Ўзбекистон | 18:55 / 13.12.2022
30067
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: “Тошкент шаҳрида свет-газ муаммоси бўлмаслиги керак”

“Тошкентдаги ҳамма муаммоларни шахсан ўзим кузатиб бораман. Нафақат Тошкент, бутун мамлакат бўйича ўрганиб бораман. Свет, газ муаммоларини яхши биламан. Тошкент шаҳрида свет-газ муаммоси бўлмаслиги керак. Ҳаммаси етарли даражада ажратилган, фақат ўз ўрнида ишлатишни билиш керак”, – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Чилонзордаги иссиқлик марказида / Фото: Президент матбуот хизмати

Учтепа туманидаги қатор объектларни кўздан кечирган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев айни пайтда туман фаоллари ва мутасаддилар билан учрашиб, муаммоларни муҳокама қилмоқда.

“Ҳамма нарсанинг ечими маҳаллада. Мен ҳам президент бўлсам-да, маҳаллада яшайман, менинг маҳалламда ҳам раис бор. Маҳалла раисидан: “Баҳодир ака, ишларингиз яхшими? Маҳаллада нима гаплар? Менга қандай саволлар бор?” деб сўраб тураман. Тошкентдаги ҳамма муаммоларни шахсан ўзим кузатиб бораман. Нафақат Тошкент, бутун мамлакат бўйича ўрганиб бораман. Свет, газ муаммоларини яхши биламан. Тошкент шаҳрида свет-газ муаммоси бўлмаслиги керак. Ҳаммаси етарли даражада ажратилган, фақат ўз ўрнида ишлатишни билиш керак”, – деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев йилдан йилга электр энергиясига эҳтиёж ортиб бориши, аввало замонавий технологияларни жорий этиш кераклигини таъкидлади.

“Мана, бугун борган қозонхонамизни қаранг. Ярим туманнинг свети кетади у ерга. Янги технологияларни жорий қилишни жадаллаштиришимиз керак.

Бундан ташқари, 34 та йирик электр аккумуляторларини келтирмоқчимиз. Бу барқарор электр энергия билан таъминлашга ёрдам беради. Ҳар бир туманга тарқатамиз. Албатта, қийинчиликлар бор. Лекин сабр билан, муаммоларнинг ечимини излаб топиб, бу синовларни енгиб ўтишимиз керак”, – деди давлат раҳбари йиғилганларга қарата.

Мавзуга оид