Ўзбекистон | 18:10 / 16.11.2022
26575
5 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Усмон Носир қабри Россия ўрмонларида ҳамон ташландиқ ҳолда қолиб кетяпти

Журналистлар шоирнинг жияни Нодира Рашидова билан суҳбат қилиб, унинг қабри нега ҳанузгача қаровсиз қолаётгани масаласини кўтаришди. Ёзувчилар уюшмасининг изоҳ беришича, шоир қабрини ободонлаштириш ишлари Россиядаги таҳликали вазият сабаб кечикяпти.

Ўзбек шеъриятига “шамолдай кириб келган” таърифи бериладиган марҳум шоир Усмон Носир таваллудига 13 ноябрда 110 йил тўлди. “Марказий студия” кўрсатувининг 13 ноябрдаги эфирида журналистлар шоирнинг жияни Нодира Рашидова билан суҳбат қилиб, унинг қабри нега ҳанузгача қаровсиз қолаётгани масаласини олиб чиқишган.

Усмон Носир синглисининг қизи драматург Нодира Рашидова бўлади. У тоғаси ҳақида хотираларини ҳикоя қила туриб, Усмон Носирнинг аянчли тақдирига сабаб бўлган воқеани шундай эслайди.

“Москвада Пушкинга бағишланган плениум бўлганда Александр Безыменский деган одам Гётедан ўқиб бермоқчилигини айтиб, шеър ўқиб берса, тоғам сиз Шиллердан ўқиб бердингиз, деган. Кейин у тоғамнинг елкасидан қучоқлаб, “Шарқда Пушкин пайдо бўлди. Мана у”, деб тоғамни кўрсатган. Шу воқеа сабабми тоғам ўзи билан бир даврда қалам тебратган баъзи адибларнинг ҳасади қурбонига айланган”, – дейди у.

Шоир жиянининг айтишича, 1952 йилда Магадан лагери сургунидан омон қолганларга Усмон Носир ўлими ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш топшириғи берилади.

“Тоғам ҳақида унинг феъли ёмонлиги учун музлаб, дарахтларга боғланган, оёқ-қўллари кесиб ташланган. Фақат тана ва боши қолган деб гап тарқатишган”, – дейди у.

Ўша пайтда 15 ёшда бўлган Нодира Рашидова Магадан Ички ишлар бўлимларига хат ёзиб, тоғасининг хасталик сабаб 1944 йил 9 мартда Кемеровада вафот этганини аниқлайди.

“Агар тоғам феъли ортидан қийноққа солиниб ўлган бўлса, 1940 йил Сталинга ёзган хати манзилига етиб бормаган бўларди. Зонанинг раҳбарлари Усмон Носир билан гаплашиб, у бутунлай бошқа инсон эканини тушуниб етишган. Ўшда ҳам бости-бости қилишган. Усмон Носир қамоқда Сталинга 3та пьеса ёзганини айтган. Мен уларнинг тагига етдим. Экспертлар топиб беришди”, – дейди Рашидова.

Шу ўринда кўрсатув муаллифлари Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш бўйича 2022 йил 10 февралда президентнинг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси суст бажарилганига эътибор қаратишган.

Усмон Носир таваллуди 110 йиллиги муносабати билан Наманганда унинг ҳайкали қурилгани, адиб ҳаётида оид спектакллар қўйиш каби қатор маърифий ишлар бажарилганини кўриш мумкин. Бироқ президент қарорида айтилган Усмон Носирнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш қисми бажарилмай қолмоқда.

Бунга жавобан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ғайрат Мажид Усмон Носирнинг қатағон давридаги фаолиятини ўрганиш Россиядаги сиёсий вазият туфайли тўхтаб қолганини маълум қилган.

“Россиядаги ҳозирги таҳликали вазият сабаб тўхтаб қолди. Кейинги йилнинг 1-чорагида шу ишларни амалга оширамиз”, – деган у.

Лавҳа муаллифлари Усмон Носир қабри жойлашган манзил Кемерово вилоятининг Суслово қишлоғи маданият уйи раҳбари Татяна Степанова билан боғланишган. Тарихчининг сўзларига кўра, охирги марта бундан бир неча йил олдин қабр зиёратига фақат адиб синглисининг қизи келгани ва айни пайтда қабрга олиб чиқувчи йўлнинг ўзи ҳам йўқлигини, қабрга бориш учун етарлича яёв юришга тўғри келишини маълум қилган.

“Қабрга олиб борадиган йўл, қабр атрофини маданийлаштириш учун қандайдир молиявий кўмак керак бўлади. Ўзбеклар ўзларининг шоирлари хотирасини абадийлаштиришса жуда яхши бўларди”, – деган Маданият уйи раҳбари.

Умуман Суслова қишлоғида фақат Усмон Носир эмас, у билан бир пайтда яшаган ўнлаб ўзбек зиёлилари ҳам отиб ташлаб кўмиб юборилган. Шундай зиёлилардан бири Файзуллла Хўжаев қабрини зиёратгоҳга айлантириш масаласига Kun.uz билан суҳбатда Хўжаевнинг жияни Сулаймон Иноятов ҳам эътибор қаратганди. Ўзбекистон ҳукумати қатағон даврида рус ўрмонларида кўмиб юборилган ватандошлари қабрини обод жойга айлантириш масаласига жиддий эътибор қаратиши керак. Бу билан ноҳақ қатағон қилинганлар хотирасига қисман бўлса-да ҳурмат кўрсатилган бўларди.

Мавзуга оид