Жаҳон | 18:53 / 13.12.2022
12190
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистонда «кўмир ўғирлаш» иши бўйича гумонланувчилар исми ошкор этилди

Хитойга кўмир сотиш билан боғлиқ коррупция иши туфайли ўтказилган намойишларда шундай талаб қўйилган эди.

Фото: AP

Мўғулистоннинг Коррупцияга қарши кураш агентлиги йирик миқдорда кўмир ўғирланишига алоқадорлиги айтилаётган шахслар исмини эълон қилди.

Улар орасида мамлакатнинг собиқ президенти Халтмаагийн Баттулга ҳам бор.

Гумондорлар рўйхатига президент девонининг собиқ раҳбари Шижир, собиқ йўл ва транспортни ривожлантириш вазири Ганбат, амалдаги парламент депутати Адясурен, амалдаги парламент аъзоси Бат-Эрдене, амалдаги парламент депутати ва Омногов вилоятининг собиқ губернатори Нааранбатир ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар, депутатлар, кўмир соҳаси корхоналари раҳбарлари киритилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош разведка бошқармаси ва Полиция бош бошқармасидан иборат қўшма тезкор гуруҳ томонидан кўмир қазиб олиш ва сотиш, давлат маблағлари ҳисобига маҳсулот ва хизматлар харид қилиш ҳолатлари юзасидан текширувлар олиб борилмоқда.

Ҳозирда 22 та ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари бошланган. 47 та объектда тинтув ўтказилган, 15 киши қўлга олинган, 10 киши тергов изоляторида сақланмоқда. Ҳозиргача 35 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда оммавий норозилик акциялари ўтказилиб, унинг иштирокчилари амалдорларни кўмир экспортида коррупция ва фирибгарликда айблаган эди. Кўмир Мўғулистон бюджетидаги энг йирик манба ҳисобланади. Бир неча кун давом этган намойишларда одамлар ҳукумат биносига бостириб киришга уринган, президент расмий қароргоҳига ҳам киришга уринган, оқибатда куч ишлатар органлар билан тўқнашувлар келиб чиққан эди.

Мавзуга оид