Ўзбекистон | 09:06 / 05.06.2023
4953
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки: Ўзбекистонда ногиронликнинг тарқалиши ёш билан чамбарчас боғлиқ

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда 3 ва ундан юқори ёшдаги жами аҳолининг 13,5 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклига эга.

Мамлакатда ногиронликнинг тарқалиши ёш билан чамбарчас боғлиқ: 60 ва ундан юқори ёшдагиларнинг 54 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига эга.

Расман 2022 йилда 845,3 минг киши ёки умумий аҳолининг 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар деб тан олинган.

Ногиронлиги бор шахсларнинг катта қисми қишлоқ жойларда яшайди. Масалан, қишлоқларда 532 минг, шаҳарларда эса 313,3 минг ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилади. Бу борада энг юқори кўрсаткич Навоий (3,6 фоиз) ва Сирдарё вилоятларида (3,1 фоиз) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (2,9 фоиз) кузатилмоқда.

Ўзбекистонда 142,3 минг нафар 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар ва 396,7 минг нафар пенсия ёшига етмаган ногиронлиги бўлган шахслар бор. Ногиронлиги тасдиқланган эркаклар (475,8 минг) сони аёлларга (369,5 минг) нисбатан кўпроқ.

"Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар турли соҳаларда кўплаб қийинчиликларга дуч келишади. Ҳукумат вазиятни яхшилаш чораларини кўрмоқда. Жумладан, ҳукумат томонидан 2021 йилда ратификация қилган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда", дейилади ЖБ маълумотида.

Мавзуга оид