Жаҳон | 10:05 / 07.12.2022
8809
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ ўрмонларни кесишдан кейин ишлаб чиқарилган товарлар импортини тақиқлайди

Европа Иттифоқи давлатлари ва Европа парламенти Европа бозори иштирокчиларига ишлаб чиқариши ўрмонларни кесишни талаб қиладиган маҳсулотларни сотишни тақиқловчи қонун лойиҳаси бўйича келишиб олди.

Фото: National geographic

Европарламент ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари ўрмонларни кесишга қарши қонун лойиҳаси бўйича келишувга эришди. 6 декабрь, сешанба куни парламент ва ЕИ кенгаши вакиллари ҳужжатнинг дастлабки вариантини келишиб олди.

Шундай қилиб, ишлаб чиқариши ўрмонларни йўқ қилишни талаб қиладиган маҳсулотларни Европа Иттифоқида сотишни тақиқлаш кўзда тутилган. Бошқа нарсалар қаторида, янги қоида гўшт, қаҳва, пальма ёғи, соя, ёғоч, қоғоз маҳсулотлари, шунингдек, ушбу турдаги хомашёлардан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тааллуқлидир.

Қонун лойиҳаси Европа Иттифоқи бозорига маҳсулот етказиб берувчи барча компаниялардан виждонлилик декларацияси тақдим этишни талаб қилади. Ушбу ҳужжат етказиб бериш занжирлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш «2020 йил 31 декабрдан кейин дунёнинг ҳеч бир жойида ўрмонларнинг кесилишига олиб келмаганини» тасдиқлайди, дейилади Европа парламенти баёнотида. Шу билан бирга, тақиқ бошқа нарсалар қатори Амазон ўрмони каби бирламчи ўрмонларни кесишга ҳам тааллуқли эканлиги алоҳида қайд этилган.

Қонун лойиҳаси ҳали Европа Иттифоқи кенгаши ва Европа парламентида расмий қабул қилиш тартиб-қоидасидан ўтмаган. Ушбу қонун кучга кирганидан бир йил ўтиб, Еврокомиссия шу каби қоидаларни бошқа экотизимларга ҳам татбиқ этиш имкониятларини ўрганиши керак, деб ёзади epd.

WWF экологик ташкилоти қонун лойиҳасининг маъқулланишини «тарихий» воқеа деб атади ва бу ўрмонларни кесишни тўхтатиш йўлидаги биринчи қадам эканлигини таъкидлади. «Келгуси йилларда Европа Иттифоқи бутун табиатни муҳофаза қилишга эътиборини кенгайтириши керак», — дея чақириқ билан чиқди ташкилот.

Мавзуга оид