Ўзбекистон | 18:20 / 14.12.2022
16172
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда жами 171 киши айбланмоқда — Бош прокуратура

28 ноябрь куни Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланганди. Бош прокуратура яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил 1-2 июль кунлари оммавий тартибсизликлар содир этилгани ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 нафар шахс айбланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура Қорақалпоғистон воқеаларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган Мустақил комиссия сўровига жавобан маълум қилди.

Қайд этилишича, жиноят иши доирасида дастлаб 516 нафар шахс ушланган бўлиб, шундан 5 нафарига нисбатан уй қамоғи ҳамда 166 нафарига нисбатан ЖКда кўзда тутилган жиноятлари учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган. Қолган ҳуқуқбузарларга нисбатан эса суд томонидан маъмурий жавобгарлик доирасида қамоқ жазоси тайинланган.

Қамоққа олинган 107 нафар айбланувчига нисбатан қўлланган эҳтиёт чоралари Мустақил комиссия, жамоатчилик сўрови ва кафиллиги ҳамда депутатлик корпусининг киритган илтимосномалари асосида ўзгартирилган. Уларнинг 10 нафарига уй қамоғи, 97 нафарига эса жамоа кафиллиги эҳтиёт чоралари қўлланган ва қамоқдан озод қилинган. Тергов давомида уй қамоғидаги яна 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳам эҳтиёт чораси жамоа кафиллигига ўзгартирилган.

Таъкидланишича, жиноят ишининг 22 нафар шахсга оид бўлган қисми (20 нафарига қaмoқ, 1 нафарига жамоа кафиллиги вa 1 нафар уй қамоғи қўлланган) айблов хулосаси билан тамомланиб судга юборилган, қолган айбланувчилар ва бошқа ҳолатлар юзасидан жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган.

“Алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланмоқда, иш бўйича 39 нафар айбланувчи қамоқда сақланмоқда”, дейилади Бош прокуратура томонидан Мустақил комиссияга тақдим этилган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида рўй берган тартибсизликлардан кейин, президент Қорақалпоғистон ҳудудида бир ой муддатга фавқулодда ҳолат режими жорий этганди.

Июл ойида Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузилгани, унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилишини хабар қилганди. Мустақил комиссия аъзолари 15 август кунидан яна иш бошлаганди.

Аввалроқ Мустақил комиссия Бош прокуратурага мурожаат қилиб, Қорақалпоғистон воқеаларига доир суд жараёнларида иштирок этиш давомида юзага келаётган ва кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатларга ойдинлик киритишни сўраганди.

Мавзуга оид