Жаҳон | 14:23 / 12.12.2022
3545
2 дақиқада ўқилади

Россияда бир ҳафта ичида 15 мингга яқин сайт блокланди

"Роскомсвобода" маълумотларига кўра, ўтган ҳафта давомида Россияда 14,8 мингта сайт блокланган. Блоклашнинг аввалги чўққиси 2021 йил апрель ойида Алексей Навалнийнинг таъқиб қилиниши фонида кузатилган эди.

5 декабрдан 11 декабргача бўлган бир ҳафта давомида Россияда 14,8 мингта сайт блокланди. Бу ҳақда 12 декабрь, душанба куни «Коммерсант» нашри блокланган интернет-ресурслар реестридаги маълумотлар қайдини юритувчи «Роскомсвобода» инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига таяниб хабар берди.

Шу билан бирга, 2,1 мингта сайтга кириш (14 фоиз) «номи ошкор этилмаган идора» қарори билан тўхтатилган», дейилади нашр хабарида. «Эҳтимол, бу Бош прокуратурадир, чунки айнан у «тўсатдан» юкламалардан ғойиб бўлган», — деди «Роскомсвобода» матбуот котиби Наталя Малишева. Ўтган ҳафтада блоклашнинг 60 фоизи суд қарорлари билан, яна 12 фоизи Федерал солиқ хизмати талабига биноан амалга оширилди.

Мухолифатдаги сиёсатчи Алексей Навалнийнинг таъқиб қилинишига қарши норозилик намойишлари чоғида бир ҳафта ичида 18,1 мингта ресурсга кириш ёпилган 2021 йил апрелидан бери Россияда бундай оммавий блоклаш ҳолати кузатилмаганди. Бундай қарорларнинг яна бир чўққиси 2018 йилнинг апрель ойида кузатилган: Telegram мессенжерини блоклашга уринишлар фонида 13,4 мингта саҳифага кириш имкони ёпилган.

«Роскомсвобода» маълумотларига кўра, ҳозиргача, 2022 йил давомида Россия расмийлари ҳафтасига 1,5 мингтадан 7 мингтагача сайтни блоклаган, бу борада ўртача кўрсаткич 4,9 мингтани ташкил қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид