Ўзбекистон | 12:02 / 20.12.2022
16752
2 дақиқада ўқилади

Она тилини билишни мажбур қилиш керак — Шавкат Мирзиёев

2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратиш ҳақида гапирди.

«Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда». Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади.

Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.

Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман», — деди президент.

Ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоад́а ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. 

«Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак! 

Бу борада, президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “Эй-Лэвэл” таълим дастури йўлга қўйилгани, ўз самарасини бермоқда.

2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз.

Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.

Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак.

“Менинг фарзандим чет тилларини биладию, она тилини билмайди”, деган гап Янги Ўзбекистонга маъқул эмас. Чет тилини билиши керак, лекин она тилини билишга мажбур», — деди давлат раҳбари.

Келаси йили 70 та янги мактаб қурилиши, 460 таси кенгайтирилиши, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланиши, келаси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид