Ўзбекистон | 23:20 / 15.11.2022
121576
5 дақиқада ўқилади

Интернетда беҳаё видеолари тарқалган қиз 5 суткага қамалди

Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нодира Умарова видеолари ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлган қизга чора кўришни сўраб Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғига мурожаат қилган. Мутасаддининг аризаси асосида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга оширилган. Суд томонидан беҳаё видеолар муаллифи 5 суткага қамалган.

Севинч Саъдуллаева Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда беҳаё видеолари билан танилган Севинч Саъдуллаевага нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланишига оид суд иши тафсилотларини очиқлади.

Маълум бўлишича, 2022 йил 11 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида 21 яшар қизга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган ва фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (Майда безорилик) содир этган деб топилган.

“Иш ҳужжатларига кўра фуқаро Н. У. нинг Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғига ёзган аризаси юзасидан ўтказилган текширув натижасида С. С. ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган ўзининг иштирокидаги видео ва расмларни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жойлаштириб, жамоат тартибини бузиб, фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабабчи бўлган.

Суднинг қарори билан С. С. га 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти (протести) берилиши мумкинлиги маълум қилинади”, дейилади расмий муносабатда.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарованинг Xabar.uz’нашрига маълум қилишича, Саъдуллаева суд томонидан белгиланган жазони ўтаб чиққач, касб-ҳунарга ўқитилиб, доимий ишга жойлаштирилади. Бундан ташқари, психолог қизнинг ахлоқини тўғри йўлга солиш билан ҳам шуғулланиши таъкидланган.

Нодира Умарова ва Севинч Саъдуллаева Фото: Gazeta.uz

“Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқларда ўзининг ахлоқсиз қилиқлари, беҳаё расмлари ва видеолари билан фуқароларнинг муҳокамасига сабаб бўлган 20 ёшли фуқаро С.С. ни (2001 йилда туғилган) топиб, ўзи билан гаплашилди.

Суд жараёнида қилган ишлари нотўғрилиги, ўзи афсусда эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Қамоқ жазосидан сўнг фуқаро С.С. тўлиқ назоратга олиниб, касб-ҳунарга ўқитилиши ва доимий ишга жойлаштириши белгиланди. Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан фуқаро билан доимий иш олиб борилиб, психологлар ёрдамида коррекцион ишлар ўтказилиши белгилаб олинди”, дея Нодира Умаровадан иқтибос келтирган нашр.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, маъмурий иш судья Сурайёхон Хўжамқулова томонидан кўриб чиқилди. Йиғилишда Миробод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Мирзаев, Миробод тумани 4-сонли ИИБ хотин-қизлар билан ишлаш катта инспектори С.Бахметова, профилактика инспектори Ш. Бобожонов ҳам иштирок этган.

11 ноябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Севинч Саъдуллаева «ўз иштирокидаги видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига қасддан эътибор бермай, жамоат тартибини бузган ҳолда жойлаштиргани, бу эса фуқароларнинг асосли даъволарига сабаб бўлгани» таъкидланган. Иш материалларига ашёвий далил сифатида 1 дона CD-диск илова қилинган.

Севинч Саъдуллаева Фото: Ижтимоий тармоқлар

Судда қиз қилмишидан афсусда эканини айтиб, Instagram’даги барча видео ва фотосуратларни ўчириб ташлашиши, келгусида бошқа бундай иш қилмаслигини айтиб енгилроқ жазо берилишини сўраган.

Судья Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун Саъдуллаевага нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ушбу модда санкциясида БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваргача жарима (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) ҳам ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, қиздан маъмурий қамоқхона фойдасига 225 минг сўм (ҳар бир ҳибсга олинган кун учун БҲМнинг 15 фоизи) ундирилади.

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, Севинч Саъдуллаеванинг 1,5 яшар фарзанди бор. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасига кўра, маъмурий қамоқ жазоси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Мавзуга оид