Жаҳон | 21:32 / 07.12.2022
4833
1 дақиқада ўқилади

Хитой норозилик намойишлари ортидан ковид чекловларини юмшатди 

Хитой кенг миқёсли норозилик намойишлари ортидан коронавирусга қарши чекловларни юмшатмоқда. 

Фото: Bloomberg

Жумладан, 7 декабрдан бошлаб коронавирус аниқланган фуқароларга махсус лагерларда эмас, балки уйда карантинда ўтиришга рухсат берилди. Шунингдек, кўплаб жамоат жойларига кириш учун коронавирус тестини топшириш талаби олиб ташланди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият органларига турар жой мажмуаларини юқори хавфли объектлар сифатида таснифлаб, карантинга ёпиш тақиқланди. Янги чора-тадбирлар доирасида кекса одамларни эмлаш тезлаштириладиган бўлди. 

2022 йил ноябр ойида Хитойнинг бир қатор шаҳарларида, жумладан Пекин ва Шанхайда ковид чекловларига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар коронавирус чекловларини юмшатишни, баъзилари Хитой раиси Си Жинпинг истеъфосини ҳам талаб қилишган эди. 

Хитой раҳбари Си Жинпинг Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел билан учрашувда мамлакатдаги намойишлар ортида «ҳафсаласи пир бўлган талабалар» турганини айтган эди. 

Мавзуга оид