Жаҳон | 18:51 / 22.12.2022
39106
11 дақиқада ўқилади

Зеленскийнинг АҚШга сафари. Асосий маълумотлар

Украина президентининг уруш давридаги илк хорижий сафарига қатъий махфийлик шароитида тайёргарлик кўрилди. У Вашингтонда Байден билан музокаралар ўтказди, унинг Конгрессдаги чиқиши олқишлар билан қаршиланди.

Уруш давридаги илк хорижий сафар

PRESIDENT OF UKRAINE

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён илк марта мамлакатни тарк этди. 21 декабр куни украинлар етакчиси олдиндан эълон қилинмаган расмий ташриф билан Вашингтонга борди. Politico нашри хабарига кўра, томонлар бир неча ҳафта мобайнида тор доираларда ушбу эҳтимолий ташриф деталларини муҳокама қилишган. CNN манбаси Зеленскийнинг атрофидаги кишилардан бирига асосланиб хабар қилишича, Россия томонидан украинлар етакчисига суиқасд содир этилиши хавфи туфайли АҚШда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ҳужум хавфи туфайли на юқори мартабали амалдорлар ва на Украинанинг АҚШдаги элчихонаси ходимлари ташриф графигидан бохабар бўлишган. 

Associated Press маълумотига кўра, Зеленский маҳаллий вақт билан 21 декабр куни тушда «Эндрюс» авиабазасига қўнган.

Украинлар президенти аввалига поезд орқали Полшанинг Жешув шаҳрига ўтган, у ердан АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари самолёти орқали Вашингтонга парвоз қилган. Унга сафар давомида АҚШнинг Украинадаги янги элчиси Брижит Бринк ҳамроҳлик қилди.

Расмий ташриф дастури аввалида Зеленскийни Оқ уйда президент Байден ва рафиқаси кутиб олди. Бу кадрлар Америка телевидениеси жонли эфирида намойиш этилди.

Учрашувнинг очиқ қисмида Зеленский Байденга Украинага ёрдам учун миннатдорчилик билдирди, шунингдек унга айни вақтда фронтнинг энг хавфли участкаси бўлиб турган Бахмут атрофида жанг қилаётган қисмлар таркибидаги HIMARS батареяси капитани бериб юборган нишонни топширди.

«Путин олиб бораётган шафқатсиз, ўта шафқатсиз урушдан биргаликда ҳимояланишда сиз билан ёнма-ён туриш мен учун катта шараф», деди Байден бунга жавобан.

«Аллақачон 300 кун ўтганига, Путин украиналикларнинг миллат сифатида яшаш ҳуқуқини қўпол равишда поймол қилганига ва Украина халқига фақат қўрқитиш учун ҳужум қилганига ишониш қийин», дея қўшимча қилди Байден.

АҚШнинг ёрдами давом этади

Икки президент учрашуви икки соатдан ортиқроқ вақт давом этди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Володимир Зеленский президент Байден Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўз ичига олган янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини тасдиқлагани ҳақида ҳам гапирди.

«Мен уйга яхши хабарлар билан қайтаман, қарийб 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилади, бу пакетдан бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз имкониятларини кучайтирувчи Patriot тизимлари ҳам ўрин олган», деган Украина президенти.

Қўшма матбуот анжумани вақтида Байден АҚШ Украинани қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлашини таъкидлади. У Россиянинг Украинанинг аҳоли яшаш манзиллари ва энергетика инфратузилмаларини ўққа тутаётгани ҳақида гапириб, Путин қишдан қурол сифатида фойдаланишга уринаётгани, Россия «одамлар уруш ва очликдан азоб чекиши ва бўлиниши» учун қишда Украинанинг инфратузилмаларига зарба бераётганини айтган.

Бундан ташқари, Байден Американинг Конгрессдаги икки партияси ҳам украинларни қўллаб-қувватлашига ишонтириб, Европадаги иттифоқчилар, Япония ва бошқа давлатлар билан биргаликда Украинага зарур гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишини, жумладан замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳисобланган Patriot тизимларини етказиб беришини билдирган. 

Шунингдек, Байден Украинанинг ўз эркинлиги ва мустақиллиги учун олиб бораётган курашининг бутун дунё учун аҳамиятини таъкидлаб, украин халқининг жасоратига юксак баҳо берди.

Ўз навбатида, Зеленский АҚШ ва иттифоқчиларга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдириб, бу ёрдамнинг ҳар бир доллари хайрия эмас, балки халқаро хавфсизлик учун инвестиция ҳисобланишини айтди. Украина президенти украинларнинг ўз эрки ва мустақиллиги учун курашда қатъий эканини таъкидлади.

Alex Wong / Getty Images

Байден европалик иттифоқчилар ёрдамига шубҳа қилмаяпти

АҚШ Украина иттифоқчилари коалицияси нақадар мустаҳкам экани ҳақидаги саволга жавобан Байден АҚШ бу борада муаммо кўрмаётганини айтди.

«Биз Иккинчи жаҳон урушидан буён Европа давлатига йирик босқинга гувоҳ бўлмагандик. [...] Биз ўртага суверенитет ғояси қўйилганини тўғри англаймиз. Путин НАТОни заифлаштираман деб ўйлаганди, аммо у алянсни кучайтирди. У НАТОга бирдамлик олиб келди, Финландия ва Швеция қўшилишига сабабчи бўлди», - деган Байден.

CNN мухбири Байдендан АҚШдагилар Украинага Patriot комплекслари етказиб бериши ортидан Россия томонидан эскалация юзага келтирилиши эҳтимоли ҳақида қандай фикрда эканини сўраган. Президент бундай деб ўйламаслиги, чунки Patriot мудофаа қуроли эканини айтган.

Украинанинг «Интер» телеканали мухбири президентлардан улар урушнинг «адолатли» якунини қандай кўришлари ҳақида сўраган.

Саволга биринчи бўлиб жавоб қайтарган Володимир Зеленский Украинанинг тинчлик музокараларидаги асосий шарти - ҳудудлар қайтарилиши ва етказилган зарар қопланиши бўлишини айтган.

«Президент сифатида мен учун адолатли тинчлик - бизнинг ҳудудларимиз бўйича муросасизлик ва барча йўқотишларнинг қоплаб берилишидир. Россия бизга, Европага ва бутун цивилизация дунёсига қарши қилган барча иши учун жавоб бериши керак. Биз АҚШга якунда тинчликка олиб бориши мумкин бўлган шундай чоралар кўришни таклиф этдик», деган у.

Байден Қўшма Штатлар тинчлик шартлари масаласида Украинанинг позициясига қўшилишини қўшимча қилган. «Биз Зеленский билан мутлақо бир хил фикрдамиз», деган Америка президенти.

Путинга жавоб қайтариш ва нацизм билан кураш хотираси

Фото: Ting Shen / Bloomberg / Getty Images

Байден билан учрашувдан кейин Зеленский Конгрессда чиқиш қилди. Ўзининг 20 дақиқалик нутқида президент Украинадаги уруш натижаси бутун дунё келажаги учун муҳим эканини таъкидлади.

АҚШ Конгрессидаги икки палата вакиллари қаршисидаги чиқишида Зеленский яна бир бор америкаликларга урушдаги ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, Украинанинг ва бутун эркин дунёнинг ғалабаси учун украинлар ҳам, иттифоқчилар ҳам бардошли бўлиши талаб этилишини таъкидлади.

Зеленский яна бир бор ҳозирги урушни ва Путин Россиясини Иккинчи жаҳон уруши ва Ҳитлер Германияси билан қиёслади.

«Улар бизга қарши барча нарсани ташлади, худди бир вақтлар шундай тирания қилгани каби ... Эркин дунёга қарши ўзларида бор нарсани ташлашди. 1944 йил Рождество кунларида мудофааланган ва Ҳитлер қўшинларини чекинтирган жасур америкаликлар каби баҳодир украин жангчилари ҳам бу йилги Рождествода Путин қўшинларига қарши мардонавор курашмоқда. Украина ўз позицияларида дадил туриб бермоқда ва ҳеч қачон таслим бўлмайди. Биз ғалаба қозонамиз, чунки биз бирдаммиз: Украина, АҚШ ва бутун эркин дунё», деди Зеленский.

Бу сўзлардан кейин конгрессменлар яна бир бор ўринларидан қалқишди ва тик оёқда Зеленскийни олқишлашди.

Зеленский инглиз тилида нутқ сўзлади ва унинг «ҳеч қачон таслим бўлмаслик» ҳақидаги ибораси (will never surrender) Уинстон Черчиллнинг ўша машҳур Фултон нутқига ишорадир.

Ўз чиқиши якунида Зеленский яна бир бор америкаликларга миннатдорчилик билдирди ва Бахмутдан олиб келинган украин байроғини туҳфа этди.

Зеленский АҚШ Конгрессига Бахмутдаги украин аскарлари бериб юборган байроқни топширди

Patriot қандай қурол?

Зеленскийнинг ташрифи арафасида АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди, бу ёрдам Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳам ўз ичига олади.

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен чоршанба куни бу пакет ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг айрим жиҳатлари олдинроқ матбуотга чиқиб кетганди, аммо бу маълумотлар тўлиқ ҳолда илк бор эълон қилинди:

  • Пакет 1,85 млрд доллар қийматга эга бўлиб, у Украина қуролли кучлари учун илк бор Patriot тизимлари етказиб беришни кўзда тутади;
  • Чоршанба куни Давлат департаменти бу пакет доирасида бир миллиард доллар маблағ ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, шунингдек юқори аниқликдаги зарба бериш воситалари ҳамда ўқ-дорилар учун ажратилишини маълум қилди.
  • Пакетнинг иккинчи қисми - 850 млн доллар маблағ, мудофаа вазирлигининг Украинага ёрдам дастури доирасида ажратилган.
  • Эндиликда АҚШдан Украинага етказилган ҳарбий ёрдамининг умумий миқдори Жо Байден маъмурияти бошқаруви давридаги мисли кўрилмаган даражадаги 21,9 млрд долларга етди.
  • АҚШ бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ ҳамкорлар билан Россия қўшинлари Украина ҳудудидан олиб чиқилгунига қадар ушбу мамлакатга исталган ёрдамни кўрсатиш устида ишлашда давом этади.

Patriot - украинларга иттифоқчилар томонидан берилаётган энг кучли ва замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекси ҳисобланади. Россиянинг Украинадаги муҳим инфратузилмаларга зарба беришда давом этаётгани туфайли Киев бундай илғор тизимга катта эҳтиёж сезмоқда. CNN телеканалининг Пентагондаги манбасига кўра, Украин ҳарбийлари Patriot комплексларида ишлашни ўрганиши учун бир неча ой талаб этилади.

Бу ҳужум қуроли эмас, мудофаа қуролидир. У 80 километр масофадан туриб 20 километргача бўлган баландликдаги нишонни йўқ қила олади. Patriot товуш тезлигида учувчи ракеталарни ҳам аниқлаб, йўқ қилиши мумкин. Тизим бир вақтнинг ўзида 125 та нишонни кузатиб, бир вақтда уларнинг 6 тасига зарба бера олади. Унинг радарлари жуда кучли экани билан ажралиб туради.

Patriot’нинг асосий хусусиятларидан бири оддий ракеталар ва самолётлардан ташқари товуш тезлигида учувчи баллистик ракеталарни ҳам йўқ қила олишидадир. Россиянинг айнан шундай турдаги ракеталари Украинага уруш бошидан буён энг катта муаммо бўлиб келмоқда. Баллистик ракеталар оддий ракеталар каби ер устидан учиб бормайди. У катта баландликка кўтарилиб вертикал тарзда нишонга урилади. Уларни оддий зенит комплекслари тута олмайди, Patriot’нинг асосий устунлиги уларни ура олишидадир.

Охирги маркадаги PATRIOT PAC-3 ракета комплекслари Россиянинг асосий қуроллари бўлмиш «Искандер», «Кинжал» ва «Циркон» ракеталарини йўқ қила олади.

Patriot’ни ишлаб чиқариш устида 1980-йилларда иш бошланган. Ундан илк марта 1990-йиллардаги Форс кўрфазида бўлган урушларда фойдаланишган. Тизимнинг яна бир устунлиги тезда жанговар тайёр ҳолатга келишидадир. Patriot юқорида айтилганидек, бир неча нишонга бир вақтнинг ўзида зарба бера олади, кам хато қилади, уни чалғитиш қийин. Охирги такомиллаштирилган вариантдаги Patriot тизимлари нишонга олинган ракетани аниқ чўтлаб йўқ қила олади.

Мавзуга оид