Жаҳон | 22:29 / 16.12.2022
25717
3 дақиқада ўқилади

Украина бош қўмондони Россия Киевга яна ҳужум қилиши мумкинлигини айтди

Валерий Залужний урушнинг кейинги босқичи ҳақида гапирди. 

Ukrainian Presidential Press Off/Keystone Press Agency/Global Look Press

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия яна бир бор Киевга етиб келишга уриниб кўриши мумкинлигини айтди.

«Россияликларнинг сафарбарлиги иш берди. Уларнинг муаммолари жуда ёмонлиги ва бу одамлар жанг қилмаслиги ҳақидаги гаплар тўғри эмас. Улар урушади. Шоҳ уларга жанг қилишни буюрди ва улар жангга киради. Бизнинг баҳоларимизга кўра, уларнинг захирасида 1,2–1,5 миллион киши бор… [Ҳозир] россияликлар 200 мингга яқин янги аскарларни тайёрламоқда. Мен улар Киевга етиб келиш учун яна бир бор уриниб кўришига шубҳа қилмайман», — деган Залужний The Economist учун берган интервюсида.

Украиналиклар бош қўмондони фикрича, урушнинг кейинги босқичи кейинги йилда бошланади ва нисбатан фаол ҳарбий ҳаракатлар билан кечади. «Энг яхши ҳолатда мартда [бошланади] энг ёмон ҳолатда эса — январ ойи охирида», — деган у.

Залужний шунингдек Украина қуролли кучларида ҳозирда учта асосий вазифа борлигини айтган: ҳозирги чегараларни сақлаб қолиш, урушнинг кейинги босқичи учун захираларни тўплаш ва армияни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва ракета зарбаларига қарши тизимлар билан таъминлаш, хусусан, Украина фуқаролик инфратузилмаларини ҳимоя қилиш.

«Менимча, биз нозик чизиқда кетяпмиз. Агар [энергия тизими] вайрон қилинса… у ҳолда аскарларнинг рафиқалари ва болалари музлай бошлайди. Ва бу ҳолатда жангчиларнинг кайфияти қандай бўлади, тасаввур қиляпсизми? Сувсиз, токсиз ва иссиқсиз ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун захиралар тайёрлаш ҳақида гап бўлиши мумкинми?» — деган бош қўмондон.

Шу билан бирга, Залужнийнинг Украина Россия уруш бошидан бери босиб олган ҳудудларни қайтариб олишига ишончи комил. Бунинг учун, бош қўмондоннинг сўзларига кўра, Украинага қўшимча 300 танк, 600-700 та пиёдаларнинг жанговар машиналари ҳамда 500 та гаубица керак бўлади.

  • Ёз охирида — куз бошларида Украина қарши ҳужумга ўтган, натижада катта ҳудудларни, жумладан Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан буён эгаллаган ягона област маркази бўлиб турган Херсонни озод этганди. Ноябр ойи охирида фронтда барқарорлик юзага келди, бунинг сабабларидан бири кузги лойгарчилик бўлди.
  • Декабр ойида бутун туташув чизиғи бўйлаб турли интенсивликдаги жанглар давом этаётганига қарамай, экспертлар можаро томонларидан бирининг сезиларли ютуқларга эришишини кутмаяпти. АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Аврил Ҳейнснинг сўзларига кўра, фаол ҳарбий ҳаракатлар баҳорга бориб тикланади, Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш экспертларининг эса бу қишдаёқ рўй беришига ишончи комил.

Мавзуга оид