Ўзбекистон | 15:24 / 15.12.2022
5497
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ахборот кодекси лойиҳаси эълон қилинди

“Ахборот кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун ва иловаси ҳисобланувчи Ахборот кодекси лойиҳаси эълон қилинди. 

Қонун лойиҳаси 50 та манфаатдор вазирлик ва идорадан келишувдан ўтказилган бўлиб, бешта моддадан ташкил топган. Қонунга илова тарзида 4 та бўлим, 14 та боб, 131 та моддадан иборат бўлган Ахборот кодекси тасдиқланмоқда.

Ахборот кодексида қуйидаги саккизта қонун ўзаро унификация қилиш орқали тизимлаштирилган: “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун; “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун; “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонун; “Болаларни уларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун; “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги тўғрисида”ги қонун; “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун; “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун; “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун.

Кодекс лойиҳасига кўра, конституцияга мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга. 

Ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамият ахлоқий қадриятлари, мамлакат маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин.

Ахборот олиш эркинлиги асосий принциплари: очиқлик, ошкоралик, ахборотдан эркин фойдаланиш ва ҳаққонийлик. Ахборот очиқ ва ошкора бўлиши керак, махфий ва конфиденциал ахборот бундан мустасно. Махфий ва конфиденциал ахборотга қуйидагилар кирмайди:

  • фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонунчилик ҳужжатлари;
  • очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар;
  • экологик, метеорологик, демографик, санитария-эпидемиологик, фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда аҳоли, аҳоли пунктлари, ишлаб чиқариш объектлари ва коммуникациялар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ахборотлар;
  • ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар, идоравий архивлар ва Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган юридик шахсларга тегишли ахборот тизимлари очиқ фондларидаги мавжуд маълумотлар.

Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият манфаатларига тааллуқли воқеалар, фактлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида қонунчиликда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига хабар бериши шарт.

Ахборот ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги таъминланган бўлиши керак. Ахборот мулкдори, эгаси ахборот беришни рад этгани, нотўғри маълумот бергани устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ахборот аниқ ва ҳаққоний бўлиши керак. Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатувчилар, блогерлар ўзлари тарқатаётган ахборот ҳаққоний эмаслиги учун ахборот манбаси ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Мавзуга оид