Ўзбекистон | 21:01 / 24.11.2022
9169
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мудофаа вазири: «Туркия армияси теракт айбдорларини қонуний жазолашга қодир»

23 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Анқарада Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар билан учрашди.

Фото: Туркия мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Мудофаа вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, ташриф икки давлатнинг ўзаро дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган.

Музокаралар аввалида Ўзбекистон мудофаа вазири Истанбулда содир бўлган терактлар муносабати билан ҳалок бўлганлар оиласига чуқур ҳамдардлик билдириб, вафот этганларни Аллоҳ раҳматига олишини тилади.

«Ишончим комилки, Туркия армияси бу терактларнинг қонуний жавобгарларини топиб, жазолашга қодир», – деган Баҳодир Қурбонов.

Музокаралар давомида мудофаа вазирлари Ўзбекистон ва Туркия давлатларини бир-бири билан боғлаб турувчи жиҳатларга ҳамда ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига эътибор қаратишди.

Якунда икки давлат мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзолади.

Баҳодир Қурбонов Туркия ҳарбий саноат соҳасида дунёда етакчилар қаторида эканини, шу сабабли бу борадаги ҳамкорлик алоқалари ривожланаётганини таъкидлаган.

«Мен Туркиянинг мудофаа саноатидаги ютуқларини сафар давомида ташриф буюрган заводларимда ҳам кўряпман. Ташрифдан эришган келишувларимиз бўйича Ўзбекистон Қуролли кучлари олий Бош қўмондонига ахборот бераман», – дея баёнот берган Ўзбекистон мудофаа вазири.

Мавзуга оид