Ўзбекистон | 19:42 / 07.12.2022
38529
11 дақиқада ўқилади

Ҳукумат энергия инқирозидан қандай чиқмоқчи? Вазир билан суҳбат

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Kun.uz мухбири билан суҳбатда электр ва газ танқислиги, ечимлар, хорижий шартномалар, газ иттифоқи ва бошқа масалалардаги саволларга жавоб берди.

– Бир совуқ тушиб, қор ёғиши билан энергетика тизимида жуда катта муаммо юзага келди. Газ босими тушиб кетди, электрда узилишлар, газ қуйиш шохобчаларидаги ҳолатни кўряпмиз. Биринчи қор ёққандаёқ нега бунчалик катта муаммолар келиб чиқди?

– Бу муаммолар биринчи қор тушганда содир бўлмади. Об-ҳаво совий бошлаган ноябр ойидаёқ муайян чекловлар киритиб, муайян табиий газ истеъмолчиларини чеклашга мажбур бўлдик. Иссиқхоналарни газдан узиш ҳам ана шу чекловлар билан боғлиқ эди. Бунга биринчи навбатда ўзимизнинг ишни тўғри ташкил этмаганлигимиз сабаб бўлса, иккинчидан талаб ва таклиф орасидаги катта тафовут сабаб деб ўйлайман.

Аҳоли сонининг, истеъмол даражасининг, қолаверса, тадбиркорлик субъектларининг ортиб бориши натижасида истеъмол сўнгги йилларда кескин ошди, бунга яраша охирги беш йилда жуда катта янги генерациялар қурилди, модернизация қилиняпти...

– Аҳоли сонининг ўсиши, тадбиркорлик субъектларининг ортиши натижасида истеъмолга бўлган талаб ошиши ва ишни тўғри ташкил қилмаганимиз деяпсиз, нега тўғри қилмадингиз? Нега шундай бўлишини билиб туриб, ишларни тўғри ташкил қилмадингиз? Ҳар йили бу муаммо қайталаниши маълум эди-ку.

– Етарли тайёргарлик бўлмаслигига сабаб молиялаштиришдаги тафовутларга бориб тақалади. Бу биринчиси бўлса, иккинчиси ҳамма ерда ҳам ишларнинг сифатли ташкил қилинмагани – жойларга бориб ўрганилганда бажарилди деб туриб, ишни бажармаган ёки кўзбўямачилик бўлган. Энг асосий сабаб эса ишлаб чиқараётган табиий газ ва электр энергияси истеъмолдаги талаб даражасини тўлиқ қоплай олмаётганидадир. Бунинг учун нима қилинди дейсиз, бунинг учун ҳозирги кунда электр энергияни импорт қиляпмиз.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов

– Кўзбўямачиликлар, нотўғри ишлар деяпсиз. Бугунги муаммоларни келтириб чиқарган одамларнинг исм-фамилияларини айта оласизми?

– Бу бўйича Бош прокуратура билан ишчи гуруҳ тузган ҳолда ўрганишлар олиб боряпмиз. Албатта, сусткашликка ва кўзбўямачиликка йўл қўйганлар, албатта, жазоланади. Лекин ҳозирги кунда айбдорларни излашдан кўра, юзага келган муаммоларни қандай бартараф этиш билан шуғулланиш зарур деб ўйлайман.

– Табиий газ ҳам халқнинг бойлиги. Нега Ўзбекистонда чет эл корхоналари билан тузилган шартномалар жамоатчиликка эълон қилинмайди. Буни барча билиши керак эмасми?

– Қайси шартнома, нимаси очиқланмади?

Бир нарсани айтмоқчиманки, ҳар қандай шартнома, ҳар қандай инвестиция лойиҳаси тегишли вазирлик-идоралар томонидан экспертизадан ўтказилади, ҳисоб-китоб қилинади ва бунда миллий манфаатлар кўриб чиқилганидагина қандайдир хулоса қилиб, амалга оширилади.

– “Boston Consulting Group” халқаро ташкилоти томонидан Ўзбекистонда газ қазиб олишни бугунги ҳолати ва келажаги борасида ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича тайёрланган ҳисоботлар нега эълон қилинмади? У ерда қандай маълумот ва тавсиялар берилган?

– “Boston Consulting Group” компанияси ҳисоботларини ўзимиз аудит сифатида тавсиявий тарзда тайёрлатганмиз. Бу ҳужжатларнинг очиқланмаслигининг сабаби шартномада шундай белгилангани учундир. Бу хусусий ташкилот. Бугунги кунда қайси тармоқда қандайдир ишлар амалга оширилаётган бўлса, албатта бу компанияларнинг тавсияси инобатга олинган. Лекин қайси чет эл корхонаси бўлишидан қатъи назар уларнинг ҳисоботлари илова қилинган ҳолда мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилади.

– Бугунги кунда Газлида мавжуд ер ости газ захираси кимларга, нима мақсадда ва қанча муддатга ижарага берилган?

– Бизда иккита газ сақлаш омбори бор. Биринчиси Андижоннинг Хўжаобод туманида ва Газлида. Уларнинг иккиси ҳам “Ўзтрансгаз” балансида. Ҳозирги кунда иккита газ омборидан кунига 20 млн кубометр атрофида ёзда ҳайдалган газни ажратиб оляпмиз.

Газлидаги газ конини оладиган бўлсак, бу ердан 60 йил давомида фойдаланиб келинган. Аммо ҳозирги вақтда мураккаб геологик тузилмали қатламларни инобатга олган ҳолда Россиянинг “Форус” компанияси билан бирга қўшма корхона тузилган. Ҳозирда бу корхона бурғилаш ишларини олиб бормоқда ва олдин олиб бўлмаган қатламлардан газ ажратиб олмоқда.

– 2017 йилда 2021 йилга қадар бўлган вақт оралиғида газ ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга ошириш бўйича дастур тузилган эди. Қанча пуллар ҳам сарфланди. Аммо нега шу пайтга қадар бу тўғрида бирор ҳисобот берилмади?

– Бу бўйича ҳар йили ҳисоботларда кўрсатиб ўтилади. Бир нарсани айтиш керакки, агар газ қазиб чиқариш йўлга қўйилмаганда ва ишлаб чиқариш ошиб бормаганда газ ишлаб чиқариш динамикаси тушиб кетган бўлар эди. Агар дастур ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган вақтда пуллар сарфланиб, газ ҳажми оширилмаганда унинг ҳажми бугунги кунда 52 млрд куб эмас, балки 45 млрд кубни ташкил этган бўлар эди. Тўғри, газ ҳажми у қадар ошиб кетмаган бўлса ҳам, кескин тушиб кетишнинг олди олиниб, жараён меъёрлаштирилди.

– Газ босими пасайиб, турли муаммолар юзага келиш фонида иқтисодчилар GTL заводи самарасизлиги, унинг фаолиятини тўхтатиш зарурлигини таъкидлашмоқда. Нима учун завод фаолияти ҳалигача тўхтатилмаяпти?

– GTL заводининг техник-иқтисодий асосномаси бор, халқаро молиявий институтлар кредит ажратган. Масалан, худди шундай лойиҳа Қатарда қилинган ва 5-6 йилда ўзини оқлаган. Ҳозир Қатардаги энг етакчи заводлардан бири, барча иқтисодий самарасини кўришингиз мумкин. Бундай заводлар Нигерия ва Жанубий Африкада ҳам қуриляпти.

Самарасига келсак, табиий газни синтез қилиб дизель ёқилғиси ва авиакеросин олиняпти. Агар шу ҳажмлар бўлмаганида биз бу иккала маҳсулот ҳажмларини импорт қилишга мажбур бўлардик. Нархини, ҳаммасини кўрсатиб беришим мумкин.

Ҳозирги кунда тақчиллик сабаб GTL заводи фаолиятини тўла қувватининг 30 фоизига туширганмиз. Навоийазот, Чирчиқ, Фарғонадаги йирик заводларни тўхтатган бўлсак, GTL заводини ҳам минимал ишлаш даражасигача туширганмиз.

– Бугунги оғир аҳволдан қандай чиқилади? Эшитишимиз бўйича, бу борада Россия билан келишув устида ишланяпти, лекин қатор экспертлар Россиядан газ олиш сиёсий хато эканини таъкидлашмоқда. Билиб туриб ҳам, бу хавфли йўлга кирамизми?

– Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.

Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз.

Бир нарсани тўғри тушунинглар, бизда газ тафовути фақатгина совуқ қишки мавсумда бўлади холос. Қолган пайтлар тўлиқ таъминлаймиз. Шунинг учун қолган чораларни кўрамиз, қўшимча инвестиция киритамиз, энергия тежамкорликка олиб борамиз, газдан ташқари муқобил энергия – кўмирда ишлай оладиган тармоқларни максимал равишда кўмирга ўтказамиз, алтернатив энергетикани интенсив ривожлантирамиз. Шу каби чоралар кўрилади.

– Етишмаётган газ нима учун Туркманистондан импорт қилинмайди?

– Биз ҳозирги кунда импорт қилаётган газимизни Туркманистондан оляпмиз. Буни ошириш бўйича улар билан ҳам музокаралар олиб борилган. Маълум келишувларга эришилган, лекин мана кўриб турганингиздек, тўлиқ ҳозирги кундаги эҳтиёжни қондирмаяпти. Туркманистоннинг ҳам қазиб чиқариш ҳажмлари бўйича ўзининг мажбуриятлари бор.

Айтяпман-ку, агар чегарамизгача олиб келиб, бизга тўғри келадиган нархда, керакли ҳажмда газ берса, оламиз, бўлмаса газга қандайдир бир қарамлигимиз ёки ўлиб қолиб бўлса ҳам уни оламиз деган эҳтиёжимиз йўқ. Тўғри келса, Россиядан бўладими, Туркманистондан бўладими, қайси бири манфаатлироқ, иқтисодий самаралироқ бўлса, шу бўйича ишлаймиз. Бўлмаса, алтернатив вариантларни ривожлантирамиз.

– Агар Россиядан газ импорт қилинса, бу Путин таклиф қилаётган газ иттифоқи доирасида бўладими?

– Йўқ. Агарда газ олиб келадиган бўлсак, бизнинг Россия билан умумий чегарамиз йўқ, яъни Қозоғистон ҳудудидан транзит қилишимиз керак, демак шу газни бизга етказиб бериши учун Қозоғистон билан тегишли музокараларни олиб боришимиз керак. Техник тарафдан шундай. Лекин қандайдир бир иттифоқ доирасида эмас.

Ҳар қандай трансчегаравий газ қувурларидан фойдаланиш, албатта, ўша давлатларнинг ишини ўзаро мувофиқлаштириши дегани. Масалан, Туркманистондан Хитойгача газ қувури Ўзбекистондан ҳам ўтган, бу ерда мувофиқлаштирувчи қўмита бор. Қўмита Туркманистондан бошлаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ўтиб, Хитойга боргунгача газ қувурларидан фойдаланилишини мувофиқлаштиради. Қандай ишлайди, режими қандай бўлади, ҳажмлар...

– Путин таклиф қилаётган иттифоқ бундан нимаси билан фарқ қилади?

– Бу иттифоқ эмас. Бу газ қувурлари тизимини ишлатиш дегани.

– Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокида уч томонлама газ иттифоқи тузиш бўйича таклиф бўлди-ку?

– Бизга ҳозирги кунгача бунақа таклиф келиб тушмаган. Бу борада ҳозир сизга айтиб ўтганимдек йўналишда музокаралар олиб боряпмиз.

– Ўзбекистон ичидаги газ қазиб олиш билан шуғулланадиганлар билан гаплашганимизда, улар ички потенциал юқори экани, ўзимизда газ қазиб олиш ҳажмини ошириш орқали ҳам бу муаммони қайсидир жиҳатдан ҳал этиш мумкинлигини, аммо уларга етарли шароит бўлмаётганини ҳам айтишди. Бунга қанақа фикр билдирасиз?

– Айтиб ўтганимдек, биз барча йўналишларда ҳаракат қиламиз. Биринчидан, ўз ресурсларимиздан максимал даражада фойдаланамиз, яъни георазведка ва қазиб чиқаришни ошириш. Иккинчидан, муқобил энергетикага ўтиш.

Буни қайси компания айтяпти... Ўйлайманки, сарфланаётган ҳар бир пул қаерда кўпроқ самара бериши, қаерда ишлаш кераклигини билсак керак? Ҳозирги кунда энг кўп ишлаётган ҳудудимиз – Устюрт.

Мавжуд конларимиздаги захираларнинг фойдаланиб бўлинганлик даражаси 85 фоиз. Бу дегани 15 фоиз қолган. Уни сиқув-компрессор станцияси, қандайдир қўшимча чоралар билан олиш керак. Авваллари биз 1,5 мингдан 3,5 минг метргача чуқурликда бурғилаш ишларини олиб борган бўлсак, ҳозир 6-7 минг метрга кетяпмиз. Чуқурлашди дегани бу қўшимча харажат, янги ва оғир жуда мураккаб технологиялар зарур дегани. Яъни сезиларли даражада инвестиция маблағини талаб қилади.

Бу потенциални биз тўлиқ баҳолаган ҳолда биз қаерда ишлаймиз, қандай ишлаймиз, режалаштирганмиз. Нафақат ўзимиз, мана ҳозирги кунда конкурслар эълон қилинди, хорижий ҳамкорлар чақирилди, қатнашинглар дейилди. Ҳаммага бу йўналишда очиқ, шаффофмиз. Келишсин, ишлашсин. Канада компанияси келяпти, турк компаниялари, хитой компаниялари ишламоқчи. Бемалол.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид