Ўзбекистондаги жами кўприкларнинг 68 фоизи ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган
Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 14 мингдан ортиқ кўприклар бўлиб, шунинг 68 фоизи, яъни 9 минг 900 тадан ортиғи 1960-70-йилларда қурилган. Қарийб 10 мингга яқин эски кўприкларнинг 4 мингдан ортиғи таъмирталаб аҳволда. Бу ҳақда Автомобил йўллари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Назаров маълумот берди.
Республикадаги мавжуд энг катта кўприкларнинг 314 таси норуда фойдали қазилма бойликларни қазиб оладиган дарёлар устида қурилган. Қазилмалар бетартиб равишда қазиб олинаётгани, темир-бетон таянч асослари бўшашиб қолгани ҳамда дарё сатҳининг кескин пасайгани сабаб 26 та шундай кўприклар таъмирталаб аҳволга келиб қолгани маълум қилинди.
Назаровга кўра, буларнинг олдини олиш учун шу йили 3,5 млрд сўм давлат бюджети ҳисобидан Фарғона, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги 5 та катта кўприклар остида сув сатҳини меъёрида ушлаб турувчи тўғонлар қурилган. Келгуси йиллардан эса қолган 21 та кўприкнинг остини мустаҳкамлаб, тўғон қуриш учун маблағ ажратилиши дастурда кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, бу кўприкларнинг ўзини қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилиши ҳам ваъда қилинди. Буларни қайта қуриш ва таъмирлаш бўйича 4 йиллик дастур ишлаб чиқилгани ва бу билан 1 минг 300 тадан ортиқ кўприкнинг қайта қурилиб, таъмирланиши айтилмоқда.
Кейинроқ бундай кўприкларда қазиб олиш ишларини бутунлай тўхтатиш ва бюджетдан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик мақсадида Экология қўмитаси билан ҳамкорлик қилинадиган бўлди. Маълумотларга кўра, бунинг учун махсус комиссия ҳам тузилган.
Мавзуга оид
13:59 / 03.10.2024
Пискентда кўприк қулаши: Юк машинаси 98 тонна ортиқча юк билан ҳаракатланган
22:42 / 02.10.2024
Тошкент вилоятида кўприк қулаб тушди
11:58 / 27.09.2024
Андижонда сел оқизган кўприк 21 октябрга қадар қуриб битирилади — Бекзод Ҳидоятов
19:44 / 26.09.2024