Жаҳон | 12:11 / 21.11.2022
8296
3 дақиқада ўқилади

АЭХА раҳбари: ЗАЭС ҳудудини ўққа тутиш - олов билан ўйнашиш

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси Россия назорати остидаги Запорижжя атом электр станциясида «ядро реакторлари яқинида хавфли даражада рўй берган» портлашларни ўта хавфли деб атади.

Фото: Global Look Press

Гроссининг сўзларига кўра, «гап километрлар ҳақида эмас, балки метрлар ҳақида кетаётганини» ниҳоятда хавотирли.

«Ушбу йирик АЭС ҳудудида портлашлар содир бўлди, буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бунинг ортида ким турганидан қатъи назар, зудлик билан тўхтатиш керак. Кўп марта айтганимдек, улар олов билан ўйнашмоқда», - деди Гросси. 

АЭХА ҳисоботида айтилишича, душанба куни агентлик ходимлари атом электр станциясининг хавфсизлигини текширади. Бироқ, «Росэнергоатом» инспекторларга чекловлар қўйган.

«Агар улар ядровий хавфсизликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаган объектни текширишни истасалар, уларга рад жавоби берилади», деди «Росэнергоатом» раҳбари маслаҳатчиси Ренат Карчаа ТАСС’га.

Бундан олдин Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) ҳудудида 19 ноябрь куни кечқурун ва 20 ноябрь куни эрталаб портлашлар эшитилганди, натижада ЗАЭС ҳудудида баъзи бинолар, тизимлар ва ускуналар шикастланган. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик маълум қилди.

Кузатувчилари станцияда бўлган АЭХАга кўра, етказилган зарар ядро хавфсизлиги учун жиддий эмас. Агентликнинг Запорижжя АЭСдаги мутахассислари штабга хабар беришича, 20 ноябрь куни эрталаб қисқа вақт ичида ўндан ортиқ портлаш овозлари эшитилган, уларнинг баъзиларини деразалардан кўришган. Афтидан, станцияни ўққа тутиш қайта бошланган, деди АЭХА.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, портлашлар Днипропетровск вилояти Марганец аҳоли пункти ҳудудидан Украина Қуролли кучлари станциянинг ўққа тутиши натижасида содир бўлган. «19 ноябрь куни Украина Қуролли кучлари артиллерияси АЭС ҳудудини 11 та йирик калибрли артиллерия снарядидан ўққа тутди. 20 ноябрь куни эрталаб Украина қўшинлари АЭС ҳудудини икки марта ўққа тутди», — дейилади хабарда. 

Россия қўшинлари 2022 йилнинг март ойида Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олишди. Ўшандан бери Россия ва Украина бир неча бор бир-бирини станцияни ўққа тутишда айблади.

Мавзуга оид