Ўзбекистон | 11:42 / 30.11.2022
8046
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ноанъанавий сабзавот экини - рокамболнинг янги нави яратилди

Фото: Agro.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари изланишлари натижасида Ўзбекистонда илк бор ноанъанавий сабзавот экини - рокамболнинг янги «Барака» навини ихтиро қилишга эришди.

Рокамбол сабзавот тури ҳисобланади. Рокамболдан ташқари бу туркумга саримсоқ, порей пиёзи, узум пиёз, мускат пиёзи, узун ўткир учли пиёз ҳам киради.

Рокамбол баъзи мамлакатларда миср пиёзи, испан саримсоғи, пиёз-саримсоқ деб ҳам аталади. Табиий шароитда Испания ва Мисрда ўсиши аниқланган. Ҳозир у Европада, Шимолий Кавказда, Хитой, Корея, Япония ва қисман Россияда етиштирилади. У Ўрта Ер денгизи мамлакатлари – Испания, Туркия, Греция, Миср, Марокашда жуда оммалашган.

Рокамбол бир вақтнинг ўзида ҳам пиёз, ҳам саримсоқ таъмини беради. Кўпгина овқатларда пиёз ва саримсоқ ўрнида ишлатилади. Рокамбол пиёз ва саримсоқ белгиларини ўзида мужассамлаштирган ўтсимон ўсимлик.

Унинг таркибида магний, рух, темир ва марганец элементлари мавжуд бўлиб, организмдаги қон томирларини самарали тозалашга ёрдам беради ва юрак касаллиги хавфини камайтиради. Кўк массаси баргида кўплаб А, C, Е витаминлари ҳамда каротин ва темир моддалари мавжуд.

Шу билан бирга, унинг таркибида антисептик ва эфир мойлари ҳам мавжуд мавжуд. 150 г рокамбол энергетик қуввати 100 ккални ташкил этади.

Рокамбол таркибидаги моддалар қонни яхши суюлтиради ва томирларни кенгайтиради. Уни истеъмол қилиш қон айланишни стабиллаштиради, тромблар ҳосил бўлиши олдини олади. Таркибида жуда кўплаб аллицин моддаси бўлиб, у кучли антиоксидант ҳисобланади. Шунингдек, таркибида германий элементи бўлиб, у қон томирлар эластиклигини оширади.

У табиий антибиотик ҳисобланади, чунки таркибида сулфидлар мавжуд бўлиб, улар стафилококкларга, дизентерия ва тиф қўзғатувчиларига қарши яхши восита ҳисобланади. Уни истеъмол қилиш ошқозон-ичак системаси ишини яхшилайди.

Ушбу сабзавот жуда кўп фойдали хусусиятларга эга ва деярли бутун танага ижобий таъсир кўрсатади. Аммо уни истеъмол қилишга доир қарши кўрсатмалар ҳам бор. Ошқозон, ўт пуфаги ёки буйрак касалликлари борлар уни кўп миқдорда истеъмол қилмаганлари маъқул.

Мавзуга оид