Жаҳон | 10:32 / 22.12.2022
5022
2 дақиқада ўқилади

«Навалний» фильми «Оскар» учун номзодлар рўйхатига кирди

«Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида бош соврин учун 15 та фильм кураш олиб бормоқда.

Фото: awardswatch

«Навалний» ҳужжатли фильми «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида «Оскар» киномукофотига номзодлар рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда 21 декабрь, чоршанба куни The Hollywood reporter хабар бермоқда. Айни пайтда бош совринга даъвогарлар рўйхатида 15 та ҳужжатли фильм бор. «Оскар» мукофотини топшириш 2023 йил 12 мартга белгиланган.

Канадалик режиссёр Дэниэл Роэр фильм устида Навалний Берлиндаги "Шаритэ" клиникасида даволанаётганда ва 2021 йил январида мухолифат етакчиси Россияга қайтиб кетганида ишлаган.

Фильм премьераси 2022 йил январь ойида бўлиб ўтган. Фильмда 2020 йил август ойида россиялик мухолифат етакчисининг заҳарланиши билан боғлиқ воқеалар, жумладан Навалнийнинг Германияда даволаниши ва реабилитацияси, унинг нима бўлганини текширишга уриниши ва Москвага қайтишга қарор қилган сиёсатчининг ҳибсга олиниши ҳақида ҳикоя қилинади. 

Лента аллақачон «Ҳужжатли фильм» номинациясида «Томошабинлар мукофоти»ни, шунингдек, АҚШнинг Sundance мустақил кинофестивалида томошабинлар фикрига кўра фестивалнинг энг яхши фильми (Festival Favorite Award) мукофотини қўлга киритган. «Навалний» фильми Американинг CNN телеканали, Британиянинг BBC Two телеканали ва HBO Max стриминг хизматида намойиш этилди.

Номзодлар рўйхатида «Барча гўзаллик ва қон тўкилиши» ва «Жейн ҳаракати» сиёсий ҳаракати фаоллари – аёллар ҳақидаги фильмлар, мусиқачи Леонард Коэн ҳақидаги «Аллилуйя: Леонард Коэн, саёҳат, қўшиқ», Вьетнам ҳақидаги «Туман фарзандлари» фильмлари ҳам бор.

Мавзуга оид