Жаҳон | 11:20 / 04.11.2022
32783
9 дақиқада ўқилади

«Путиннинг ошпази» Петербург губернаторига қарши: рус элитасида парчаланиш бошландими?

Петербург губернатори жиноий гуруҳ тузишда айбланди. У истеъфога чиқариладими?

Иван Петров / ТАСС, Михаил Метцель / ТАСС

Октябр ойи охирида Россиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин ва Петербург губернатори Александр Беглов ўртасидаги можаро янги босқичга кўтарилди. «Медуза»нинг ёзишича, Пригожин анчадан буён Бегловнинг истеъфога чиқишини истайди, лекин аввал унга қарши фақат ўз назоратидаги ОАВ орқалигина босим ўтказа олган. Энди эса уруш туфайли Путин билан янада яқинлашгани айтилаётган Пригожин Беглов устидан Россия Бош прокуратурасига ёзди.

31 окятбр куни Пригожинга қарашли «Конкорд» компаниясининг «ВКонтакте»даги саҳифасида қуйидаги хабар пайдо бўлди:

«Бугун, 31 октябр куни мен, Пригожин Евгений Викторович томонимдан Россия Бош прокуратурасига губернатор Беглов А.Д. Санкт-Петербург ҳудудида атрофидаги одамлар билан бирга давлат бюджетини талон-торож қилиш мақсадида жиноий гуруҳ тузилганини текшириш борасида илтимоснома киритилди», дейилади хабарда.

Давлат даражасига кўтарилган шахсий адоват

«Медуза»нинг Кремлга яқин бўлган манбасига кўра, «Вагнер» хўжайини Санкт-Петербург губернатори устидан бежиз ёзмаган. Унинг айтишича, Беглов Санкт-Петербургда Пригожиннинг корхоналарига давлат буюртмаларини бермаган, шу сабаб уларнинг муносабатлари ёмонлашган. Урушгача эса Пригожин фақат ўзига бўйсунувчи ОАВ орқалигина Бегловга босим қила олган. Уруш бошлангач, Пригожиннинг Россиядаги мавқейи кўтарилиб кетди, шу сабаб у энди қасос олиш учун сиёсий кучидан ҳам фойдалана бошлади.

«Медуза»нинг ёзишича, уруш бошланганидан буён Пригожин Путиннинг жуда яқин одамларидан бирига айланди. Россия президенти Украинага босқинда «Вагнер»нинг иштирокини муваффақиятли тажриба деб баҳолаган. Гарчи Пригожиннинг қўшинлари Украина ҳудудида кўплаб ҳарбий жиноят содир этишда айбланаётган бўлса-да. Нашрнинг Кремлга яқин манбаси Пригожинни ҳозирда Путиннинг энг яқин одамларидан бири деб ҳисоблаш мумкинлигини айтган.

«Пригожин ва Путин ўртасидаги муносабатлар яқинлашган. У ортиқ чиркин ишларни бажарадиган ёлланма аскар эмас. Пригожинни самарали ҳарбий менежер, «ЛХР»ни озод қилган одам деб қарашмоқда» дейди манбалардан бири.

Аввалроқ ОАВда Пригожин уруш давомида «Россия Қаҳрамони» унвони билан тақдирлангани ҳақида ёзилганди. Бу маълумот Пригожиннинг ўзи ёки Кремл расмий вакили Дмитрий Песков томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, «Вагнер» раҳбари бир қатор тадбирларда «Россия Қаҳрамони» орденини таққан ҳолда кўриниш берган.

Пригожин Россия ҳарбий тизимига алоқаси йўқлигини айтади. Ваҳоланки, у қамоқхоналарда маҳбусларни «Вагнер» орқали урушга боришга жалб қилгани акс этган видеолар тарқалган. Пригожин «Вагнер»нинг хўжайини экани, босқинда иштирок этаётгани аллақачон сир эмас.

Мудофаа вазирлиги танқидчиси

Уруш бошлангандан кейин Россия медиамаконида ҳам Пригожин ҳақида тез-тез гапира бошлашди. Масалан, у Рамзан Қодиров билан бирга мудофаа вазирлигини танқид қилгани кўп муҳокама қилинди. Пригожин анчадан буён Россия мудофаа вазирлиги билан келиша олмаслиги маълум. Уруш бошланганидан кейин эса у ўзини Россиянинг асосий ҳарбий инсони деб ҳисоблай бошлаган.

Пригожин YouTube'ни Россия ҳудудида блоклаш, Google'нинг Россияда фаолияти «хушланмайдиган» деб топишни очиқчасига талаб қила бошлади. Washington Post эса Пригожин Путинга учрашувлардан бирида урушдаги хатолар ҳақида очиқчасига гапиргани ҳақида ҳам ёзди.

«Пригожин Бегловга босимни ошириб, унинг истеъфосини таъминлаши, бу орқали қасос олиши мумкин», дейди «Медуза»нинг Кремлга яқин манбаси. Нашрнинг Россия президент администрациясига яқин яна бир манбаси эса шундай дейди: «Пригожин Россия ҳукуматидаги ўйин қоидаларини яхши билади. Шунингдек, унинг имкониятлари ошганини ҳам тушуниб турибди. Аммо ҳозир Россия сиёсий элитасида катта бўлиниш бўлаётгани кўзга ташланмаяпти».

Владимир Путин Санкт-Петербургда туғилган. Пригожин Путинга унинг она шаҳрида ҳаммаси яхши эмаслигини тушунтиришга уринаётгани ва шу орқали ўз бизнеси йўлида тўсиқ бўлган губернаторга босим ўтказишга ҳаракат қилаётгани ҳақида «Медуза» билан суҳбатда бўлган икки манба айтган.

Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, Петербург раҳбари авваллари Пригожиннинг босимларини назарга илмаган ва унга жавоб беришни ўзига эп кўрмаган. Ҳозир эса вазият бошқачароқ. Беглов бугунги уруш фонида обрўси ошиб кетган Пригожин билан можарога бориш жиддий муаммо эканини тушуниб турибди.

Пригожинга қарши штаб

«Медуза»нинг яна бир манбаси Петербург маъмуриятида Пригожинга қарши туриш учун норасмий штаб тузилгани ҳақида гапирган. Гуруҳ Бегловга яқин бўлган инсонлардан тузилган. Масалан, губернаторнинг собиқ ёрдамчилари Александр Белский ва Борис Пиотровский.

«Қаршилик асосан медиа майдонида бўлиши назарда тутилган. Масалан, Пригожин ҳокимиятга интилаётгани, ҳарбий кучидан ҳукумат одамига босим ўтказишда фойдаланаётгани ҳақида баёнотлар орқали», дейди Петербург раҳбариятига яқин бўлган манба.

Кремлга яқин бўлган бошқа манбалар эса Санкт-Петербург губернатори уруш мавзусидан ўз пиари йўлидан яхши фойдаланиб қолгани сабаб унинг истеъфоси ҳақида гапириш ўринсиз эканини таъкидлайди. Масалан, Россия армияси ер билан битта қилган Мариуполни «тиклаш»ни айнан Петербург ўз гарданига олган. Бу шаҳар уруш учун ҳал қилувчи қамаллардан бири бўлгани ҳисобга олинса, Беглов мақтаниш учун яхшигина вазифа олганини айтиш мумкин. Беглов Мариупол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин бир неча марта у ерга борди, Петербург маъмурияти шаҳарни тиклашни бошлаб юборган.

«Президентни Бегловнинг ҳаракатлари қаноатлантирмоқда, унинг ишлари президентга маъқул. Беглов фронт масаласида кўп тилга олинадиган одам эмас, лекин у Путиннинг эски танишларидан бири. Бунинг устига «Донбассни тиклаш» жараёнида фаол бўлишга ҳаракат қилмоқда», дейди нашрнинг Россия президенти офисига яқин манбаси.

«Медуза» Пригожин ҳамда Бегловнинг расмий вакилларига улар атрофидаги можаро борасида муносабат олиш учун мурожаат қилган, аммо улар жавоб беришни истамаган. Санкт-Петербург маъмурияти эса Пригожиннинг Беглов устидан берган аризасига ҳам муносабат билдирмаган.

Пригожин «Ведемости – Санкт-Петербург» нашри саволларига жавоб берар экан, Бегловга аввалига очиқчасига ўз вазифасидан кетишни, кейинроқ эса ҳеч бўлмаса қайта сайлов ўтказиш орқали петербургликларнинг қанчаси уни қўллаётганини билишни таклиф қилган.

«Пригожин обрўсини кўтаришга интилмоқда»

«Путиннинг ошпази» номи билан танилган Пригожин яқинда унинг қўшинлари кунига 100-200 метр олдинга силжиётгани, бу замонавий уруш учун нормал ҳолат эканини айтиб кулгига қолганди. Британия разведкаси «ошпаз»нинг бу сўзлари ҳақида баёнот эълон қилиб, Россия ҳарбий доктринаси учун кунига 30 км ҳудудни эгаллаш олдинга силжиш ҳисобланишини эслатган.

Британия разведкаси маълумотига кўра, Россия армияси феврал ойида Украина бўйлаб бир ойда камига 1000 км олдинга силжишни режалаштирган. Пригожиннинг ўлчови бўйича «замонавий уруш учун нормал ҳолат бўлган» 100-200 метр кунлик олдинга силжиган Россия армияси билан солиштирганда сентябр ойида қарши ҳужумга ўтган Украина армияси кунига 20 км масофани эгаллаган.

Бирлашган қироллик разведкачилари Пригожин охирги икки ой давомида «Вагнер»га алоқаси йўқлиги ҳақидаги сафсатани такрорламай қўйганига эътибор қаратган. «Афтидан, Пригожин Россия миллий хавфсизлик тизимида ўз обрўсини ошириб олишга интилмоқда», дейилади Пригожиннинг баёнотлари бўйича хулосада.

Пригожиннинг «Вагнер» гуруҳи урушда руслар учун чиндан муҳим рол ўйнаётганини Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти ҳам ўз ҳисоботларида маълум қилган. Институт таҳлилчилари хулосасига кўра, Путин Бахмут учун жангларда айниқса Пригожиннинг гуруҳига қаттиқ боғланиб қолган.

Таҳлилчиларга кўра Пригожин шунчалик «ўзидан кетиб қолганки», ўзини «Вагнер»нинг урушдаги ҳаракатларини Россия мудофаа вазирлигига ҳисоб бермаган ҳолда бошқаришга ҳақли деб ҳисоблайди. Вазият шунчаликка борганки, Украина шарқидаги руслар босиб олган ҳудудда ташкил этилган мудофаа чизиғи «Вагнер чизиғи» деб аталмоқда.

Мавзуга оид