Ўзбекистон | 10:04 / 11.12.2022
51516
17 дақиқада ўқилади

Совуққотган Ўзбекистон, тушунтирган расмийлар ва тап тортмаётган Путин — ҳафта дайжести

Энергетика соҳаси амалдорлари халқ билан фавқулодда мулоқотга киришди. Газ-свет бўйича вазиятни шу даражага олиб келганлар кимлиги айтилмаяпти, лекин улар сувдан қуруқ чиқмаслиги ваъда қилинди. Россия компаниялари Ўзбекистонда қазиб олган газининг 100 фоизини четга олиб чиқиб кетгани расман тан олинди. Путин газ битими таклифи жиддий эканини айтмоқда. Якунланаётган ҳафтанинг асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Биз 36 миллиондан ошдик

Дастуримизни хушхабар билан бошлаймиз. Бу ҳафта Ўзбекистон аҳолиси расман 36 миллион кишига етди. Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, 36 миллионинчи ўзбекистонлик 8 декабрда, Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллик байрами кунида дунёга келган.

Ўзбекистон аҳоли сони бўйича БМТга аъзо 193 та давлат орасида 41-ўринни эгаллаб турибди. Яқин йилларда юқори қирқталикка ҳам қўшиламиз.

Аҳолимиз сони 35 миллиондан 36 миллионга етиши, яъни 1 миллионга кўпайиши учун 1 йил-у 3 ой вақт керак бўлди. Лекин буёғига ўсиш суръати пасайиб бориши мумкин. БМТнинг 2019 йилдаги ўртача прогнозларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 2038 йилда 40 миллионга, 2070 йилда эса энг юқори нуқта – 44 млн 400 минг кишига етади. Шундан кейин демографик регрессия бошланиб, 2100 йилда Ўзбекистонда 42 млн 200 минг киши яшаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда дунё аҳолиси сони 8 миллиарддан ошди. Олимлар келаси йили тарихий воқеа – Ҳиндистон аҳолиси Хитойдан ошиб кетишини тахмин қиляпти.

Энергия инқирози: Масъуллар мулоқотга очилди

Аҳоли сонининг ўсаётганини ҳафта давомида энергетика соҳаси раҳбарлари ҳам кўп тилга олди. Улар газ ва электрдаги муаммоларни аҳоли ва корхоналарнинг йилдан йилга кўпайиб бораётгани билан боғлиқ эканини изоҳларкан, журналистлар билан ноодатий миқёсда кенг ва очиқ мулоқотларга киришди. Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳафта давомида камида тўртта оммавий ахборот воситасига интервю берди, бунга қўшимча вазирлик матбуот хизмати унинг 30дан ортиқ саволларга видеожавобларини эълон қилди. Вазир ўринбосари Шерзод Хўжаев, “Ўзтрансгаз” раиси Беҳзод Норматов ва энерготизимдаги бошқа қатор масъуллар ҳам ОАВда кетма-кет чиқишлар қилди.

Ҳамма чиқишлардаги гапларни умумлаштириб айтиш мумкинки, мўъжиза рўй бермайди: қандайдир қисқа вақт ичида ҳаммаси зўр бўлиб кетишидан умид қилмаслик керак. Яқин вақтларда кўп нарса об-ҳавога боғлиқ бўлиб қолаверади.

Жамоатчилик билан мулоқотдаги бу фавқулодда фаоллик Фарғонада газдан узилган корхона ходимларининг норозилик намойишидан кейин бошланди. Ўзбекистон туманидаги гипс заводи ишчилари завод газдан узилгани учун ишсиз ва даромадсиз қолганликларини айтиб чиқишди. Масъуллар эса ҳозиргидек совуқ вақтларда саноат корхоналарининг газдан узилиши қонуний экани, бу уларнинг газ идораси билан шартномасида ёзилгани, бунақа пайтда газ биринчи навбатда аҳоли уйлари ва ижтимоий объектларга йўналтирилишини маълум қилишди.

Ички ишлар бошқармаси ахборотига кўра, ишчилари норозилик уюштирган корхона газдан қонуний равишда узилганидан кейин ўзбошимчалик билан қайта уланиб олган. Намойишчилар эса майда безорилик ва намойиш уюштириш тартибини бузганликда айбланиб, маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди: улардан бирига 10 сутка, яна 6 нафарига 5 сутка берилди. Расмийларга кўра, гипс заводида мурожаатда айтилганидек 10 мингта эмас, 241 та ишчи ишлайди.

“Корхона раҳбарлари шартнома шартларига кўра вақтида огоҳлантирилган. Ишчилар билан тегишли тарғибот ишларини олиб бориши керак эди”, – дея ҳолатга муносабат билдирди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Унинг изоҳлашича, ресурслар танқислиги шароитида жиддий аварияларнинг олдини олиш мақсадида чекловлар киритишга тўғри келяпти. Соддароқ қилиб айтганда, бутун энерготизимда коллапс юзага келмаслиги учун, бир ҳудуд тармоқдан узилиб, бошқаси уланяпти ва бор ресурслар шу тариқа қўл режимида тақсимланяпти.

Расмийларга кўра, электр энергиясидаги узилишлар 2 соатдан ошмаслиги керак. Амалда эса ҳатто Тошкентда ҳам узилишлар бундан кўпроқ вақтга чўзиляпти. Табиий газдаги танқисликлар эса ҳафта давомидаги совуқ сабаб яна ҳам ортди: якшанба куни Тошкентдаги барча газ-шохобчалари ёпилган бўлса, чоршанбадан бошлаб водий вилоятларидаги шохобчалар иш вақти яна ҳам қисқариб, кунига 5 соат деб белгиланди.

Мирзамаҳмудов айрим газ-шохобчалар бошқаларига қараганда кўпроқ ишлашига изоҳ бериб, бу уларнинг жойлашуви билан боғлиқ эканини айтди. Аҳоли тармоқларига уланган газ қуйиш шохобчаларида чеклов кўпроқ, алоҳида тармоқ тортилган шохобчаларда эса камроқ бўлади, дея тушунтирди у.

7 декабр куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов йиғилиш ўтказди. Унда энергия ресурслари таъминоти бўйича республика ишчи гуруҳи ва кун-у тун ишлайдиган штаблар тузилди, бош вазир ўринбосарлари ва президент маслаҳатчилари вилоят ҳокимларига бириктирилди. Селекторда Ўзбекистон газ, электр, кўмир ва мазут импорти бўйича музокараларни фаоллаштириши эълон қилинди. Орадан икки кун ўтиб, Энергетика вазирлиги Туркманистондан электр энергияси импорти кунлик 17-18 млн кВт-соатдан 20-21 млн кВт-соатга оширилганини маълум қилди. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бензин ишлаб чиқаришни 18 фоизга, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни 70 фоизга оширяпти. Суюлтирилган газ экспорти тақиқланди.

Умрзоқов ўтказган селектордан яна бир янгилик – Аи-80 бензини импорти ва чакана сотуви вақтинча акциз солиғидан озод қилинади. Бу чора натижасида шохобчалардаги Аи-80 нархи 1000-1200 сўмга арзонлашишидан умид қилиняпти. Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев шохобчаларда бензинга 5500 сўмлик нархни “яқин кунларда” кўришимиз мумкинлигини айтди.

“Вазиятни шу даражага олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди”

Тизимнинг бу даражага келиб қолишига ким айбдор ва айбдорлар жазоланадими деган саволларга энергетика раҳбарлари жазолаш масаласи ҳуқуқ органларининг ваколатида экани, ҳозир асосийси ечим ҳақида ўйлаш кераклигини айтиб жавоб бермоқда. Бу саволлар ортидан вазирлик “Миллий электр тармоқлари” раиси Дадажон Исақулов ва тизимдаги яна уч нафар мансабдорга масъулиятсизлиги учун ҳайфсан берди. Лекин айбдорлар бўйича асосий баёнот Сардор Умрзоқовнинг иккинчи селекторида янгради. “Вазиятни бу даражага олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди. Айримлари ҳатто ҳозир шу йиғилишда орамизда ўтирибди”, – деди администрация раҳбари жума кунги селекторда.

Умрзоқов сувдан қуруқ чиқишга умид қилаётганлар кимлигига аниқлик киритмади. Лекин битта мисолни аниқ айтди: Олмалиқдаги ғишт заводи газ ҳисоблагичлардаги кўрсаткични ноль қилиб қўйиб, тармоққа ноқонуний уланиб олган. Энг қизиғи, бу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраган. “Прокурорнинг манфаати борми бундай ноқонуний уланишга?” деб савол берди Сардор Умрзоқов.

Маълум бўлишича, Олмалиқдаги ғишт заводи эгаларининг Ангренда ҳам заводи бор. Улар махсус комиссия Олмалиққа келганини эшитиб, дарров Ангрендаги заводни ёпишган. “Аниқланган ҳолатга кўра, уларга ҳам ҳуқуқий баҳо берилиб, жиноий жавобгарликка тортилади. Уларнинг орқасида ким турганигача аниқлаймиз. Ҳокимми, прокурорми ёки солиқчими, ким ноқонуний ҳаракатга тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади”, – деди Президент администрацияси раҳбари. Унинг айтишича, бунақа ҳолатлар ҳамма ҳудудларда бор.

Россиядан газ импорти: “иттифоқ” сўзидан воз кечилди, музокаралар давом этмоқда

Энергетика муаммолари фонида, ҳафта давомида Россиянинг газ иттифоқи ғояси ҳам кун тартибида бўлиб турди. Бу ғояни Қозоғистон рад этгани ҳақидаги хабарлар ортидан, Ўзбекистон ҳам Россия билан газ бўйича ҳамкорлик иттифоқ шаклида бўлишини хоҳламаслигини аниқ билдирди.

“Ҳозирги кунда аллақандай алянс, иттифоқ эмас, қўшни давлатлардан ўз эҳтиёжимиз учун зарур бўлган табиий газ ва электр энергиясини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни қандайдир бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деди бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз расмий баёнотида.

“Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз. Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ”, – деди Мирзамаҳмудов Kun.uz билан суҳбатда.

Бунга муносабат билдирган Кремл расмий сўзловчиси Дмитрий Песков сиёсий шартлар қўйилаётганини рад этди. Россия президенти Владимир Путин эса бу ҳақдаги саволга жавобан аввалдан айтиб келинаётган “союз” сўзини эмас, “алянс” сўзини ишлатди ва бу ҳамкорлик ҳамма учун манфаатли бўлишини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу алянсни яратиш масаласида “енгиб ўтиб бўлмайдиган бирорта тўсиқ йўқ”.

Путин бу сўзларини Бишкекда бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитидан кейинги матбуот анжуманида айтди. У ЕОИИ доирасида ягона газ бозорини яратишга тайёргарлик кўрилаётганини эслатиб, Ўзбекистон ҳам бундан четда турмайди деб умид қилишига шама қилди.

Собиқ метрополия Ўзбекистон ҳақида Ўзбекистоннинг иштирокисиз хоҳлаганча гапираётган бир пайтда, президент Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитида қатнашмагани эътирофга лойиқ. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Мирзиёев Бишкекка 9 декабр куни келишини хабар қилган эди, лекин якунда Ўзбекистон номидан саммитда бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди. Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи кейинроқ, алоҳида ташкил этилади.

“Лукойл” ва “Газпром” Ўзбекистонда қазиб олган газининг 100 фоизини четга олиб чиқиб кетгани тан олинди

Россия масаласи тушунарли, лекин ёнимизда Туркманистон бор-ку, етишмаётган газни улардан сотиб олсак бўлмайдими? Бу саволга жавобан Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, ҳозир ҳам Туркманистондан газ импорт қилиняпти.

“Буни ошириш бўйича улар билан ҳам музокаралар олиб борилган. Маълум келишувларга эришилган, лекин мана кўриб турганингиздек, тўлиқ ҳозирги кундаги эҳтиёжни қондирмаяпти. Туркманистоннинг ҳам қазиб чиқариш ҳажмлари бўйича ўзининг мажбуриятлари бор”, – деди энергетика вазири.

Энергетика тизимидаги расмийлардан бирининг бизга аноним равишда айтишича, Туркманистондан газ импортини оширишнинг айрим жиҳатлари бор. Жанубдаги қўшнимизда ҳақиқатан ҳам газ кўп, лекин улар аввало ўз аҳолиси ва Хитойга газ етказиш бўйича мажбуриятларини бажариши керак. Ўзбекистонга экспортни ошириш учун қазиб олишни кўпайтиришга тўғри келади, бунинг учун инвестициялар ва музокаралар керак. Музокараларда эса Амударё суви масаласи ўртага чиқади. Қолаверса, яна бир омил бор – Ўзбекистонда газ етишмовчилиги йил бўйи эмас, фақат саноқли ойларда кузатилади. Шунингдек, Туркманистондан электр импортини сезиларли оширишга тармоқларнинг ўтказувчанлиги йўл бермайди.

Ўзбекистон ўзида етмаётган газни нега сотяпти, деган саволга эса “Ўзтрансгаз” раиси Беҳзод Норматов жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда табиий газ экспорти юз фоиз тўхтатилган. Бу интервюда Ўзбекистонда махфий шартномалар асосида газ қазиб олаётган Россия компаниялари бўйича муҳим факт эҳтимол биринчи марта тан олинди: авваллари бу компаниялар ўзлари қазиб олган ўзбек газини юз фоиз четга олиб чиқиб кетган.

“4 йил олдинга солиштирадиган бўлсак, экспортимиз 3-4 баробарга камайган, чунки ички истеъмол ошиб боряпти. Улар билан гаплашилади. Олдинлари улар қазиб чиқараётган газ 100 фоиз чет элга чиқиб кетган бўлса, ҳозирги пайтда бу газнинг 15-20 фоизигина йил давомида экспорт қилиняпти. Экспортни асосан ёз, баҳор ва кузнинг бошланишида қиламиз, яъни электр энергия ва газ истеъмоли камроқ бўлган пайтда қилиб берамиз”, – дея тушунтирди Беҳзод Норматов.

Ҳозиргидек ўткир дефицит шароитида расмийлар энергияни тежаш ҳақида ҳам гапиришяпти, ва бу чақириқлар учун доимгидек танқидга учраяпти. Ўчаётган свет, липиллаб ёнаётган газ фонида бундай даъватлар ҳеч кимга ёқмаслиги аниқ. Лекин бу сафар оғзаки даъватлар қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун энергияни исроф қиладиганларга нисбатан амалда ҳам таъсир чораси кўрилиши мумкин.

“Базавий тарифларни ўзгаришсиз қолдириб, маълум бир миқдордан кўпроқ истеъмол қилинган ҳолатларда унинг нархини кескин ошириш бўйича таклифлар берилган. Ҳозирги кунда мазкур таклифлар ҳукумат томонидан кўриб чиқилмоқда”, – деди энергетика вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев.

Kun.uz'нинг энергетика тизимидаги манбасига кўра, вазирлик ҳукуматга таклиф сифатида киритган лимит – ойига 1000 кВт-соатга тенг. Таклифлар орасида баҳоргача шу ойлик лимитдан кўп электр энергия ишлатган хонадонларни кейинги ой бошигача тармоқдан узиб қўйиш варианти ҳам бор.

Манбанинг сўзларига кўра, аҳоли хонадонлари орасида ойига минг киловаттдан кўп электр ишлатадиганларнинг улуши 3-5 фоизни ташкил этади, яъни даромади юқори қатлам. Таклиф этилаётган чора билан, истеъмолчиларнинг мутлақ кўпчилиги учун нархни ўзгартирмасдан, бир неча қаватли уйларда яшовчи бадавлат хонадонларни ҳозиргидек дефицит ва узилишлар шароитида энергияни исроф қилмасликка ундаш кўзда тутилган. “Шундай хонадонлар борки, ойига минглаб кВт-соат электр ишлатади, бу исрофдан бошқа нарса эмас”, дейди биз суҳбатлашган тизим вакили.

Коронавирус пайтида Нурмат Отабеков кундалик баёнотлари билан ҳаммага таниш бўлиб қолган эди. Ҳозирги совуқ кунларда шунга ўхшаш вазифани ўз зиммасига олган Шерзод Хўжаевни ҳам кўпчилик таниб улгурди. Газ-свет мавзусига Хўжаев айтган яхши хабар билан якун ясаймиз. Унинг сўзларига кўра, янги йил байрами кунларида свет ўчмайди. Чунки байрам кунлари таълим муассасалари ва ишхоналар ишламайди, шунинг ҳисобига электр энергиясига талаб сезиларли пасаяди, натижада аҳоли уйларига кўпроқ энергия йўналтириш мумкин бўлади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бу галги дайжестимиз ноодатий равишда деярли битта мавзу – газ-свет хабарларидан иборат бўлди. Чунки бутун ҳафта давомида ўзбекистонликлар учун шундан бошқа мавзулар анча кейинги ўринларда эди. Ҳафтанинг бошқа хабарларини қисқача санаб ўтамиз.

Сенат 2 кунлик саммит меҳмонларини овқатлантиришга 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Сентябрдаги тадбир Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммити эди. Ўзбекистонликлар ҳисобидан дастурхонга тортилган тансиқ таомларнинг номлари аксарият ўзбекистонликлар учун нотаниш.

Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки давлат чегарасини фақат ID-картани кўрсатган ҳолда кесиб ўтадиган тартиб жорий этилиши мумкин. Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг айтишича, бу борадаги келишув Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи пайтида имзоланиши режа қилинган.

Миллий университетдан йўқолган нодир қўлёзмалар иши: кутубхона раҳбари озод қилинди. Апелляция суди Ирина Кислицина китобларни ўзлаштиргани тасдиқланмаган деб топди. Судланувчининг ҳаракатлари ЖК 167-моддаси (талон-торож)дан 207-моддаси (мансабга совуққонлик)га қайта квалификация қилинди.

Тошкентда қиймати 1,1 млн долларлик молиявий пирамида яратган йигит ушланди. 23 ёшли йигит юқори фоиз билан қайтаришни ваъда қилиб, 50 дан ортиқ одамдан катта миқдорда пул йиғиб олган. Одамлар фирибгарнинг 15 кундан 30 кунгача муддат ичида пулларни 18-23 фоизга кўпайтириб қайтариш ваъдасига учган.

Кўчмас мулк ва автомобилни бошқа шахсга ўтказишда давлат божи миқдори ўзгарди. Автотранспортни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи 3 БҲМ бўлди (илгари двигател қуввати, от кучига ва ишлаб чиқарилган санасига қараб 2 БҲМдан 10 БҲМгача эди). Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида уй олди-сотдиси божи 1 БҲМ, бошқа ҳудудларда 0,5 БҲМ деб белгиланди (илгари мол-мулк майдонига қараб 0,5 БҲМдан 3 БҲМгача эди).

Ички ишлар ходимлари Тошкентда яшайдиган икки журналистнинг ижтимоий тармоқдаги комментлари юзасидан уларнинг вилоятда яшайдиган оналарини сўроқ қилди. Воқеа шов-шув бўлгач, вазирлик масъул ходимларга танбеҳ берилганини билдирди. Самарқанднинг Нарпай тумани ва Қашқадарёнинг Қарши шаҳар ИИБ раҳбариятининг “шахсий ташаббуслари” бўлгани айтилди.

Бизнесмен-амалдорлар ўз бизнесини ишончли бошқарувга бериб, давлат ишида ишлашда давом этавериши мумкин. Ишончли бошқарувга берганлик ҳақида ҳужжат қилиб қўйилса бўлгани. Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Айни пайтда, Қизилтепа ҳокими тадбиркорлик билан шуғулланяпти. Унга қарашли фирма тумандаги давлат буюртмаларини қўлга киритган.

Ўзбекистон Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўлини бошқариш ҳуқуқини бой берди. Толиблар Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўлини бошқариш ҳуқуқини “Ўзбекистон темирйўллари”дан олиб, ундан анча арзонроқ нарх таклиф қилган Қозоғистоннинг Mansour Fatih компаниясига берди.

Мавзуга оид