Ўзбекистон | 16:58 / 25.11.2022
16408
6 дақиқада ўқилади

«Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг!» – Муфтий интернет одоблари ва тармоқдаги «фатво»лар ҳақида

Ҳадиси шарифларда бандалар қиёматда – умрини нимада ўтказгани сўралмагунича жойидан жилмаслиги айтилган. Вақт қиёмат куни инсоннинг фойдасига ёки зарарига гувоҳлик беради. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир вақтини зийрак тижоратчи каби ҳар доим сарҳисоб қилиб ўтказади, дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров мусулмонларга мурожаат қилиб, интернет ва ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш, вақтни беҳуда сарфламасликка чақирди.

«Аллоҳ берган неъматларни санаб саноғига етолмаймиз, булардан бири интернетдир. Замонамиз уламолар интернетни пичоққа ўхшатади. Пичоқ яхши инсон қўлида ижод воситаси, ёмон инсоннинг қўлида эса жиноят қуроли бўлади.

Интернетда фойдаланишда аввало, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», деган сўзларини ёдимизда тутишимиз керак. Нима мақсадда интернетга киряпсиз, илм олиш ёки яхшиликда фойдаланиш учунми ё бошқа мақсадлардами?

Ҳозир деярли барчада интернетдан фойдаланиш имкони бор экан. Шунинг улар бу ҳадисни дастур қилиб олишлари керак. Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди:

«Қиёмат куни банданинг икки қадами – то ундан умридан – уни нимада ўтказгани, илмидан – у билан нима қилгани, молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Ҳадиси шарифда айтилганидек, ҳар бир киши қиёматда бешак ҳисобга тортилади. Шундай экан, биз доимо бу имтиҳонга гўзал ҳолатда тайёргарлик кўриб боришимиз керак.

1. Банданинг умридан – уни нимада ўтказгани сўралмагунича жойидан жилмайди. Умр инсонга берилган энг катта бойлик, энг азиз неъмат ҳисобланади. Ҳар бир киши ундан оқилона фойдаланиши керак. Вақт қиёмат куни инсоннинг фойдасига ёки зарарига гувоҳлик беради. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир вақтини зийрак тижоратчи каби ҳар доим сарҳисоб қилиб ўтказади.

Мусулмон киши интернетдан фойдаланар экан, унга бутунлай шўнғиб кетиб, зиммасидаги бошқа ҳақларни унутиб қўймаслиги керак. Кўпинча вақтимизни бефойда нарсаларга ажратиб, яқинларимиздан ажраб қолаётганимизни билмай ҳам қоламиз. Ҳадиси шарифда: «Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини беринг», дейилган.

2. Банданинг илмидан – у билан нима қилгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди. Содда ва ишонувчан инсонлар, хусусан, ёшлар интернет тармоқларидаги «жозибадор» ниқобларга ўралган турли алдов, туҳмат, фитналар, ёлғон хабарлар, қимор ўйинлари, бузуқлик ва ахлоқсизликка тарғиб этувчи нарсалар қурбонига айланиб қолмоқда.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда турли шахслар диний мазмундаги дарслар, савол-жавоб қилиш орқали жамиятимизда турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлишмоқда. Уларнинг асли ким, илмий салоҳияти, мазҳаби ва ақидаси қандай экани кўпчилик ёшларимизга маълум эмас! Бу каби ҳолатлар фақат бизнинг замонда бўлаётгани йўқ.

Уламоларимиз азалдан «Шаръий саволларга жавобни эл-юрт олдида илми ва тақвоси ила танилган олимлардан олиш керак» эканини таъкидлаб келганлар. Машҳур тобеинлардан бири Муҳаммад Ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ «Шаръий илм бу – дин демакдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!», - деганлар.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ эса: «Ушбу илм - диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжидун Набавий устунлари олдида: «Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар» деганини эшитганман. Лекин уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!», - деганлар. Демак, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги номаълум, келиб чиқиши ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмайди. Чунки фатво бу диндир! Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. «Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш керак», дейилмайди. Балки, фатво беришга лойиқми ёки йўқми, ишончли уламолардан таълим олганми, динда холисми ёки ғаразли мақсади борми? Шуларга қаралади.

3. Банданинг молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани сўралмагунича жойидан жилмайди. Мана шу жойга келганда савол иккита бўлади. Пулни қаердан топгансан ва қаерга сарфлагансан? дейилади. Шунинг учун топаётган мол-давлатимиз ҳалолдан топилиши ва ўз жойига сарфланиши лозим.

Бугунги кунга келиб интернет тармоқлари қимор ва тотализатор ўйинларининг ўчоғи бўлиб қолди. Қимор ўйинлари шаръан ҳаром, қонунан жиноят саналади. Қимор Қуръон, суннат ва уммат ижмоси билан ҳаромдир. Қимордан топилган молни ейиш судхўрлик билан топилган молни ейишдан ҳам оғир. Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Қимор ўйнаш судхўрликдан олдин ҳаром қилинган.

5. Банданинг жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди. Тана ва ундаги аъзолар омонат. Уларнинг соғлиғига масъулмиз. Бундан ҳам бир кун ҳисоб берамиз.

Мутахассислар берган маълумотга кўра, аксарият ёшлар тунда интернетдан фойдаланиши оқибатида кўз касалликлари ва уйқусизликдан азият чекмоқда. Ётган ҳолатда смартфон экранига термилиш кўзга тик ҳолатда фойдаланишдан кўра бир неча маротаба зарарли. Олимларнинг айтишича, яхши ухлаш учун смартфонга термилиш эмас, уйқу олдидан бир неча дақиқа китоб мутолаа қилиш билан бўлади», - дейди муфтий ўз мурожаатида.

Мавзуга оид