирда I гуруҳ ногирониман. Мактабни тамомлагач, косибчилик қилишни ният қилдим. Бу ҳунарда асосан қўл ва ақл ишлайди, мен эса юролмайман. Авваллари қишлоғимизда косибчилик қилардим, ҳозир Риштон тумани марказида ишлайман. Ота-онам билан яшайман.

Одам нима биландир банд бўлиши керак, уйда бекор ўтирган билан сиқилиб қоламан. Косибчиликка шогирд тушган эдим. Худога шукр, мустақил ишлай оламан. Шу касб ортидан тирикчилигим ўтиб турибди, ҳар куни уйга 3-4 сўм билан кириб бораман.

Дутир қишлоғидаги сахий фермерлар мана шу скутерни эҳсон қилишгач, оғирим енгил бўлди, шунда келиб кетяпман. Уйимиз иш жойимдан 3 км узоқда. Астойдил ишласам, бир кунда 50 минг сўмгача пул топаман. Қолган пайтлари камида 30 минг сўм топаман. Якшанба куни иш яхши бўлади.

Қишда ишлаш қийин

Ҳали уйланмаганман. Мустақил юролмайман. Оилада 4 фарзандмиз. Икки акам ва опам бор. Ота-онам ҳам кексайиб қолишди. Акаларимнинг қўлида қолиб, уларга малол келмай деб косибчиликни ўргандим.

Қишда ташқарида косибчилик қилиш осон эмас. Шунинг учун кичик бир дўконча очсам дейман. Келажакда дўконни каттароқ қилиш ниятим ҳам йўқ эмас. Дўконим йўқлиги учун асбоб-ускуналарим кам. Ўзим билан бирга керакли жиҳозларни олиб юраман холос. Туман ҳокимлиги кичик дўконча қуриб беришда ёрдам қилса, хурсанд бўлардим, деб ҳикоясини якунлади қаҳрамонимиз.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид