Жаҳон | 07:43 / 08.11.2022
17156
3 дақиқада ўқилади

Немис полицияси Усмоновнинг яхтасидан Шагал суратини мусодара қилди - ОАВ

Гамбург полицияси Алишер Усмоновнинг Dilbar яхтасига алоқадор 30 та суратни мусодара қилди, уларнинг умумий қиймати бир неча миллион еврога тенг.

Фото: Perild

Гамбургда полиция санъат асарларини тинтув қилиш чоғида россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Dilbar яхтасида аввалроқ бўлган Марк Шагалнинг 30 та суратини мусодара қилди, деб хабар берди 7 ноябрь, душанба куни Süddeutsche Zeitung газетаси. Унга нисбатан қўлланилган санкциялар муносабати билан Усмонов Германия расмийларини мамлакатдаги мол-мулки, жумладан, ушбу санъат асарлари ҳақида хабардор қилишга мажбур бўлган, бироқ, афтидан, у бундай қилмаган, деб ёзади газета.

Газетанинг ёзишича, мусодара қилинган суратларнинг умумий қиймати бир неча миллион еврони ташкил қилади.

2021 йилда Гамбургдаги Bloom+Voss кемасозлик заводида 156 метрлик ҳашаматли Dilbar яхтаси капитал таъмирдан чиқарилди. 2022 йил апрелида Германия ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган Алишер Усмоновнинг синглиси расман унинг эгаси эканлигини аниқлади. Ўшандан бери яхта блоклаб қўйилган. 22 сентябр куни Dilbar Гамбургни тарк этди ва Бремен яқинидаги Lemwerder кемасозлик заводига ўтказилди.

Қайд этилишича, Германия расмийлари кемага оид суратлар ҳақида арт маслаҳатчини хабардор қилган, у эса катта ҳажмдаги ҳужжатларни топширган.

2022 йил сентябр ойи охирида Германия Федерал жиноят полицияси бошқармаси ходимлари Бавариядаги Тегернзе кўли яқинидаги Роттах-Эгерн шаҳарчасидаги виллани тинтув қилишди, немис расмийларига кўра, Усмонов у ерга 2014 йилдан буён мунтазам ташриф буюриб келади. Россиялик тадбиркорга қарши тергов, немис ОАВ ёзишича, 500 миллион евро миқдоридаги солиқларни яшириш, пул ювиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни тартибга солиш қонунчилигини бузиш бўйича олиб бориляпти.

Усмонов MDR ва BR медиакомпаниялари сўровига жавобан Германияда шахсан ўзи ҳеч қандай кўчмас мулкка эга эмаслиги ва ўзи виждонан солиқ тўловчи эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, кўриб чиқилаётган бинолар оилавий трестларга тегишли бўлиб, у трестлардан даромад олувчилар қаторига кирмайди.

Dilbar яхтаси расмий равишда Кайман оролларидаги Navis Marine Limited компаниясига тегишли бўлиб, у ўз навбатида Швейцариядаги The Sister Trast номли корхона бошқарувида бўлган Pomerol Capital SA компаниясига тегишли бўлган, у эса Кипрдаги компаниянинг эгасидир. 

Мавзуга оид