Ўзбекистон | 15:18 / 13.12.2022
15101
2 дақиқада ўқилади

Айрим тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан даволаш-профилактика муассасалари илмий даражага эга бўлган ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Фото: Shutterstock

Давлат даволаш-профилактика муассасаларида тиббиёт соҳасида илмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган илмий даражага эга тиббиёт ходимларига ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўлаш тартиби белгиланди.

Муассасалар фан доктори (Doctor of Science), фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган ходимларига асосий иш жойи бўйича ҳар ойлик қўшимча ҳақ белгиланади.

Ходимга қўшимча ҳақ унинг жорий йил (календарь йил) мобайнидаги фаолияти натижалари таҳлилига асосан келгуси йил учун белгиланади.

Қўшимча ҳақ миқдори ходим эгаллаб турган лавозимига мутаносиб равишда, бироқ бир ставкадан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳар ойда ҳисобланадиган лавозим маошига нисбатан белгиланади.

Ходим бир нечта муассасада қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномаси асосида фаолият юритаётган бўлса, у асосий иш жойи бўйича қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қўшимча ҳақ миқдори бир ойда – фан номзоди ёки фалсафа доктори илмий даражасига эга ходимлар учун лавозим маоши 30 фоизидан ҳамда фан доктори илмий даражасига эга ходимлар учун лавозим маоши 60 фоизидан ошмаслиги керак. 

Низом талаблари ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлари қўшимча ҳақ оладиган тиббиёт ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид