Ўзбекистон | 15:17 / 11.11.2022
8038
2 дақиқада ўқилади

Туркий ташкилот саммити доирасида барча иштирокчи мамлакатларда дарахт экиш маросими бўлди

Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида барча иштирокчи мамлакатларда дарахт экиш маросими бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Саммит асосий тадбирларидан кейин, туркий давлатлар етакчилари Регистон майдонига ташриф буюрди.

– Не-не тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган муҳташам Регистон майдонида туриб, туркий дунё цивилизациясининг янги босқичига рамзий маънода қадам қўймоқдамиз. Улуғ аждодларимизга хос бўлган азалий анъаналарни давом эттирган ҳолда, яна бир хайрли ташаббусни бошламоқдамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Дарахт экиш миллатлар қадрияти, бугунги муштарак интилишлар тимсоли экани таъкидланди. 

– Бу ишларнинг барчаси туркий халқлар умумий тараққиёти ва фаровонлиги сари муштарак интилишларимизнинг яққол тимсоли, десак, муболаға бўлмайди. Биз бугун туркий дунё ҳурматли етакчиларининг ушбу табаррук заминга ўз қўллари билан кўчат экаётганларини юксак қадрлаймиз. Зеро, бу ниҳоллар – ҳаёт дарахтлари, дўстлик ва ўзаро ишонч, маънавият ва келажак боғлари бўлиб қад ростлайди, – деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрия етакчилари мажмуа боғига кўчатлар экди.

Маросим ушбу давлатлар пойтахтлари ва мамлакат ҳудудларида видеоалоқа орқали кўрсатилди. У ерларда ҳам минглаб кўчатлар экилди. Шу тариқа, дарахтзорларни кўпайтириш ҳаракати халқаро миқёс касб этди.

Туркий давлатлар етакчилари биргаликда суратга тушди.

Мавзуга оид