Сенат Қирғизистон билан чегара бўйича битимларни ратификация қилди
Сенат Қирғизистон билан чегарани делимитация қилиш тўғрисидаги шартномани ва Андижон сув омбори тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни маъқуллади.
2022 йил 18 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муҳим икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқди.
Муҳокамада тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, экспертлар ҳам иштирок этди.
Сенаторлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги сиёсий ишонч муҳити яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Илгари умумий манфаатларга эришиш йўлида минтақа мамлакатларининг ўзаро яқинлашишига тўсиқ бўлиб келган кўплаб муаммоли масалаларни ҳал этишда олдинга силжиш юз берди.
Ялпи мажлисда сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини батафсил муҳокама қилдилар.
Сенаторлар давлат чегараси билан боғлиқ низоли масалаларнинг ҳал этилиши мамлакатимиз миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, чунки бу чегарадаги низоларнинг олдини олиш ва ноқонуний савдога самарали қарши курашиш имконини беради.
Ўз навбатида, Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш минглаб фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлашда ишончли кафолатлар яратади.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланишга хизмат қилиши, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон бериши таъкидланди.
Батафсил муҳокама якунлари бўйича Сенат мазкур қонунларни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилди.
Мавзуга оид
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024