Жаҳон | 19:55 / 03.12.2022
12767
1 дақиқада ўқилади

Доғистонда юзлаб ўлик тюленлар топилди

Каспий денгизи соҳилида топилган тюленлар ўлимига нима сабаб бўлгани жумбоқ.

Фото: ТАСС

Россия таркибига кирувчи Доғистон Республикасининг Каспий денгизи соҳилларида 700 га яқин ўлик тюленлар топилди.

Балиқчилик федерал агентлигининг Шимолий Кавказ ҳудудий бошқармаси маълумотларига кўра, Махачқалъа шаҳрининг Кировский туманида юзлаб ҳайвонлар жасади топилган.

Топилган тюленлар сони янада ортиши мумкин, уларнинг ўлимига нима сабаб бўлгани аниқланмаган.

Ҳозирда Бутунроссия балиқчилик ва океанография илмий-тадқиқот институтининг Волга-Каспий бўлими мутахассислари ҳайвонлар ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлаш мақсадида маълумотлар йиғишга киришди. Шунингдек, улар лаборатория текширувларини ўтказадилар.

Бу Каспий денгизи қирғоқларида ўлик ҳайвонларнинг биринчи марта топилиши эмас. 2021 йил май ойида 200 дан ортиқ ўлик тюленнинг жасади топилган эди. Уларнинг ўлими балиқчилар ва браконьерларнинг тўрларига тушиши билан боғлиқ эди. 2020 йил декабр ойида 272 та ўлик тюленнинг жасади топилган, улар юқумли касаллик туфайли ҳалок бўлгани тахмин қилинган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид