Жамият | 16:29 / 10.12.2022
52288
10 дақиқада ўқилади

«Бошимни қандай ғавғога тиққанимни кеч билдим» – маҳалла раисининг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

«Маҳалла раиси бўлмасимдан аввал рўпарамдан чиқиб қолганда ерга қараб уялиб салом берадиган ёшгина қўшни аёлдан бунақа сўкишларни эшитиш мен учун ўлимдан ёмон эди. У оғзига нима гап келса қайтармай айтди. Камига кўчага чиқиб эркакчасига сўкишга ўтди. Шу тобда маҳалла раиси бўлишимни хоҳлаган ва мени шу балоларга гирифтор қилган одамларни ичимда лаънатлардим. Охири бўлмади, бор овозим билан аёлга «йўқол» деб бақирганим эсимда. Кўзимни очсам шифохонада, ёнингизда ётибман».

Фото: KUN.UZ

Шифохонада мен билан бир хонада ётган одам ўлими яқинлашаётганини ва ажалини кутиб ётганини билмасди. Унинг ҳаёти охирлаб бораётганини мен ҳам тасодифан билиб қолдим. Ҳамётоғим ухлаб ётганида врач мени ҳам ухлаб ётибди деб ўйлади шекилли, беморнинг қариндошларига унинг қисқа умри қолгани ҳақида гапирди. Аммо мен унинг барча гапини эшитиб тургандим.

«Биз қўлимиздан келган барча чорани кўряпмиз. Қолган ҳаммаси Худодан. Лекин умид жуда кам. Ака биринчи инсултни ўзи сезмаган ҳолда оёқда туриб ўтказиб юборган. Бу иккинчиси», деди врач.

Қариндошлар жим бўлиб қолишди. Шу пайт врач «У нима иш қиларди ўзи?» деб сўраб қолди. «Маҳаллада раис бўлиб ишлайди. Одамлар жанжаллашиб келавергач асаби дош бермади шекилли», деган жавоб эшитилди.

Эртаси куни ҳамётоғим бироз ўзига келди. Бир-икки кунда ўтиришга рухсат беришди. Унинг ҳолати Нодар Думбадзенинг «Абадият қонуни» асари қаҳрамонига ўхшарди. Умри тугаб бораётганини ўзи билмас, мен билан кулиб ҳангомалашиб ўтирарди.

Шундай кунларнинг бирида ундан нега анча серғалва бўлган иш – «домком»ликни танлагани ҳақида сўрадим. У аста гап бошлади.

«Мустақилликдан аввал, ҳарбий хизматни ўтаб келганимдан кейин отам олиб бориб Олий милиция мактабига жойлади. Мактабни битириб туманимиз ички ишлар бўлимига ишга келдим.

Ёшликдан кўнглим бўш, мендан тезкор ходим ёки терговчи чиқади деб ўйламасдим. Шу сабабли бир амаллаб кадрлар бўлимига «илиндим». Ишимни ўзим яхши кўрардим.

Сидқидилдан, виждонан ишлаганим учун бир неча йил оддий ходимликдан кадрлар бўлими бошлиғи лавозимигача кўтарилиб бордим.

Аслида кадрлар бўлими бошлиғи лавозимига иштиёқмандлар кўп бўлади. Чунки бу ишда ишлаётганлар бошқа бўлимларда ишлаётган ходимлардай ҳаётини хавф остига қўйиб жиноятчилар билан тўқнашмайди. Қишнинг совуғида, ёзнинг иссиғида суткалаб кўчада юрмайди.

Асосан тинч кабинетларда ўтириб ишлайди. Иш ҳам унча серғалва эмас. Шу сабабли бир неча марта ўрнимга кўз олайтирганлар чиқди. Аммо ўрнимда қолдим.

Шу тарзда анча йиллар ишладим ва кунлардан бир куни пенсияга чиқдим. Шундан сўнг собиқ ҳамкасбларим орасида боши очиқ яхши бир аёл бор эди, яширинча никоҳ ўқитиб, у билан ҳам яшай бошладим.

Ҳа, ҳаром йўлга юрмадим. Бировнинг хотинини йўлдан урмадим. Биринчи турмушидан ажрашгач тенгини топа олмай юрган аёл рози бўлганди, унга уйландим.

Аёл оилам борлигини биларди. Шундай бўлса ҳам иккинчисига деганимда рози бўлди. Балки юмшоқ феълли одам бўлганим унга маъқул келгандир.

Орадан бироз ўтиб хотиним вилоят бошқармасига ишга ўтди. У тумандан қатнаб ишлай олмасди, вилоят марказига кўчди. Шундан сўнг бир оёғим ўша ёқда бўлиб қолди.

Гарчи вилоят марказига қатнаш бироз мушкул ва вақтни олса ҳам ҳаётимдан мамнун эдим. Қишлоқдаги хотиним ҳаммасини билар, бироқ бирон марта ҳам бу мавзуда гап очмаган ва менга эътироз билдирмаган.

Шундан сўнг йўл азобини инобатга олиб, яшаш тарзимни бироз ўзгартирдим. Ҳафтанинг уч кунида вилоят марказида иккинчи хотинимнинг олдида, уч кун қишлоқда ўтказардим.

Якшанба куни вақтимни дўстларга ажратардим. Ички ишларда ишлаганим учун катта пенсия олардим ва у менинг барча харажатларимга етиб ортарди.

Маҳалламиз учта гузардан ташкил топган. Улар ўртасида совет давридан буён зимдан рақобат бор. Ўша пайтда ҳам бригадир, звено бошлиқлари ва бошқа кичик амалларга бизга «рақиб» бўлган гузар одамлари тайинланар. Бу ҳолат бизникиларни ранжитарди.

Мустақилликдан кейин энди маҳалла раиси, унинг котиби ва хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси лавозимларини ҳам доимий равишда улар илиб кета бошлашди.

Навбатдаги маҳалла раиси сайловлари бошланишидан аввал гузаримиздаги ёши улуғ отахонлар, қўшнилар олдимга келишди.

– Сен орамиздаги энг тажрибали, дунёнинг паст-баландини кўрган одамсан. Бунинг устига маҳалла раислари иложи борича олий маълумотли бўлсин, ИИБдан нафақага чиққанлар бўлса янада яхши дейишяпти. Шу учун раисликка сенинг номзодингни қўямиз, – дейишди.

Ўшанда раис бўлсам ҳаловатим йўқолиши, аввалгидай маза қилиб яшаб юриш барҳам топиши бир зум хаёлимдан ўтди. Аммо амалнинг шайтони қурсин, «хўп» деб юборганимни ўзим билмай қолдим. Орадан бироз ўтиб сайлов бўлиб ўтди ва унда ғолиб чиқдим.

Маҳалла идораси «рақиблар»нинг ҳудудида эди. Шундай бўлса ҳам улардан ҳеч ким менга ола қарамади. Аксинча, ҳурмат қилиб, ҳатто гузарларидаги маъракаларгача бош қилиб қўйишди.

Маҳалла раиси бўлганимдан бироз ўтиб шу ишга ўтиб бекор қилганимни англаб етдим. Берадиган ойлиги туман марказига бориб келишга етмас, аммо бошоғриғи кўп экан.

Орадан бироз ўтиб асаббузарликлар бошланди. «Рақиб» гузарнинг одамлари бир жойга шикоят қилиб боришни ёки давлатдан нимадир ундириш пайида бўлишни ўзлари учун ор деб билишарди. Ҳамма бало ўзимнинг гузаримдан чиқди.

«Маҳалла раиси ўзимиздан бўлди» деб гузаримдаги барча катта ва кичикнинг оёғи маҳалла идорасидан ва уйимдан узилмай қолди. Бири ҳақиқатан ночорлиги учун ёрдам сўраб келса, иккинчиси «Нега қўшнимга ёрдам берасан-у, мен қолиб кетаман?» деб ўдағайлаб келарди.

Бундай ҳолда барчанинг ишини ижобий ҳал қилиб бўлмасди. Иши битмаган ҳамгузарларим менга душман бўла бошлашди. Маҳаллага раис бўлгунча кўпчиликнинг характерини яхши билмасдим. Гузаримиз одамларининг, айниқса аёлларнинг ёмонлигини маҳаллага раис бўлиб билдим.

Қайноналардан бири келади. Унга ёрдам олиш учун давлат қўйган талабларга мос келмаслигини тушунтираман, қарғаб чиқиб кетади. Орадан бироз ўтиб келинини жўнатади. Қизим тенги ёшгина аёл. «Иши битмагач» у ҳам эркакчасига сўкиб чиқиб кетади.

Энг ёмони, маҳалла идорасида мени қарғаб, сўкиб кетган аёлларнинг аксарияти устимдан шикоят қилиб ҳокимиятга ҳам боради. Бир тарафдан ҳокимнинг танбеҳлари, иккинчи томондан ҳамгузарларимнинг ишлари асабимни кемира бошлади.

Кунлардан бир кун ярим тунда эшик тақиллади. Чиқсам гузаримиздаги бир аёл. «Эрим мен билан ётмаяпти», дейди. «Шунга мен нима қилай? Ахир, нега хотининг билан ётмаяпсан деб уни урушолмайман-ку!» десам, «Нега урушолмайсиз, маҳаллани каттаси сиз-ку!» дейди. Шунақа, эри тўшакда терс ўгирилиб ётса ҳам маҳалла раисига югуриб келадиганлар ҳам бор.

Гузаримиз кўчасида юролмай қолдим. Уйдан одамлар уйғонмасдан чиқиб кетаман, ҳамма ухлагач қайтаман. Бу ҳолат ахийри жонимга тегди. Бир кун маҳалла жамғармаси туман бўлимига бориб ортиқ ишламаслигимни айтдим. Улар, сабр қилиб сайланган муддатимнинг якунигача ишлаб беришимни сўрашди. Шу тариқа ишни топшира олмай умидсиз ортга қайтдим.

Охирги жанжал ёмон бўлди. Икки уй наридаги қўшнимнинг келини келиб ёрдам сўради. Унга бунинг иложи йўқлигини айтдим. Шундан сўнг баланд овозда мени ҳақорат қилиб сўка бошлади.

«Сен давлатнинг бизга ажратаётган пулларини еб семириб ётибсан. Сен ҳаромхўрсан. Ҳали сени ишдан бўшаттириб юбораман», каби сўзлар билан оғзига нима гап келса қайтармай айтди. Камига кўчага чиқиб эркакчасига сўкишга ўтди.

Маҳалла раиси бўлмасимдан аввал рўпарамдан чиқиб қолганда ерга қараб уялиб салом берадиган ёшгина аёлдан бунақа сўкишларни эшитиш мен учун ўлимдан ёмон эди.

Шу тобда маҳалла раиси бўлишимни хоҳлаган, маслаҳат берган ва мени шу балоларга гирифтор қилган одамларни ичимда лаънатлардим. Охири портладим. Бор овозим билан аёлга «йўқол» деб бақирганим эсимда. Кўзимни очсам шу ерда ётибман. Мана энди сизга бошимдан ўтганларни айтиб беряпман».

Ҳамётоғим қисқа умри қолганини, асаббузарлик юрагини кемириб бўлганини билмасди.

«Муддат тугашига ҳали олти ойча вақт бор. Худо хоҳласа соғлигимни тиклаб, бу ердан чиқсам, маҳалла идорасига қайтиб бормайман. Соғлигим ўзимга керак. Ўрнимга ким ишласа ишлайверсин», деб бир неча марта айтди.

Шунақа пайтларда уни нима деб юпатишимни билмасдим. Гап тополмай «Ҳа, шундай қилинг. Нима керак сизга бунақа бошоғриқ иш?!» деб қўяман.

Бир неча кундан сўнг эрталаб уколларни олгач тоза ҳаводан нафас олиб келай деб ташқарига чиқдим. Баҳорнинг тоза ҳавоси, ҳаммаёқ кўм-кўк. Ичкарига киргим келмай ташқаридаги ўриндиқда ўтирдим.

Хонага кирсам ҳамётоғимнинг ўрни бўш. Ҳамширадан «Шеригим қани, бошқа жойга кўчирдингларми?» деб сўрасам, «Ие, хабарингиз бўлмадими? Бечора боя жон берди, қариндошлари олиб кетди», деди. Бўшашиб ўрнимга ўтириб қолдим.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид