Қувғинди шифохоналар, 755 минг долларлик сайт, имтиёзлиларга янги имтиёзлар — ҳафта дайжести
Тошкентда вазият шу даражага бориб етдики, ёпиқ қарорлар билан онкологик шифохоналар ҳам сотиб юбориляпти. Айрим казо-казоларнинг кўнгли бюджет пулидан қимматбаҳо унитазларни тусамоқда. Жойи келганда эса лойкўчани асфалтлаш учун 1 тийин ҳам ажратолмасликларини айтишяпти. Якунланаётган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Онкология шифохоналари ёпиқ қарорлар асосида сотиб юборилмоқда
Очиқлик ва халқ билан мулоқот янги даврнинг асосий ютуқлари қаторида кўрсатилса-да, ортида кимларнингдир манфаати турган лойиҳаларга келганда бу тамойиллар ишламай қоляпти. Оддий кўча тилида айтсак, соққали масалаларда “пачка-пачка” ёпиқ қарорлар чиқиб ётибди. Ёпиқ қарор дегани – одамлардан яшириш дегани. Яширилган ҳар қандай нарса борки, табиий равишда ўғрилик, лоббизм ва коррупцияга шубҳа уйғотади.
Аввалги ҳафталарда Тошкент шаҳар ҳокими ўзи чиқараётган қарорлар ва фармойишларнинг катта қисмини очиқламаётгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Адлия вазирлигининг муносабатидан маълум бўлгандики, бу қарорларни яшириб қўйиш – шахсан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг иши бўлган. Яъни у ҳужжатларни электрон имзолаётган пайтида уларни E-qaror тизимида очиқ эълон қилмасликни танлаган. Уларнинг орасида шаҳар бюджети пуллари қаерга ишлатилгани ҳақидаги ҳужжат ҳам бор.
Халқ билан бемаслаҳат қабул қилинаётган қарорлар бу ҳафта ҳам муҳокама марказида бўлди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати ўтган ойда Тошкентдаги учта онкологик шифохонани ер майдони билан бирга сотиб юборишга қарор қилган. Бу қарор ҳам, албатта, ҳеч қаерда очиқ эълон қилинмаган. Жамоатчилик бу ҳақда аукционлар ҳақидаги эълонлардан билиб қолди.
Республика онкология маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари ери ва бинолари сотиляпти. Тошкентнинг харидоргир нуқталарида жойлашган бу учта шифохонанинг умумий майдони 17 гектар. Учала объект бўйича ҳам аукцион бир кунда – 12 декабрда ўтказилади.
Бир неча юз миллиард турадиган мулклар шошма-шошарлик билан сотилаётганга ўхшайди. Чунки сотув ҳақида эълон қилинган сана билан аукцион бўлиб ўтадиган сана ораси ҳатто 2 ой ҳам эмас. Бунақа қисқа вақтда нормал инвесторлар активнинг фойдалилик даражасини баҳолаши, пул тикиш-тикмаслик бўйича бир қарорга келиб улгуриши қийин масала. Бу эса ўз-ўзидан потенциал харидорлар сонини камайтириб, давлат мулкининг арзон сотилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу учта онкология шифохонаси шаҳар чеккароғида қурилаётган ягона комплексга кўчирилади. Олмазор туманида қурилаётган комплекс кейинги йил май ойида ишга туширилиши айтиляпти. Унинг қурилиши учун 600 млрд сўм ажратилган. Бу 53 млн доллардан кўпроқ маблағ дегани. Бунақа катта қийматдаги давлат буюртмасини олган қурувчи компания ҳам албатта бегона эмас: охирги йилларда Тошкентдаги қурилишлар бўйича миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини тендерсиз олаётган Mimar Group. Биз бу компаниянинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадорлиги ҳақида аввал ҳам гапирган эдик. Онкология комплексини қуриш ҳам Mimar Group'га Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарори билан топширилган.
Бошидан охиригача ёпиқ қарорлар билан бўлаётган бу ишларга нисбатан саволлар кўп. Учта шифохонадаги ҳозирги ўринлар сони жами 836 та, янги комплексда эса бундан камроқ – 750 та ўрин бўлади. Қолаверса, сотилаётган шифохоналар яқиндагина реконструкция қилинган ва уларга янги бинолар қурилган эди. Агар барибир сотиладиган бўлса, уларни таъмирлашга пул сарфлаш нега керак эди?
Афсуски, кўчирилаётган фақат онкология шифохоналари эмас. Республика нейрохирургия илмий маркази шаҳар ташқарисига, ҳозир жойлашган жойидан 37 км масофадаги “Зангиота-2” шифохонасига кўчириляпти. Афтидан, бу кетишда навбат университетларга ҳам етиб келади. Расмийлар бунақа нияти борлигини 2019 йилдаёқ айтишган эди.
Давлат харажатларини сўрайдиган одам йўқми?
Давлат харажатлари ва тендерсиз буюртмалар мавзусини давом эттирамиз. Шу ҳафта Маҳаллабай ишлаш агентлиги биргина ахборот тизими учун 8,4 млрд сўм ажратгани муҳокамаларга сабаб бўлди. “Онлайн маҳалла” платформасини шунча маблағ эвазига ишлаб чиқиш тендер ўтказмасдан Realsoft компаниясига топширилган. Бу компания IT-хизматлар бўйича давлатдан яна бошқа буюртмаларни ҳам олган.
“Онлайн маҳалла” орқали одамлар субсидиялар олиш, ишга жойлашиш, мономарказда ўқиш учун аризалар бериши мумкин. Ҳоким ёрдамчилари келиб тушган аризаларни онлайн кўриб чиқади. Қатор дастурчилар бунақа платформани 8,4 млрд сўм, яъни 755 минг доллардан анча арзонроққа ҳам ясаш мумкинлигини айтяпти. Лойиҳа логотипи эса Play Market'даги иловалардан бирининг логотипи билан икки томчи сувдек ўхшаш. Бу илова охирги марта 2020 йилда янгиланган, шундан келиб чиқилса, 2022 йилда яратилган “Онлайн маҳалла” логотипи плагиат бўлиши мумкин.
“Онлайн маҳалла”га шунча пул ажратилаётган пайтда, реал маҳаллалардаги аҳвол ҳавас қилгули эмас. Шу ҳафта Тошкентнинг биқинида жойлашган, 30 йилдан бери асфалт кўрмаган кўчалар ҳақида репортаж эълон қилдик. Юқори Чирчиқдаги Ийк ота маҳалласининг Ўзбекистон, Оқибат ва Бахт кўчаларида яшовчилар куздан баҳоргача лой кечиб яшайди. Туман ҳокими ўринбосари бу кўчалар давлат дастурига киритилмагани учун одамларга “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишни тавсия қилди ва ҳокимлик 1 сўм ҳам ажратолмаслигини айтди.
Бир амалдор лойкўчани асфалтлаш учун 1 сўм ҳам пул йўқлигини айтаётган бир пайтда, оддий қўмита даражасидаги бошқа бир мансабдор минг долларлик унитазда ҳожат чиқаряпти. Бизга маълум бўлишича, Экология қўмитасининг янги биноси қурилаётган пайтда раҳбарлардан бири фойдаланадиган ҳожатхонага аввалига 100 долларлик унитаз қўйилган, лекин амалдорнинг талаби билан у олиб ташланиб, ўрнига 1000 долларлиги олиб келиб ўрнатилган. Қўмита ўзининг янги биносига тилларанг лифтлар ўрнатган. Қурилиш битганига анча бўлган, лекин қурувчи тадбиркорларнинг пули ҳалигача берилмаяпти.
Биз ҳафта давомида тадбиркорларнинг давлат ташкилотларидан пулини ололмаётгани бўйича бошқа ҳолатларни ҳам ёритдик. Автомобил йўллари қўмитаси қўмитанинг биносига лифтлар ўрнатган тадбиркор аёлнинг ҳақини 4 йилдан бери бермаяпти. Бу ҳақда мақола эълон қилганимиздан кейин қўмита аёлга “кўча қонунлари” услубида шарт қўйди: “Пулингни олмоқчи бўлсанг, мақолани ўчиртир”.
Андижоннинг Пахтаобод туманида эса ҳокимлик 3 йилдан бери қурувчининг пулини бермайди. Туманнинг собиқ ҳокими тадбиркорга учта маъмурий бино ва иккита стела қурдирган. Расмийлар 758 млн сўмлик бу қарзни узиш учун ҳозир туман бюджетида пул йўқлигини айтяпти. Пул бўлмаса, қўша-қўша маъмурий бинолар-у, стеллалар қурдиришга бало бормиди?
Шу ҳафта 2022 йилги бюджет тақчиллигини 3 фоиздан 4 фоизга ошириш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқиш бошланди. “Ундан ортиқ дефицитга маблағнинг ўзи йўқ”, – дея изоҳ берди молия вазири Тимур Ишметов.
Шунингдек, ҳафта давомида маълум бўлишича, 1 июл ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 26 млрд долларга тенг бўлган. Олинган қарзларни фоизи билан қайтариш харажатлари олти ойда 1,1 млрд долларга етган.
Жуда қимматга тушаётган энергетика муаммолари
Андижонда чироқ ўчган пайтда реанимациядаги бемор вафот этди. Қўрғонтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ётган эркак чироқ ўчиб қолган вақтда жон берган. Kun.uz мухбири гаплашган марҳумнинг яқинлари ўлимга электрдаги узилиш ҳам сабаб бўлган деб ҳисобламоқда. Шифокор бу фикрга қўшилмаслиги, барча реанимацион аппаратлар аккумуляторда ишлаганини айтди. Прокуратура ҳолат бўйича текширув бошлаган.
Фарғонанинг Бувайда туманида эса янги келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этди. 23 ёшли куёв ва 17 яшар келиннинг тўйи фожиадан бор-йўғи 3 кун олдин бўлиб ўтган. Kun.uz'даги маълумотга кўра, улар яшаган қишлоқ газлаштирилмаган ҳудуд ҳисобланади.
Бошқа бир фожиа эса газлаштирилган ҳудуд – Қарши шаҳрида рўй берди. Вилоят марказига Косон туманидан келиб ўқиган 17 ёшли абитуриент қиз ўзи ижарада турган квартиранинг ҳаммомидан ўлик ҳолда топилган. Ўлимга ис гази сабаб бўлгани тахмин қилиняпти.
Бу воқеалар фонида Ўзбекистон Хитойга газ сотишни кўпайтиргани маълум бўлди. Хитой томони берган маълумотга кўра, мамлакат 2022 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистондан салкам 917 млн долларлик газ импорт қилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўп. Сотилган газнинг физик ҳажми маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, бир неча йиллардан бери Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми камайяпти.
Имтиёзлиларга яна янги имтиёзлар
Ўзбекистон ҳукумати ўндан ортиқ турдаги товарлар импортини камайтирмоқчи. Ташқи савдо вазирлиги бунга бел боғлаган. Импорти камайтириладиган маҳсулотлар қаторида сув ва ичимликлар, лок-бўёқ маҳсулотлари, енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ва шиналар, йиғма қурилиш конструкциялари, марказий иситиш қозонлари, кондиционерлар, музлаткичлар, ўтказгичлар, электр иситкичлар ва бошқалар бор.
Агар бу ҳақиқатан ҳам амалга ошса, рўйхатдаги маҳсулотларнинг нархи ошишини бемалол тахмин қилса бўлади. Авто эҳтиёт қисмлар ва шиналарни “Ўзавтосаноат” компаниялари, маиший техникаларни эса “Ўзэлтехсаноат” компаниялари ишлаб чиқаради, уларга шундоғам кўпдан кўп имтиёзлар яратиб қўйилган.
Шу тариқа, маҳаллийлаштириш шиори билан ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган, лекин қиммат ва сифати савол остида бўлган маҳсулотлар билан тўлдириш давом этиши мумкин. Ҳафта давомида электромобилларни маҳаллийлаштириш бўйича айтилган режалар айрим иқтисодчиларда ана шундай хавотирларни кучайтирди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда электромобил ишлаб чиқарувчи компания очилганидан кейин, бу компания утилизация йиғими тўламайди, бутловчи қисмлар ва жиҳозлар импорти учун бож тўлашдан ҳам озод этилади. Қолаверса, давлат ташкилотлари шу компаниянинг электромобилларини сотиб олишни бошлайди. Электромобилда таксичилик қилувчиларга лицензия учун давлат божини тўлашда енгиллик берилади.
Яна бир янгиликка кўра, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунга қадар инвесторларга электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат берилади. Бу электромобил импорти учун саноқли компанияларга имтиёз берилиб, уларнинг қолганлар билан рақобатда устун бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.
Ҳайдовчиларга жарима баллари ва паркоматлар
Ҳайдовчиларга тааллуқли яна айрим янгиликлар. 1 декабрдан бошлаб, қоидабузарлик учун жарима балларини ҳисоблаш бошланади. Масалан, тезликни оширганлик учун 1 балл, қизил чироқдан ўтганлик учун 3 балл. Агар 12 ой ичида 12 балл йиғилиб қолса, ҳайдовчи 1 йил муддатга машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. 1 йилдан кейин гувоҳномасини қайтариб олиш учун имтиҳон топширишга мажбур бўлади.
Бунинг муҳимлиги шундаки, амалдаги тартиб қўпол қилиб айтганда хоҳлаганча қоида бузишга рухсат беради, фақат пулини тўласа бўлди. Масалан, сентябр ойида Тошкентда яшовчи ҳайдовчи 63 та қоидабузарлик учун 50 млн сўм жарима тўлаган эди. Янги тартиб, агар коррупциясиз ишласа, бу каби ашаддий қоидабузарларни тийиб туриши керак.
Яна бир янгилик – Тошкент транспорт бошқармаси пойтахтнинг марказий кўчаларида ўрнатиладиган паркоматлар лойиҳасининг чизмаларини эълон қилди. Унга кўра, йўл бўйи автотураргоҳларнинг 5 фоизи имконияти чекланган шахслар учун бепул ажратилади. Нархлар ва муддатлар ҳақида ҳозирча янги маълумот йўқ.
Йил бошида имзоланган қарорга кўра, йил охиригача шаҳар марказидаги 10 та кўча бўйида 57 та паркомат ўрнатилиши керак эди. Уларнинг самарали ишлашини таъминлаш учун 2 та паркон ва 2 та эвакуатор ҳам сотиб олинади. Парконлар ўнта кўчада патруллик қилиб, тўхташ қоидаларига риоя этилишини назорат қилади. Нотўғри қўйиб кетилган автомобилларни эвакуатор олиб кетади.
Халқаро тажрибада бу чора тирбандликни қисман камайтирган, автомобил қўйиш учун жой топишни осонлаштирган. Масалан, ишхонаси шаҳар марказида жойлашган минглаб ҳайдовчилар эрталаб ишга келади, кечқурун кетади, машинаси эса куни билан йўл бўйида жой эгаллаб туради. Агар бу пулли қилинса, уларнинг бир қисми ишга метрода ё автобусда келиб-кетишни афзал кўриши мумкин.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Россиялик жуфтлик ўз тўйини Тошкентдаги Чорсу бозорида ўтказди. Евгений ва Доминика Украинадаги уруш фонида Ўзбекистонга кўчиб келгани айтилмоқда. Улар миллий колорит уфуриб турган Чорсу бозорида фотосессия қилишгани, расталарда рақс тушиб, овқат бозорида ош ейишгани ижтимоий тармоқларда илиқ қарши олинди. Бу тўй карантин пайтидаги ихчам тўйларимиз яна катталашиб кетганини эсга солди.
Тошкентда номаълум шахслар бир аёлни мажбуран машинага солиб олиб кетди. Маълум бўлишича, видеодаги эркаклар аёлнинг эри ва қайнотаси бўлган. Оила Қашқадарёнинг Косон туманида яшагани, аёл оилавий келишмовчилик сабаб Тошкентга кетиб қолгани айтилмоқда. Аёлга ҳимоя ордери берилиб, икки эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Парижга расмий ташриф билан бориб, Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашди. Президентлар Лувр музейидаги Ўзбекистон кўргазмасини очиб берди. Ташриф доирасида 6 млрд долларлик келишувлар имзолангани айтилди. Ўзбекистон Франция компанияларидан 17 та самолёт сотиб олади. Тошкент трамвайини Франция компания қуриши, биринчи навбатда “Янги Ўзбекистон” боғига трамвай линияси тортилиши кутилмоқда.
Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. Президент Навоийга ташрифи чоғида бу вилоятда ишсизлик ва камбағалликни 1 йил ичида тўлиқ бартараф этишга топшириқ берди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди. У президентга давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчилик қилади. Шу билан бирга, ҳудудларда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг ёрдамчилари иш бошламоқда. Ёрдамчилар бевосита ўзлари бириктирилган ҳудудларда ишлайди ва администрациянинг ҳудудлар билан тўғридан тўғри алоқасини таъминлайди.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024