15 яшар ўсмирнинг ўлимида айбланаётганлар Омбудсман билан учрашувда айбларига иқрор бўлишган
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Фарғонада вафот этган 15 ёшли бола ўлимида айбланаётган болалар билан учрашган. Қотилликда гумонланиб қамоққа олинган икки нафар вояга етмаган шахс айбига иқрор бўлгани айтилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ахборот хизматига кўра, 18 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фарғона вилоят прокуратурасида 15 ёшли ўсмирнинг ўлимида айбланаётган ва айни пайтда қамоққа олинган икки бола билан учрашган. Суҳбат давомида улар айбларини тан олишган. Шунингдек, ўзларига нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланмаганини билдиришган.
Расмий хабарда Болалар Омбудсмани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан мулоқотда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тавсияларини бергани айтилади. Бироқ Алия Юнусова айнан қандай тавсиялар берганига аниқлик киритилмаган.
“10 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фарғона вилояти Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ҳамкорлигида Қўқон шаҳридаги ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг фаолиятини ўрганган эди. Марказда мониторинг давомида аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилиши юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идораларга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклиф ва тавсиялари юборилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, савдо марказидан 17 минг сўмлик маҳсулот олиб пулини тўламай чиқиб кетаётганда ушланиб, участкавойларга топширилган 15 яшар ўсмир Бувайда тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг 16 октябрдаги қарори билан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Вилоят прокуратурасига кўра, марказга жойлаштирилган куннинг эртасига, яъни 17 октябрда йигитнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Шундан сўнг тез ёрдам ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддаси лат ейиши» сабаб бўлгани айтилади.
Расмийлар марҳум марказдаги саккиз нафар бола билан содир бўлган муштлашув оқибатида ўлганини айтишмоқда. Бироқ боланинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Kun.uz суриштируви давомида йигитчанинг ўлими анча вақт унинг яқинларидан сир тутилгани маълум бўлганди.
Машъум ҳодиса шов-шув бўлиши ортидан марказ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган эди.
Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “ҳайфсан” берилган. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Ўлим юз берган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ички ишлар органи ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун вазифасидан четлатилгани ҳамда уларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинганди.
Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бугунги кунда мазкур жиноят иши доирасида 4 киши қамоққа олинган. Шундан икки нафари яқинда ишдан бўшатилган ички ишлар ходимларидир. Мазкур ходимлар зиммасидаги вазифасига совуққонлик билан қараб, мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлгани туфайли 15 яшар ўсмирнинг ўлимига сабабчи бўлишда гумонланмоқда.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровга кўра, бола вафот этган тунда навбатчилик қилган ходимлардан бири Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғининг қайноғаси, шу боис масъуллар ишларни “босди-босди” қилиш пайида бўлишган.
Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ИИБ тизимида ким кимга қариндошлиги бўйича маълумотга эга эмаслиги ва бу нарсанинг ишга алоқаси йўқлигини билдирди.
Мавзуга оид
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
09:40 / 02.11.2024